Ислом психологлари ва илмий психологлар

14:15 / 05.12.2023 | Munisa Amonova | 28

Ассалому алайкум! Мен олий малумотлиман. Ҳозирда психология, психотерапия, психосаматика йóналишларида устоз тутиб óрганяпман. Динимни ҳам доимий ўрганаман. Саволим шуки илмий психология ва исломий психологиянинг фарқи нимада? Мен ҳозир классик илмий психология йўналишида óқияпман. Бизга болалар психологиясидан бошлаб ўргатилган ва ҳар бир руҳий ҳолатдаги муаммонинг илдизи болалик билан бўғлиқлиги ўргатилган. Зигмунд Фрейд психоанализи асосида ўқитилган. Лекин ҳозирда ислом психологлари Зигмунд Фрейд назариясини рад этишяпти, муаммони болаликка тақашни ҳам рад этиб ташлашган. Биз мижоз келганида уни муаммосини албатта қачон бошлангани, болалигини албатта сўраймиз, ота онасини ҳаётини қандай ўтган албатта сўраймиз. Лекин ўзбек ислом психологлари ота онанинг ҳаётини сўраб хулоса чиқаришни ва ота онага нисбатан нафрат туйғусини билан ишлашни рад этишяпти. Лекин бу реал ҳаётда шундай инсонлар кўп, улар нима қилиши керак? Отаси ташлаб кетганлар бор, алумен тўламаганлар, бутун умр ота онаси келишмай уруш жанжалда яшаганлар бор. Бу боланинг руҳий ҳолатига, кейинги ҳаётига, эр-хотин муносабаатларига таʼсир қилмай қолмайди, буларни илмий ўрганиб чиққанмиз. Уларни эшитиб оғзига урилмайдику - "жим бўл ота она ҳатто мушрик бўлса ҳам уларга яхшилик қилишга буюрилганмиз" деб қуруқ маслаҳат берилмайдику. Ота-терапияларни амалга оширамиз. Қолаверса Зигмунд Фрейд психоанализида ўқитилиб ҳеч қаерда психологик муаммоларни сексуалликка боғланганини кўрмадим, Фрейд бу назариясидан воз кечганини "Асаб ва руҳият" Зарифбой Ибодуллаевнинг китобидан ўқидим. Она ва бола симбиоз алоқада бўлади, она ўз руҳий ҳолати билан боласини катта қилади (она бола руҳиятига таʼсири бўладику). Боланинг руҳий ҳолатидаги муаммолар ва боладаги касалликлар ҳам онанинг руҳий ҳолатидан келиб чиқади. Катта инсонлардаги касалликлар ҳам руҳий ҳолат сабаб келиб чиқади деб ўрганганмиз (психосоматика). Бола дунё ҳақида тушунчасини болалигида шакллантириб бўлади ва шу асосида яшайди. Инсон билан ишлаганда унинг болалигини билмай ишлашни ҳеч иложини кўролмаяпман. Сизни тез тез кузатиб тураман ва саволларга жавобиз айнан бизни йўналишга мосдек сезилади, сиз ҳам психотерапевтсиз, диний илмингиз ҳам юқори. Айтингчи мен ўқиётган ва ишлаётган назария методлар хатоми? Ислом психологиясини ҳам ўқиш ниятим бор лекин ҳозирги бу йўналишдаги устозларни кўриб зиддиятга келиб қоляпман. Кейин биз темпераментларни ишлатмаймиз, бу эски назария ва баʼзи давлатдарда чиқариб ҳам ташланган. Сизчи? Ўқишларим тугаса иншаАллоҳ психологик марказ очиб ишламоқчиман. Мен қайси ўқиш йўналишини танлай? Классик психологияда ишлаб инсонларни ва ўзимни адаштириб қўймайманми? Исломий психологияни ўрганишдан қўрқяпман ҳам, чунки бир инсон руҳиятига диний ташхис қўйиш бу оғир масала, чуқур илм керак. Ҳолис жавобингизни кутаман. Катта раҳмат! Ислом психологи бўлган бирор ўзбек устозани тафсия қила оласизми?

