Эрли аёл бегона оилали эркак билан дўстлашиши тўғрими?

Sofiyaxon
Постлар: 1
Рўйҳатдан ўтган: 28 май 2019, 21:41

Эрли аёл бегона оилали эркак билан дўстлашиши тўғрими?

Пост Sofiyaxon » 31 май 2019, 09:25

Эрим бир оилали аёл билан жуда қалин дўст ва ҳамкасб. У аёл билан уйга келгандан кейин ҳам интернетда суҳбатлашиб ўтиради, ишдан ташқари бир-бирининг бирор юмуши бўйича бирга юради. У аёл оилали бўлса-да, лекин бемалол турмуш ўртоғимга смсда, телеграму инстаграмларда кечаси ёзаверади. Бу менинг ғашимга тегади. “Сиздай инсон кўрмаганман, жуда яхши одамсиз”, деб кўп смс жўнатади. Эримга гаплашманг, десам, у оиламизни ҳурмат қилади, жуда кўнгли тоза аёл, ишим ҳам унга боғлиқ, дейди. Ўртамизда доим нотинчликлар келиб чиқади. Турмуш ўртоғим энди интернетда гаплашмайман, дейди-ю, барибир ўз билганидан қолмайди. У аёл мен ва фарзандларимга жуда кўп совғалар берган, намозхон, унга нисбатан яхши муомалада бўлишни, дўстлашишни хоҳлайман. Лекин бўлиб ўтган шунча оилавий низоларимизга сабабчи, деган ўй ичимда пайдо бўлган, нафратим унга нисбатан илиқлик уйғонишига йўл қўймаяпти. Аёл киши наҳотки бегона эркак билан шу қадар яқин дўст бўлиши мумкин? Қандай қилиб нафрату рашкдан халос бўлишни, ҳаммасини яхшиликка йўйиб, оқила аёл йўлини тутишни излаб тополмаяпман. Асабий бўлиб қолганман, ўзимга нисбатан ишончим қолмаган. Маслаҳат беринг, иложи бўлса, енгиллик улашадиган, намозларда ўқиладиган дуолардан ҳам ўргатсангиз, илтимос. Жавобингиз учун олдиндан катта раҳмат!

Руҳшунос
Постлар: 327
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:38

Жавоб: Эрли аёл бегона оилали эркак билан дўстлашиши тўғрими?

Пост Руҳшунос » 22 Июн 2019, 00:05

Ваалайкум ассалом. Тушунишимча, турмуш ўртоғингизга сизнинг мақтовларингиз, у инсоннинг қилган яхши ва самарали ишлари учун илиқ гапларингиз етишмайди. Демак, у аёл ана шу илиқ гапларни гапириб, турмуш ўртоғингизнинг кўнглига йўл топа олибди. Сиз у аёл ҳақида ёмон гапира кўрманг. Рашкингизни ва ранжиганингизни, нафратингизни турмуш ўртоғингизга билдирманг. Аммо мақтаб ҳам ўтирманг. Шунчаки турмуш ўртоғингизга энг яқин инсон бўлишга ҳаракат қилинг. Унинг дардига малҳам бўлишга киришинг. Бироқ бу дегани қул бўлиб, ўзингизни унутиб, фақат турмуш ўртоғингизнинг қизиқишлари ва унинг ҳаёти билан яшанг, дегани эмас. Аксинча, ибодатларингиздан, зикрларингиздан, турмуш ўртоғингизнинг хизматларидан бўшаганингизда ўзингиз учун нималарнидир қилиб, ўзингизни ҳам хурсанд қилинг, ўзингиз учун ҳам яшанг. Сиз нималарга қизиқасиз, қандай китобни ўқиш сизни руҳлантиради, қайси хатти-ҳаракатларингиз сизни мамнун қилади, қандай ҳодисалар сизни бахтиёр қилади?! Сизнинг “қуёшингиз” фақат турмуш ўртоғингиз атрофида айланавермаслиги керак. Бу ҳаётга нима учун келгансиз, қандай бандачилик вазифаларингиз бор, қандай оналик бурчларингиз мавжуд, ўзингизнинг олдингизга қандай амалларни қўйгансиз, ана шу саволларга жавоб топа олсангиз, сиз бу дунёда бахтиёр аёлга айланасиз ва сиқилаверишдан узоқда бўласиз. Шуни эсингиздан чиқармангки, эркакларга бахтиёр, кўзи чақнаб турадиган, доим табассумли бўлган аёллар ёқадилар. Сиз шундай аёлга айланиб, турмуш ўртоғингизнинг меҳрини яна қозонишингиз мумкин. Эркаклар ҳамиша жиззаки, ҳаётдан хафа, қачон қараса, сиқилиб, дардини айтаверадиган, йиғлайверадиган аёллардан қочадилар. Шунга яраша фикр-мулоҳазаларингизни бир маромга келтириб, амалларингизни бошлашга ҳаракат қилиб кўринг. Истиғфорни кучайтирсангиз, янада яхши. Валлоҳу аълам.


«Руҳшунос маслаҳати»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 1 меҳмон