Ёрдамингизга муҳтожман

Савол
Постлар: 2805
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:34

Ёрдамингизга муҳтожман

Пост Савол » 07 март 2017, 06:57

Ассалому алайкум, Одинахон опа! Биз оилада уч фарзандмиз: акам, укам ва мен. Аслида бошқа вилоятда яшаймиз, лекин ҳозир ўқишимиз туфайли акам билан Тошкентдамиз. Онам эса асли тошкентлик. Таътил бошланганидан кейин укам билан онам бизни кўргани келишди. Аксига олиб, бувим йиқилиб тушдилар ва ётоққа михланиб қолдилар. Уларни бу ҳолатда ташлаб кетишга онамнинг кўнгли бўлмаяпти. Бувим ҳам кетишларини хоҳламаяптилар. Лекин бувимнинг онамдан ташқари яна учта қизлари бор. Дадам эса уйда ёлғиз қолганлар. У киши ҳам онамнинг тезроқ қайтишларини истаяптилар. Агар тез уйга келмасалар, рози эмасликларини бирдирдилар. Мен ҳам онамга: «Эрнинг розилиги биринчи навбатда туради», деяпман, лекин улар бувимни ташлаб кетмасликларини айтяптилар. Онамнинг бу иши тўғрими? Оиламизда қийин вазият юзага келган. Ўзи олдиндан ҳамма бир-бири билан иноқ эмас, барча асабий. Ота-онам ибодатда эмас, лекин биз, фарзандлар фарз амалларни бажаришга ҳаракат қиламиз. Ота-онамизнинг аҳил эмасликлари бизга ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти. Ҳаётимда бир неча бор жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман. Лекин Худодан қўрқаман, у дунёдаги бундан минглар баробар аянчлироқ жазо мени бу ишни қилишдан тўхтатган. Мен ҳижобдаман. Бунга дадам қарши бўлганлар, лекин мен ўз аҳдимдан қайтмаганман. Онам ҳам биз учун чидаб яшаб келяптилар. Агар онамнинг ажрашишларига розилик берсам, нотўғри бўлмайдими? Вақтингизни ажратиб, ёрдамингизни аямаётганингиз учун катта раҳмат! Илтимос, менинг қалбимга таскин бўладиган ва албатта, Парвардигоримнинг розилигига етиштирадиган тўғри йўлни кўрсатинг!

Одинахон Муҳаммад Юсуф
Постлар: 3180
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 04:32

Жавоб: Ёрдамингизга муҳтожман

Пост Одинахон Муҳаммад Юсуф » 07 март 2017, 06:58

Ва алайкум ассалом. Мен имкон қадар насиҳат қилиб, сизга ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қиламан. Аммо бу нарса бир неча сатрларни қоралаш билангина амалга ошиб қолмайди. Бунинг учун бир неча бор суҳбатлашиш керак. Ҳозирча айтадиганим: аввало, ўз хато-камчилигингизни идрок қилиб, тан олибсиз, шунинг ўзи катта бахт. Бу вазиятни ислоҳ қилиш учун ташланган энг катта қадам. Шуни идрок қилишни насиб этган Зот уни ислоҳ этишни ҳам насиб айласин. Ота-онангизнинг ўзаро муносабатлари борасида шуни билингки, бу ишни ўзларига қўйиб беринг. Қарорни ўзлари қабул қилишсин. Чунки улар ёши катта одамлар, тажрибалари ҳам кўпроқ, турмуш уларники. Сиз эса фақат уларни эҳтиром қилиш ва уларга яхши муносабатда бўлиш билан чекланинг. Ҳақларига дуода бўлинг. Атрофдагилар билан бўладиган муносабатлардаги бизнинг энг катта хатоимиз шуки, биз ўзгаларга уларнинг тутумлари ҳамда қилмишларига яраша муомалада бўламиз. Бу муомала-муносабатлардаги кўпчилик англамайдиган энг нозик нуқталардан бири ҳисобланади. Ота-она «бўйсунмади» деб, эр «итоат этмади» деб, хотин «адолат қилмади» деб, яна баъзилар «яхшилик қилмади» деб, нотўғри фикр юритади, нотўғри хатти-ҳаракат қилади ва нотўғри гап гапиради. Бор муаммо шу ердан келиб чиқади. Аслида биз уларга қилмишларига яраша эмас, ўзимизга нима юклатилган бўлса, шунга қараб муносабатда бўлишимиз керак. Мен бандаман, Аллоҳ менга фалон-фалон нарсани буюрган, ҳадисда бундай дейилган, ундай қилиш суннатдир, деб бандалик бурчимизни, мўминларнинг биздаги ҳаққини билиб, шунга яраша амал қилишимиз лозим. Шунга кўра ўзингиздаги камчиликларнинг сабабини отангизга боғламанг. Аллоҳдан сўраган ҳолда, секин-аста ислоҳ сари ҳаракат қилаверинг. Сабрли ва кечиримли бўлинг. Яхшиликни умид қилаверинг. Аллоҳ ҳар ишга қодир Зот.
«Аёл киши эрнинг олдида бўлиши керакми ёки ота-онасининг ёнида?» деган саволга, албатта, аёл эри билан яшаши кераклигини айтамиз. Аммо шу билан бирга, у ўз ота-онасига яхшилик қилишдан, зиёратларига боришдан маҳрум бўлмаслиги керак. Аллоҳ мададкор бўлсин! Валлоҳу аълам.


«Никоҳ (Оила)»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 1 меҳмон