Дуо маъноси

16:44 / 07.03.2020 | Ummiya | 669
Ассалому алайкум! "ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназзолимийн" дуоси ростдан ҳам "нажот юнус" дуосими? 1001 марта ўқиса Аллоҳ ниятига етказадими? Ўзбекчада маъноси нима?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!

«Анбиё» 87. Зуннунни (эсла). Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб: «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим», – деб нидо қилди.

Зуннундан мурод Юнус алайҳиссаломдир. «Нун» балиқ дегани, «Зуннун» эса «балиқ эгаси» деганидир. Юнус алайҳиссаломни денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташлаган. Шунинг учун Зуннун, яъни балиқ эгаси лақабини олганлар. У зотнинг қиссалари «Соффаат» сурасида келади. Аммо бу сурада сиёққа мос равишда қисқача баён қилинмоқда.

«Зуннунни (эсла). Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди».

Яъни у киши қавмларига Аллоҳнинг амрини етказганларида, улар қабул қилмадилар. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб, чиқиб кетдилар.

«Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди».

Бу гумон қавмларининг саркашлигидан келиб чиққан эди. Юнус алайҳиссалом уларга «Сизлар Аллоҳнинг амрига бўйсунмасангиз, бошқа жой қуриб кетгани йўқ, Аллоҳнинг ери кенг, бошқа жойга бориб, даъват этсам, улар қабул қиладилар. Аллоҳ мен учун ер юзини тор этиб қўймайди», дегандай иш қилган эдилар.

Уламоларимизнинг айтишларича, аслида, у киши бошқа пайғамбарларга ўхшаб, сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда

«Зулматларда туриб…» яъни кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорнидаги зулматда туриб, Аллоҳ таолога ёлвориб:

«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим», – деб нидо қилди».

Бу гап чин ихлос билан, Аллоҳнинг улуғ сифатларини эслаб, ўзининг айбдорлигини бўйнига олиб, нажот сўраб қилинган дуо эди. (Анбиё)

Бу дуонинг Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб қилганлар. Имом Аҳмад ва Имом Ҳокимдан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони қилган кишига сўраганлари ижобат бўлишини айтганлар. Лекин адади ҳақида манбаларда айтилмаган. Валлоҳу аълам.

 Валлоҳу аълам!