Ҳаром луқма

03:37 / 25.08.2020 | Yulduz | 714

Ассалому алайкум! Бу савол барча учун муҳим деб ўйлайман. Саволим шуки: ҳали гапга тушинмайдиган 2-3 ёшли, вояга етмаган фарзандларимизга колбаса, сосиска маҳсулотларини емасликни қандай ўргатсак бўлади. Оила аъзоларни кўпчилиги бу нарсаларга эътибор беришмайди, тушунтирганни ҳам фойдаси йўқ. Айниқса қайнона-қайноталар фарзандларимизга едиришса, берманг дейишга ноқулай бўлади, ёки ўртада тортишув келиб чиқади. Ёш болага тушунтириб бўлмаса, кўрган нарсасини ейман деб туриб олса... Ҳалол ишлаб чиқарилганидан олинг, дейишингиз мумкин, лекин уйдагилар умуман аҳамият беришмайди ва ҳалолини ҳам қидириб ўтиришмайди. Бирон бир чораси борми? Ёки фақатгина Аллоҳдан ҳаром луқмаларни бизга насиб этмасликни сўраш билан кифоялансакмикан?

Педагог:

– Ва алайкум ассалом! Катталар ҳалол, ҳаромни тушунмаётган экан, болага тушунтирганингиз билан тушунмайди, дастурхонда катталар ўша нарсани еб ўтиришса, болага қандай қилиб ема дейсиз? Ундан кўра колбаса тайёрланиш жараёнлари, ишончли бўлмаган колбаса маҳсулотлари нимадан ва қай тартибда тайёрланиши ҳақидаги маълумотларни тўплаб, катталарга турмуш ўртоғингиз орқали бўлса ҳам етказиш керак. Ва албатта Аллоҳдан ҳалол ризқ билан ризқлантиришини сўраш керак. Намозларингизда Аллоҳдан оила аъзоларингизга ҳалол луқма насиб этишини, қулфи диллари очилиб, ибодатга шошиб қолишларини, Аллоҳ розилиги учун амаллар қиладиган бўлишларини сўраб дуо қилишингизни маслаҳат берамиз.