Қизим фақат мен билан гаплашяпти

Ruqayya29
Постлар: 8
Рўйҳатдан ўтган: 07 авг 2019, 20:38

Қизим фақат мен билан гаплашяпти

Пост Ruqayya29 » 08 авг 2019, 18:27

Ассалому алайкум. Менда ҳозир бир муаммо бор. Қизим 4 ёш, аммо у фақат мен билан гаплашиб, бошқалар билан гаплашмаяпти. Бунга сабаб кўп вақтини мен билан ўтказгани экан. Яна бир йил олдин кичик қизим туғилди. Шунда роса сиқилиб йиғларди. «Оишага қарама, у билан ётма», дерди. Аста ўрганиб кетди. Ўзини Оиша (кичик қизим)га тенг деб ўйлайди. Унинг қилиқларини қайтаради. Ундан яхши эканини тез-тез билдиради. Яна қизим ўзи тенгилар билан ўйнолмади. Фақат мен билан ўсди. Бу ерда менга ёрдам берадиган қариндошларим йўқ. Шу сабабми, билмадим. Ўзи роса инжиқ. Мен ҳам асабийман, кўп уришаман. Уни биронта танишимизникида гапиришни ўргансин, деб уч кунга қолдирсак ҳам, «Онамга бораман»дан бошқа нарса демаяпти. Маслаҳат беринг, нима қилай?

Руҳшунос
Постлар: 372
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:38

Жавоб: Қизим фақат мен билан гаплашяпти

Пост Руҳшунос » 14 авг 2019, 23:34

Ваалайкум ассалом. Ёш болани онадан бошқаси ривожлантириши мумкинмас. Айниқса, киришимли бўлмаган болани. У билан ўзингиз шуғулланишингиз керак! Боғчаларда тарбиячилар болалар билан қандай ишларни олиб борадилар, ана шуларни ўзингиз қўллашингиз лозим. Болага китоб ўқиб беришингиз, китобдаги бош қаҳрамонлар ҳақида тушунганларини сўраб туришингиз, ривожлантирувчи ўйинлар ўйнатишингиз, уй ишларидан енгилроқ бўлганларини биргаликда бажаришингиз керак. Шу ёшдаги болани бировнинг уйига ташлаб келиш мумкин эмас. Бу ҳолат болада кучли стрессни уйғотади. Яқинларидан жудо бўлиш, уларни бутунлай йўқотиб қўйиш қўрқинчини пайдо қилади. Синглисига меҳрни кўпроқ бериб, катта фарзандингизга меҳр камроқ беряпсиз, шекилли. Шунинг учун қизғаниш ҳисси кучайган. Унда синглисига бўлган меҳрни уйғотишингиз керак. Мисол учун яхши кўрган бирон нарсани берар эеансиз, “Буни сенга синглинг ҳадя қилди”, деб беришингиз мумкин. Ёки “Сени кўрса, синглинг жуда хурсанд бўлиб кетади”, “Синглинг сени соғиниб йиғлаяпти”, “Синглинг худди сенинг фалон қилиғингни қайтаряпти, чунки сени яхши кўради, сен унинг опасисан-да” каби гапларни гапириб, меҳр уйғотишингиз мумкин. Ҳамда ўзингизнинг руҳий кечинмаларингизни ўйлаб кўринг ва назорат қилинг. Чунки сизда ҳам кимнидир ёки ниманидир қизғаниш бор. Буни қизингизнинг хулқ-атвори намоён этяпти. Валлоҳу аълам.


«Руҳшунос маслаҳати»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 2 меҳмон