Қурон хатми

19:39 / 14.08.2020 | Gulhayo | 6634
Ассалому алайкум! Қуръон хатм қилинаётганда “Бақара”ни 50- оятини ўқиб, кейин хатм дуосини ўқиш керакми?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!

«Хатм» тугатиш, якунлаш деган маънони билдиради. «Хатми Қуръон» деганда Қуръони Каримни бошдан-оёқ тўлиқ ўқиб чиқиш тушунилади. Бирорта сура ёки оят ташлаб кетилса, том маънода хатм ҳисобланмайди. Шунингдек, Қуръонни ўзи нозил бўлган тилда – араб тилида ўқиб чиқилгандагина, хатми Қуръон қилган ҳисобланади, таржима ё тафсирини ўқиб чиқиш, гарчи буюк ажру савобларга эга амал бўлса да, хатми Қуръон саналмайди. Чунки Қуръоннинг маъноси ҳам, лафзи ҳам Аллоҳ таолодан. Уни бошқа тилга ўгирилганда маъноси ифода топса ҳам, лафзи ўзгаради, бузилади ва Қуръонлиги йўқолади. 

Хатми Қуръон қилиш суннат амалдир. Ҳар бир мусулмон Қуръонни хатм қила олиш билимига эга бўлиши шарт. Уламоларимиз айтадиларки, мусулмон киши Қуръонни узоғи билан қирқ кунда ёки бир ойда бир марта хатм қилиши керак, хатм муддати бундан ўтиб кетса, макруҳ иш қилган бўлади, макруҳ амалнинг гуноҳи бўйнига тушади. 

Хатми сағир одатда хатмнинг якунида ўқилади. Хатмда аввал биринчи хатм тугатилиши керак. Фотиҳа ва Бақарадан ўқиш эса, янги хатмнинг бошланиши ҳисобланади. Хатми сағирни агар хатм сўнгида қилинса, аввал охирги суралар ўқилиб, кейин янги хатм Фотиҳадан бошланади. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф далил бўлади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: قَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَيُّ الْعَمَلِ أَحَبُّ إِلَى اللهِ؟ قَالَ: «الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ». قَالَ: وَمَا الْحَالُّ الْمُرْتَحِلُ؟ قَالَ: «الَّذِي يَضْرِبُ مِنْ أَوَّلِ الْقُرْآنِ إِلَى آخِرِهِ، كُلَّمَا حَلَّ ارْتَحَلَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ وَالدَّارَمِيُّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қи¬линади:
«Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, қайси амал Аллоҳга энг маҳбуб?» деди. «Тушиши билан қайта жўнайдиган», дедилар. «Тушиши билан қайта жўнайдиган нима дегани?» деди. «Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб келиб, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетадиган», дедилар».
Термизий, Ҳоким ва Доримий ривоят қилишган.
Бу ҳадисда Қуръонни хатм қилиб юрувчи киши бир манзилга қўниб, яна йўлда давом этадиган мусофирга, сайёҳга ўхшатилган ва бу Аллоҳга энг маҳбуб амаллардан экани уқтирилган. Бундан Қуръонни хатм қилган киши янги хатм бошлаб қўйиши мустаҳаблиги келиб чиқади. Аммо бу ерда янги хатмдан қанча ўқиш ҳақида ҳеч гап айтилмаган. Бу ҳақда имом Муҳаммад ибн Жазарий  ўзининг ва бошқа қироат имомларининг санадлари орқали Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисга кўра, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога Қуръондан таълим бера туриб, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Қуръонни хатм қилиб бераётганида: «Ал-ҳамду»дан ва «Бақара»нинг беш оятидан бошлаб ўқиб қўй. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ҳам у зотга хатм қилиб берганимда худди шундай қилдирганлар», деб айтган.
Бу хатм сўнгида хатми сағир қилиш ҳақидаги сўзлардир. Аммо хатм сўнгида эмас, шунчаки мустақил тиловат, зикр мазмунида мазкур сураларни ўқилса, унда икки сурат ҳам мумкин. Аввал қисқа сураларни ўқиб, кейин Фотиҳа ва Бақарадан ўқиса ҳам, Фотиҳадан бошлаб, мазкур сура ва оятларни мусҳафдаги тартиби бўйича ўқиса ҳам бўлаверади. Ҳар иккисида ҳам суралар тартиби бузилмаган ҳисобланади.
Фуқаҳолар намознинг биринчи ракатига Ан Нас сурасини зам сура қилган киши иккинчи ракатга Бақаранинг аввалидан ўқиш кераклигини айтганлар. Бу билан тартибга риоя қилиш назарда тутилган.  Бу ҳам юқоридаги фикрни қувватлайди. Валлоҳу аълам.