– Ва алайкум ассалом! Валлоҳу аълам!
Беш вақт намознинг фарзлиги Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам, ижмоъда ҳам қайта-қайта таъкидланган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
«Албатта, намоз мўминларга вақти тайин фарз бўлгандир», деган (103-оят).
Аллоҳ таоло Баййина сурасида:
«Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга, динни Унга холис қилган, бошқадан унга бурилган ҳолда ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга, закот беришга буюрилган эдилар, холос. Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир», деган (5-оят).
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «بُنِيَ الْإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ: شَهَادَةِ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، وَإِقَامِ الصَّلَاةِ، وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ، وَالْحَجِّ، وَصَوْمِ رَمَضَانَ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом беш нарсага бино қилинган: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур-Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш», дедилар».
Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Ислом умматининг барчаси беш вақт намоз фарз эканига доимий равишда ижмоъ қилиб келган.
Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Ҳар ким ўзи учун намоз ўқимоғи фарздир. Ким намозни инкор қилса, Исломдан чиқиб, кофир бўлади.