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Мунисахон илмларингизни Аллоҳ зиёда қилсин. Афсуски саволлар жуда кўп бўлгани сабабидан вақтида жавоб беришга улгуролмадик. Бунинг учун узр сўраймиз. Исломшунос психология олимлари 19-асрда яшаб ижод қилган Боғдод олими Абу Юсуф Ёқуб ибн Исхоқ Ал Хинди, туш ва туш кўриш хақида (тушкунликдан қутилиш),  IX-X асрда яшаб ижод қилган Ал-Балхи, Али ибн Сахла Фаробий, Ал Ғаззолий, Ибн-Сино, Ал Мужисий, Ибн Аъробий, ўз даврида психологияга асос солган ва асарларида инсониятга психологик муаммоларни бартараф этиш хақидаги тавсияларни ёзиб ўтганлар. Шу жумладан ғарб олимлари Аристотел, Гиппократ, Христиан Вольф, Иван Сечинов, Зигмунд Фрейд ва унинг шогирдлари Юнг, Адлер ва ҳоказолар ҳам психологияга жуда катта асос солганлардан. Илмий ва амалий психологияга умуман алоқаси бўлмаган йўналишлар ҳам борки аксарият одамлар уларни ҳам психология деб қабул қилишади афсуски. Булар эзотерика, нумерология, парапсихология, психогинетика,........ ва шунга ўхшашлар. Бу йўналишларда ўқиб чиққанлар афсуски психологларнинг обрўсини тўкиб, психология ҳақидаги тасаввурларни чалкаштиришмоқда. Шунинг учун ҳам биз психологлар илмий психологияни яхшилаб ўзлаштириб, одамларга буни кенг мақомда тушунтириш ишларини олиб бориб бу ботқоқдан чиқазишда тинмай меҳнат қилишимиз лозим.
Сизнинг изланишларингиз олган билимларингизга келсак тушунишимча сиз иншааллоҳ тўғри йўлдасиз. Билимнинг исломийси ёки дунёвийси бўлмайди. Барча билимлар агар чуқур ўрганилса албатта Аллоҳни янада яқинроқ танишимизга олиб келади. Шаръий илмлар бор ва бошқа илмлар бор. Шаръий илмларга ақийда, фиқҳ, сийрат, тажвид кабилар кирса дунёвий илмларга математика, биология, химия, физика ва ҳоказолар киради. Одам одамга хизмат қилар экан ниятини тўғри қилса яъни бу хизматлар аслида Аллоҳга хизмат эканлигини яхши тушунса тўғри йўлдан, ҳидоят йўлидан адашмайди. Сиз илмий психология асосларини ўрганиб тўғри қилгансиз. Ва бу йўлда давом этаверинг. Фақат бироз вақт ажратиб диний илмларни ҳам ўрганиб қўйганингиз яхши. Чунки биз мусулмонмиз. Шунинг учун динимизни яхши тушунишимиз, мусулмонларга қилаётган хизматимизда шариат қонун-қоидаларини яхши билишимиз зарур. Барча билимлар Аллоҳга олиб борадиган йўл эканми бу йўлда муқим бўлиб адашмаслик учун, психолог тўғри йўлда эканида ўзига бўлган ишончи мустаҳкам бўлиши учун ҳам албатта шаръий илмлар билан биргаликда илмий психологияни ҳам бир маромда олиб бориши зарур. Шунинг учун сиз шарқий ёки исломий психологияни изламангда илмий психологияни ўрганаётган бир вақтда ақида, фиқҳ илмларини ҳам ўрганиб боринг. Шунда сиз исломий психолог бўлиб етишиб чиқасиз. Аслида исломий психолог деган сўзнинг ўзи нотўғри. Чунки барча илмлар юқорида айтганимиздек Аллоҳни танишга, исломга олиб боради. Барча илмлар ислом учун хизмат қилади албатта тўғри йўлда бўлиб мусулмон эканлигимизни бир сония ҳам эсдан чиқазмасак. Сизни бу шарафлик йўлда бардам бақувват бўлишингизни, умрбод тинмай илм олишингизни дуо қилиб қоламиз. Валлоҳу аълам!