Хўжайнимнинг кўнглига йўл топишим қийин бўляпти

Madinam95
Постлар: 5
Рўйҳатдан ўтган: 01 окт 2017, 18:02

Хўжайнимнинг кўнглига йўл топишим қийин бўляпти

Пост Madinam95 » 06 окт 2017, 14:22

Ассалому алайкум! Мен уйланиб ажрашган болага турмушга чиққанман. Асли шаҳарликман, аввалги хотини қишлоқнинг бир бурчагидан. Тўйдан олдин кўпчилик «Кўз очиб кўргани барибир бошқа, тегманг» деганда, ўзимга бўлган ишончим шу қадар юқори бўлган экан, «Қишлоқи қиздай ҳам бўлолмайманми, уни эсламайди ҳам, кўрасизлар», дердим. Лек адашибман... Эримнинг телефонида фақат ўша хотинининг суратлари, ўчириб юборишини сўрасам, «Ўчирмайман, агар ўчирсангиз яхшилик кутманг», дейди. Қўрққанимдан ўчиролмайман, лекин кўп сезиб қоламан хотинининг суратига термулиб ўтиради. Мен билан суратга тушгани унамайди, бу менга жуда алам қилади. Баъзида йиғласам «У шўх эди, ҳамма билан киришиб кетарди, сиз биров гапирса гапирасиз бўлмаса юраверасиз», дейди. У аёл парикмахер бўлган экан, сочларини ҳар хил турмаклаб юрган экан, мени у билан солиштираверганидан у қиздан нафратланяпман. «Нега унда ажрашдингиз?», десам ҳазилга буриб «Сизни севиб қолган эдим-да», деб кесатади. Ташқарида ҳазил қилиб юради, хонамизга кирганимизда жиддий бўлиб телефонга қараб ўтираверади. Менга бундай ҳаёт ёқмаяпти, турмуш ўртоғим мен билан гаплашиб ўтиришини, кўнглимга қарашини хоҳлайман. Лекин эрим умуман тескариси. Нима қилишни билмай қолдим, бахтни ҳис қилолмаяпман. Эримни қандай қилиб ўзгартирсам бўлади?

Руҳшунос
Постлар: 213
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:38

Жавоб: Хўжайнимнинг кўнглига йўл топишим қийин бўляпти

Пост Руҳшунос » 30 окт 2017, 06:54

Ва алайкум ассалом! Эркак кишини умуман ӯзгартириб бӯлмайди. Эркак кишининг сизга бӯлган муносабатини ӯзгартиришингиз мумкин, лекин бунинг учун ӯзингизнинг муносабатингизни ҳам ӯзгартиришингиз керак. Агар бу инсон билан бахтли ҳаёт қуриб яшайман десангиз, у ҳолда “белингизни қаттиқ қилиб боғланг”. Чунки ӯзингизни ӯзгартиришингиз учун жуда кӯп амалларни бажаришга тӯғри келади. Биринчидан, эрингизнинг кӯнглини олиш учун ичингизни гина-қудратдан, бўшатинг. Ўзингизни шундай тутингки, дунёда гўё сиз ва эрингиз бордек, сиздан бошқа аёл йўқдек хотиржам бўлинг. Рашк қилишдан, эрингизнинг телефонини титишдан эхтиёт бўлинг. Булар ёмон иллатдир, сабаби латофатингиздан, эрингизни ўзингизга жалб қилувчи куч-қувватингиздан ва у инсоннинг ишончидан айрилиб қоласиз. Агар яхши муомала кутсангиз, аввал худди ўша муомалани эрингизга қилишни бошланг, фақат “менга ҳам қайтарармикин” деган ўй билан эмас, чин кўнгилдан. Ҳаётингиздан мамнун эканлигингизни кўрсатинг. Эрингиз эшикдан кириб келганида, сизнинг юзингизда фақат табассумингизни, уларга бўлган соғинчингизни кўрсин. Хайрлашаётганда эса жуда илиқ хайрлашинг. Нохуш кайфиятингизни зинҳор кўрсатманг. Хафа бўлган пайтларингизда ўзингизни кайфиятингизни кўтаришга ҳаракат қилинг. Чунки, сизнинг ўрнингизга буни ҳеч ким қилмайди. Гапларига эътиборли бўлинг. Эркак кишининг гапларига эътибор қилиб, айтгани бажарилса, ундай эркак ўз аёлини бошига кўтаради. Фақат биз аёллар эрларимизнинг хоҳишларига кўпинча эътибор бермаймиз. Ҳар доим эрингиз учун зийнатланинг ва зийнатланмаган ҳолатда кўзига кўринманг. Сиз учун бирон юмуш бажарса ёки бирон нима харид қилиб, олиб келса, албатта мақтанг. Кўпинча аёллар “мақтасам эркаланиб, мени писанд қилмай қўяди” дейишади. Ундай эмас. Қанча мақтасангиз (табиийки, ёлғон мақтов эмас, мақташга арзигулик бирон иши, муомаласи, олиб келган бозор-ўчоғи, уй юмушларидан биронтасига қарашилса ва ҳаказолар учун), шунча яна сизнинг мақтовингизни эшитиш илинжида бўлади ва ҳаракатдан чарчамайди. Кўпроқ пайғамбарлар қиссаси ва уларнинг аҳли аёллари ҳақидаги ривоят ва ҳадисларга мурожаат қилинг. Албатта тўғри йўлда бўласиз, ин шаа Аллох! Валлоҳу аълам!


«Руҳшунос маслаҳати»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 1 меҳмон