Гап етказиш

12:13 / 02.04.2020 | Dildora | 965
Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим орамиздаги гапларни қайнона ва қайнотамга нафақат оғзаки, балки телефон орқали гаплашсак суҳбатимизни ёзиб олиб, смс ёзилса смс орқали менинг гапларимни кўрсатиб туришини сезиб қолдим. Асосим ҳам бор. Қайнимни уйлантириш арафасидамиз. Ҳар учрашувга чиққач қизнинг овозини диктофонга ёзиб олиб уйга келгач мени борлигимдан ҳам ҳижолат бўлмай барчага қўйиб бераябди. Бундай вазиятда ота-онанинг бу каби ишларга ҳақлари борми? Турмуш ўртоғим иккимизнинг шахсий гапларимизни бу даражада очиқ-ойдин қўйиб бериши инсофданми? Баъзан қайнимнинг ҳам иккимиз ўртамиздаги шахсий гаплардан ҳабардор қилиниши мени қайнимдан ҳижолат бўлишимга ва уни менга нисбатан ҳурматсизлик қилишига сабаб бўлаябди. Бундай вазиятда мусулмон аёл сифатида нима қилишим мумкин!?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом!

Икки киши орасидаги нарса сир, айниқса, эр-хотин бир-бирларининг сирларини сақлашлари бир-бирларида бўлган ҳаққиларидир. У қандай сир ва қандай гап бўлишига қарамай. Бу омонат ҳам. Агар бу омонатга хиёнат қилинадиган бўлса, мунофиқлик бўлади. Сиз буни яхшилик билан тушунтиришингиз мумкин. Ҳақингиз поймол бўлаётганини, ишончингиз қолмаётганини айтинг.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ t، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: إِنَّ أَشَرَّ النَّاسِ عِنْدَ اللهِ مَنْزِلَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ الرَّجُلُ يُفْضِي إِلَى امْرَأَتِهِ وَتُفْضِي إِلَيْهِ ثُمَّ يَنْشُرُ سِرَّهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлганидан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир», дедилар».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Эр‑хотиннинг орасидаги шариат иши (мубошарат) фақат иккисининг сири бўлиб қолиши керак. Эр ҳам, хотин ҳам жинсий алоқа пайтида бўладиган нарсаларни бошқаларга айтмаслиги лозим. Мазкур сирни бошқаларга айтиб юриш беодоблик, шарму хаёсизлик ва гуноҳ иш ҳисобланади, жамиятда фоҳиша гап-сўз ва ишларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам қуйида ўрганиладиган ривоятимизда бу ишни қиладиган киши шайтонга ўхшатилмоқда.

وَلِأَصْحَابِ السُّنَنِ: إِنَّمَا مَثَلُ ذَلِكَ مَثَلُ شَيْطَانَةٍ لَقِيَتْ شَيْطَانًا فِي السِّكَّةِ فَقَضَى مِنْهَا حَاجَتَهُ وَالنَّاسُ يَنْظُرُونَ إِلَيْه.

«Сунан» эгаларининг ривоятида:

«Унинг мисоли урғочи шайтон кўчада эркак шайтонга дуч келиб, одамлар қараб турганда ундан (урғочи шайтондан) ҳожатини қондириб олганга ўхшайди», – дейилган.

Эр‑хотинларнинг ўзлари ораларидаги жинсий ҳаёт ҳақида бошқаларга сўзлаб юришлари ана шундай шармандали иш ҳисобланади. Шунинг учун мўмин‑мусмон эркагу аёл ўзаро жинсий сирларини ҳеч кимга айтмасликлари керак.

Оилавий ҳаёт, жинсий муносабат одоблари ҳақида сўз кетар экан, ушбу мавзунинг ажралмас қисми бўлган ғусл масаласини ҳам эслаб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлса керак. Билганларга такрор, билмаганларга илм-маърифат бўлади, иншааллоҳ. ("Бахтиёр оила" китобидан).

 Валлоҳу аълам!