Ота-онам "Агар ўша инсонга турмушга чиқсанг, сендан норозиман" дейишди.

22:21 / 09-fevral | Muhabbat | 197
Ассалому алайкум! Илмингиз зиёда бўлсин! Айни кунларда ота-онам билан муносабатларимиз яхши эмас. Мен билан гаплашишмаяпти. Ёшим 23 да. Ҳозирда магистратурада ўқийман. Бир инсонда неча йиллардан бери кўнглим бор. У инсон билан мактаб вақтидан бери танишмиз. Бир мактабда ўқиганмиз. У инсоннинг ҳам менда кўнгли бор. Биз доимий мулоқотда бўлмаганмиз. Мактабни тамомлаганимдан сўнг йиллар ўтиб, менга уйланиш нияти борлигини, уйидагиларига бу ҳақида маълум қилганини айтди. Бир маҳаллада истиқомат қилганимиз туфайли, кўпинча тасодифан кўришиб қолар эдик. Уйидагиларини бизнинг уйга совчиликка юборди. Онам рози бўлмадилар, бу ҳақида отамга ҳам айтдилар. Муаммо у боланинг Сурхондарё вилоятидан эканлигида. Биз Тошкент шаҳрида туғилганмиз. Онам ва тоғаларим вилоятликларни ёмон кўришади. Шу сабаб онам отамга боланинг уйидагилари ҳақида ёмон тассуротда эканларини айтганлари заҳоти отам ҳам қаршилик билдира бошладилар. Аммо мен у инсонни ота-онаси билан гаплашганлигини эшитганман. Доимо лаббай деб туради. Катталарни жуда ҳурмат қилади. Синглисини ҳам танийман. Оила аъзолари жуда яхши инсонлар. Вақт ўтиб, отаси ҳам отам билан гаплашгани келдилар. Аммо уйдагиларим йўқ деб туриб олишди. Одамлар нима дейди, Сурхондарёликка қизингни бердингми, дейишларидан хавотирда. Мен ҳам минг хавотирда ноилож ота-онамга у инсонда кўнглим борлигини айтдим. Аммо ота-онам агар у йигитга турмушга чиқсанг сендан рози эмасмиз, биз истаган инсонга турмушга чиқасан, деб қаттиқ қаршилик кўрсатишяпти. Опамни ҳам узатганимизга 1 ярим йилдан ошди. Турмушга чиқаётган вақтларида поччамни бир кўришда бир суҳбатда яхши инсон, иймонли, намозхон экан деб ўйлагандик. Поччам эса ота-онамни бирор марта ҳам йўқлаб келмади. Ораларида фарзанд ҳам бўлмаяпти. Ўзига яраша сабаблари бор. Поччамдан бутунлай кўнглим қолган. Шу сабабли ҳозир ўзим билмаган, танимаган инсонга турмушга чиқишни истамаяпман. Ҳали бирор марта гаплашиб ҳам кўрмай, вилоятдан эканлиги учун рад жавобини бериб, сендан рози бўлмаймиз, дейишяпти. Аммо бошқа инсонга турмушга чиқишни тасаввур қила олмайман. У йигит мени бахтли қилишига кўзим етади, энг аввало Аллоҳга ишонаман. У йигит ҳам ота-онангни тушунаман, фарзандларини бахтини ўйлайдилар, ҳамманинг ўз принсиплари бор, аммо мен кучим ва иродам етганича курашаман деди. Бир неча маротаба истихора намозини ўқидим. Аммо ҳечам кўнглим бу ҳолатдан рози бўла олмаяпти. Бу вазиятда қандай йўл тутай? Маслаҳат беринг, сендан рози эмасман деб мажбурлаб бошқа инсонга турмушга бермоқчи бўлишса, мен норозилик билдирсам, ота-онамга оқ бўламанми?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Қизни мажбурлаб турмушга бериш жоиз эмас. Турмуш қурадиган одам кўнгилдан рози бўлиши керак. Кўзлаган инсонингиз бўлса сабр қилинг, то рози бўлишгунича. Бу каби ишларга сабр билан етишилади. Валлоҳу аълам!