Совға

21:37 / 20.02.2020 | . . | 756
Ассалому алайкум! Хўжайнимлар билан шаръий никоҳланган эдик. Улар менга совғалар инъом этардилар. Энг катта совғалари машина бўлганди. Уни совға деб бергандилар. Ҳеч нарсага боғламаган ва машинани ўз номимга бергандилар. Вақтлар ўтиб бизнинг алоқалар узилди. Яхшликча хайрлашиб, бахт тилаб, гаплашиб олишга борсам мендан совғаларини қайтиб олишларини айтдилар. “Қачонки сизга сарфлаган меҳр-муҳаббат, ишонч, сизга сарфлаган вақтимни, ор-номусимни, шунча гапларни қайтадан жой-жойига қайтариб берсангиз мен ҳам совғаларингизни қайтиб бераман”, дедим улар қайтаролмайман дедилар. Вақт ўтиб ҳар хил жойларга ёзиб, бировни ҳаққидан қўрқмайдиганда айблаб, гапириб юрганларини эшитдим. Ростдан уларни ҳаққини тортиб олганманми?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Ўша пайтда совға деб берган бўлсалар, бу нарсалар сизнинг мулкингиз бўлади. Ўша одамнинг қайтариб олиши дуруст бўлмайди.

«Ва агар хотин ўрнига бошқа хотин олмоқчи бўлсангиз ва уларнинг бирига беҳисоб маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг».

Биз «беҳисоб» деб таржима қилган маъно ояти каримада «қинтарон» деган лафз билан ифодаланган. Араблар бу сўзни кўп миқдордаги молга нисбатан ишлатадилар.

Баъзилар худди шу ояти каримани далил қилиб, маҳрга ҳар қанча кўп мол берса бўлади, дейдилар.

 Аммо уйланаётган вақтида озми-кўпми, маҳрини бериб қўйиб, ажрашаётганда уни қайтариб олишга уриниш мусулмон инсонга ҳеч тўғри келмайдиган иш. Ушбу оятда бу ишни очиқ ман этиш билан бирга, бунинг ҳикмати ҳам баён қилиниб, эркаклар виждонидаги нозик ҳиссиётлар қўзғатилмоқда. Қуръоний таъбирга эътибор беринг-а, қанчалар ҳассос, қанчалар таъсирли!

«Ва қандай ҳам олурсиз?! Ахир бир-бирингизга қовушдингиз ва сиздан салмоқли аҳду паймон олганлар-ку?!»

Никоҳ туфайли эр-хотин нафақат жисман, балки руҳан ҳам қўшиладилар. Уларнинг ҳис туйғулари, орзу-умидлари, виждонлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахту саодатлари – барча-барча нарса қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳнинг исми ила, Пайғамбарнинг суннатлари ила қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир. Ана ўша қудусият ҳурмати, бирга ўтказилган ҳаёт ҳурмати, қувушиб кетган нарсалар ҳурмати, ажрашганда ҳам яхшилик билан ажралмоқ керак. Бир вақтлар рози бўлиб берган маҳрни ўзи билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаган аёлидан қайтариб олишга уриниш мусулмон одамга, қолаверса, эркак зотига ҳеч ярашмайди.

Ояти каримадаги «...сиздан салмоқли аҳду паймон олганлар-ку?!» жумласидаги «аҳду паймон»нинг маъноси ҳақида Суфён Саврий: «Яхшилик ила тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», – деганлар.

Робеъ ибн Анас эса: «Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз» деган ҳадисларидан иборатдир», – деган.

 Валлоҳу аълам!