Эр-хотин муносабати

Rayyona
Постлар: 6
Рўйҳатдан ўтган: 03 Июл 2018, 13:27

Эр-хотин муносабати

Пост Rayyona » 24 сен 2019, 18:28

Ассалому алайкум. Руҳшунос маслаҳатига охирги ўтган йилларимда жуда эхтиёж сездим, лекин боришга илож қилолмагандим. Ҳудога шукур, ҳозир анча ўзимга келдим, сабаби Аллоҳнинг Ўзи менга ёрдам берди. Фақат бир нарса мени жуда қийнайди, у ҳам бўлса эр-хотин муносабатидаги мувозанат, меъёр. Яширмоқчи эмасман, турмушимда эрим билан орамизда қайнона-қайнотам аралашуви сабаб жуда кўп марта келишмовчиликлар бўлган. Асли эрим ўзлари яхши кўриб уйланганлар, бу эса қайнонамга ёқмасди, хуллас шу сабаб эр-хотин орамизга совуқчиликлар тушган. Ўтган можаролар асносида эримдан шу даражада захарли сўзлар, муносабатлар кўрдимки, оқибатда юрагимнинги тўрида ардоқлаб, яккаю-ягонам деб билган инсоним – эримга нисбатан юрагимдаги барча гўзал туйғуларим чил-чил синиб тугади. Турмуш муштларига сабр қилиб фарзандларим учун, Аллоҳ йўлида яна юрагим синиқларини йиғиштириб, кўмиб яшашга мажбурман. Лекин аввалги самимий меҳр, беғубор тоза муҳаббат билан эмас, эрни аёл устидаги ҳақлари борлигини билганим учун, эрни рози қилиш Аллоҳнинг буйруғи бўлгани учунгина бурчларим, вазифаларимни виждонан бажаришга ҳаракат қиламан. Эрим аввалгидек чиройли муносабатда бўлишга ҳаракат қилади, чиройли гаплар билан кўнглимни кўтармоқчи бўлади, лекин энди мен унга ишонмайман, ҳаёлимда ҳаммаси сохтадек туюлади. Чунки унинг қахрли, совуқ қиёфаси, гап сўзлари юрагимга мухрланиб қолган. Бу ёлғончи дунёни туйғулари ҳам ўзига ўхшаган сохта, ёлғонлигига жуда кўп марта гувоҳ бўлганим учун ҳамма ҳис-туйғуларни кўмиб қўйдим. Соф муҳаббат фақат Аллоҳга бўлгандагина қийналмасдан яшаш мумкинлигини ҳис қилдим ва жуда енгил тортдим. Атрофимдаги гина қудратга тўла одамларга ҳам парво қилмай қўйдим. Лекин баъзида инсонлигим, аёллигим тутиб эримга аввалгидек меҳрим уйғонаётганини сезиб қоламан. Шу жойда ўзимга ўзим "Тўхта, нима қиляпсан? Яна азоб тортмоқчимисан? Асло чегарадан ўтма, барибир ҳаммаси сохта, ёлғон, юрагингга яқин олма, Аллоҳ рози бўлиши учун вазифаларингни яхшилаб бажаргин-у, лекин қалбингни аралаштирма, уни беҳуда ишлар учун қийнама", деб қайтараман. Ҳаётда юрагим билан ёлғон алдовлар ўртасига гўёки бир қўрғон қурдим. Энди яшаш анча осон ва енгилрок бўлиб қолгандек гўё, лекин баъзида шу қўрғоним бузилиб кетишидан қўрқаман. Сиздан сўрамоқчи бўлганим, шу ҳолатимда қандай маслаҳат берасиз, мени холатимдаги аёллар ҳам мурожаат қилишганми? Аллоҳ рози бўлсин.

Руҳшунос
Постлар: 385
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:38

Жавоб: Эр-хотин муносабати

Пост Руҳшунос » 28 сен 2019, 23:35

Ваалайкум ассалом. Жуда тўғри йўлни тутибсиз. Сиз каби аёллар жуда-жуда кўп. Баъзида аёллар турмушга чиққандан сўнг ўзлигини унутиб қўяди ва борлиғини, вужудини ҳам турмуш ўртоғига, фарзандларига, қайнона-қайнотасига топшириб қўя қоладилар. Аммо шунга лойиқ жавоб ололмай, қилган яхшиликларини миннат қилиб, ҳаммадан нафратлана бошлайдилар. Аслида, яқин қариндошлар, фарзандлар бандасига синов учун берилганлиги ҳақида ояти карималарда ҳам келтирилганку. Турмушни қаҳва деб қарайдиган бўлсак, аёл киши қанд эмаски унда эриб йўқ бўлиб кетса. Мен турмушида ўзига яхши муносабат тополмаган кўпгина аёлларни шу қандга ўхшатаман. Аммо аёл киши шу билан биргаликда беодоб бўлиб, ўзидан катталарга хизмат қилмай, эрининг қариндошларига беписанд бўлмаслиги керак. Турмуш ўртоғи ва унинг яқинларига қилинадиган хизматларда чегара борлигини унутмаслик керак. Ўзини қуллик даражасига ҳам туширмаслик керак ва беодоб ҳам бўлмаслик керак. Албатта ўзининг ҳақ-хуқуқларини биладиган, ўз қадрига етадиган, асосийси бу дунёдаги вазифаларини яхши тушунадиган аёл ўша чегарани бузмай яшай олади. Ана шунда турмушдаги баъзи қийинчиликлар, нохушликлар қалбга зарба бермайди, инсон ўзини йўқотиб қўймайди ва дардга муккасидан кетиб асосий вазифаларини унутмайди. Валлоҳу аълам.

Rayyona
Постлар: 6
Рўйҳатдан ўтган: 03 Июл 2018, 13:27

Жавоб: Эр-хотин муносабати

Пост Rayyona » 29 сен 2019, 01:11

Вақтингизни аямай берган жавобингиз учун катта раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин!

Руҳшунос
Постлар: 385
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:38

Жавоб: Эр-хотин муносабати

Пост Руҳшунос » 14 окт 2019, 10:37

Омийн, ташаккур. Саломат бўлинг!


«Руҳшунос маслаҳати»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 3 меҳмон