Ҳурмат нима?

Савол
Постлар: 2815
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:34

Ҳурмат нима?

Пост Савол » 09 март 2017, 15:39

Ассалому алайкум! Мени анчадан бери қийнаётган, ўйлантираётган савол бор эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларида: «Болаларингизни ҳурмат қилинг», дейилган экан. Кейин «Ҳурмат қилиш ўзи нима?» деб ўйланиб қолдим. Бу ҳақда тайинли, асосли жавоб топа олмаяпман. Илтимос, жавоб беринг.
Яна бир саволим шуки, жаҳлни биринчи лаҳзалардаёқ қандай енгиш мумкин? Баъзан фарзандим бир иш қилиб қўйса, ундан хавотирланиб, уришиб қўяман. Шунда ўз ота-онам ёдимга тушиб кетади. Уларга ўхшаб қолаётганимдан хафа бўлиб кетаман. Албатта, уларни тушунаман, улар ҳам шундай муомала кўришган. Лекин менинг фарзандларимда ҳам шу нарсалар бўлишини ҳеч хоҳламасдим. Аллоҳ баракот ато этсин!

Одинахон Муҳаммад Юсуф
Постлар: 3335
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 04:32

Жавоб: Ҳурмат нима?

Пост Одинахон Муҳаммад Юсуф » 09 март 2017, 15:40

Ва алайкум ассалом.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ يُحَدِّثُ عَنْ رَسُولِ اللهِ  قَالَ: «أَكْرِمُوا أَوْلَادَكُمْ، وَأَحْسِنُوا أَدَبَهُمْ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Боланинг ота-онада, ота-онанинг болада ҳақлари бўлади. Ҳар ким ўз ҳақларини адо қилиши ҳақ эгасини икром қилиш ҳисобланади. Бола ота-онаси ҳузуридаги омонат бўлиб, унинг қалби покиза бир гавҳардир. У ҳар қандай нақшни қабул қилаверади. Агар яхшиликка ўргатилса, яхши, одобли бўлиб ўсади. Бунинг савобига эса ота-онаси ва устоз-мураббийлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка ўргатилса, ёмон, бадхулқ бўлиб ўсади. Бунинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийлари ҳам шерик бўладилар. Боланинг тарбиясига мутасадди киши (ота-она, валий) уни турли ёмонликлардан, ахлоқсизликлардан сақлаши, унга муносиб таълим-тарбия бериши лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатишсин, уни ёмон болалар таъсиридан сақлашсин, ўткинчи, ҳавойи лаззатларга қизиқишга одатлантиришмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтиришмасин. Токи, катта бўлганида зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин («Ижтимоий одоблар»дан).

Ғазабнинг амалий давоси
عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ صُرَدٍ  قَالَ: اسْتَبَّ رَجُلَانِ عِنْدَ النَّبِيِّ  فَجَعَلَ أَحَدُهُمَا تَحْمَرُّ عَيْنَاهُ وَتَنْتَفِخُ أَوْدَاجُهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِنِّي لَأَعْرِفُ كَلِمَةً لَوْ قَالَهَا لَذَهَبَ عَنْهُ الَّذِي يَجِدُ: أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ». فَقَالَ الرَّجُلُ: وَهَلْ تَرَى بِي مِنْ جُنُونٍ؟ رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Сулаймон ибн Сурад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен агар у айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан. У «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»дир», дедилар.
Бас, у: «Менда жиннилик бор, деб ўйлайсанми?» деди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Ғазабланишдан тийилиш ниятида бўлган одам «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм»ни айтиб юрмоғи лозим.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ  قَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ  قَالَ لَنَا: «إِذَا غَضِبَ أَحَدُكُمْ وَهُوَ قَائِمٌ فَلْيَجْلِسْ، فَإِنْ ذَهَبَ عَنْهُ الْغَضَبُ وَإِلَّا فَلْيَضْطَجِعْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга: «Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса – кетди, бўлмаса, ёнбошласин», дедилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Албатта, бу ишларнинг ғазабни сўндириши тажрибада ҳам собит бўлган.
Имом Абу Довуд Абу Воил Оссдан қуйидаги ривоятни келтиради: «Урва ибн Муҳаммад Саъдийнинг олдига кирган эдик. Бир одам гапириб, унинг ғазабини қўзғади. Шунда у ўрнидан туриб, таҳорат қилди. Сўнгра: «Отам менга бобом Атийя розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни айтиб берган эди», деб, қуйидагиларни айтди:

عَنْ عَطِيَّةَ السَّعْدِيِّ  قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ : «إِنَّ الْغَضَبَ مِنَ الشَّيْطَانِ، وَإِنَّ الشَّيْطَانَ خُلِقَ مِنَ النَّارِ، وَإِنَّمَا تُطْفَأُ النَّارُ بِالْمَاءِ، فَإِذَا غَضِبَ أَحَدُكُمْ فَلْيَتَوَضَّأْ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Атийя Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Албатта, мазкур ва шунга ўхшаш тадбирлар ғазабни қайтариш учун қўлланиладиган ёрдамчи чоралардир. Ғазабнинг асосий чораси эса Аллоҳга бўлган иймон, қиёматдан умидворлик бўлиб, жаҳли чиққан одам дарҳол Аллоҳ таолони эслаши, У Зот ҳар бир нарсани кўриб-билиб турганини ва ҳамма нарсани ҳисоб-китоб қилиши шубҳасизлигини ёдга олиши зарур. Шунингдек, ғазабни ишга солиб, ёмонлик қилса, қандай жазо олишини, аччиғини ютиб, ортга қайтса, қандай савобларга эга бўлишини ўйлаши лозим.

Ғазабни ютишнинг фазли
Ғазабни ютиш фазилатли ишлардан ҳисобланади. Бунга ҳар қандай одам ҳам қодир бўла олмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғазабни ютувчиларни мадҳ қилиб:

ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ

«Улар енгилликда ҳам, қийинчиликда ҳам нафақа қиладиганлар, аччиғини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади», дея марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 134-оят).
Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар бир кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин тақводор киши бу оғир ишни эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазаб устидан ғолиб чиқа олади. («Руҳий тарбия», 1-жуз.)


«Никоҳ (Оила)»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 2 меҳмон