Сурункали тонзиллит ҳомиламга таъсир қиладими?

nigina xonim
Постлар: 2
Рўйҳатдан ўтган: 29 авг 2019, 06:46

Сурункали тонзиллит ҳомиламга таъсир қиладими?

Пост nigina xonim » 31 авг 2019, 22:53

Aссалому алайкум. Катта фарзандимга БМФ (Болалар мия фалажи) ташхиси қўйилган. Ҳозирда юрмайди, эшитади, лекин гапирмайди. Биринчи фарзандимдан кейин қонимда ТОРЧ инфексияси аниқланган. Даволанишга улгурмасдан иккинчи фарзандимга ҳомиладор бўлдим. Иккинчи фарзандим соғлом. Ҳозирда учинчи фарзандимга ҳомиладорман. Инфексия учун даволанмадим. Ҳомилам беш ойлик. Мени сурункали тонзиллит қийнайди, доим томоғим ва қулоғимда оғриқ бор. Уч марта даволандим, яхши бўлгандай бўламан-у, аммо яна қайтиб қўзғайди. Ҳар ой УЗИ текширувидан ўтиб тураман. Улар ҳомила ривожланиши яхши эканини айтишди.
Яқинда ҚВПдан скриннинг марказига қон топшириш учун йўлланма ёзиб беришди. У ерга бориб қон топширдим. Агар ҳомилада бирор нуқсон бўлса, ўша қон таҳлилидан ёки УЗИ текширувларидан билса бўладими? Скрининг марказда қилинадиган қон таҳлилидан қандай нуқсон ва касалликлар аниқланади? Ёки яна бирор текширувлардан ўтишим керакми? 8 йилдан бери биринчи фарзандимниннг аҳволи мени қийнайди. Тонзиллитни қандай даволасам бўлади?

Шифокор
Постлар: 487
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:39

Жавоб: Сурункали тонзиллит ҳомиламга таъсир қиладими?

Пост Шифокор » 13 окт 2019, 00:42

Ва алайкум ассалом. ТОРЧ инфекция билан аввалдан зарарланган онанинг ҳомиласи ҳомиладорлик пайтида янги зарарланган она ҳомиласидан фарқли ўлароқ бу инфекция таъсирида кўпам зарарланмайди. Агарда сиз бу инфекция билан ҳомиладор бўлганингиздан кейин ўткир кўринишда оғриганингизда хавотирга ўрин бўлар эди, сизда у сурункали кўринишда экан, титрини текширтиринг, паст чиқса хавотирланмасангиз ҳам бўлаверади, иншааллоҳ . Ҳар ой УЗДга тушишингиз ноўрин! Унинг ҳам кўрсатмалари бор, маълум муддатда ва маълум миқдорда. Албатта, ҳомилада ривожланиш нуқсонлари мавжуд бўлса, скрининг текшируви орқали уни аниқлаш мумкин. Скрининг текшируви 2 қисмдан ташкил топган: :
1. УЗД текшируви (одатда 10-13 ҳафталик муддат оралиғида ўтказилади).
2. Биохимик текширувлар.
Биохимик текширувда олинган қон таҳлили натижасида 240 дан ортиқ генетик детерминирланган касалликларни аниқлаш ва истисно қилиш имконияти мавжуд. Улар орасида энг кўп учрайдиганлари: Даун синдроми, Патау синдроми, Эдвардс синдроми, Смит-Опиц синдроми, хромосома наборларининг бузилиши патологиялари, киндик чурраси ва ҳоказолар.
Тонзиллит билан қайта оғримаслик учун мавсумга мос равишда кийининг, совуқ ичимлик ва таомларни истеъмол қилманг, ОРВИ касалликлари билан мулоқотни чегараланг, иложи борича одам гавжум бўладиган жойларда кам бўлишга ҳаракат қилинг, сабзавот ва хўл мевалар истеъмолини кўпайтиринг, поливитаминлардан Витрум Пренатал Форте кабиларни қабул қилинг, антибиотик қабул қилганда ҳар 8 соат (3 маҳал ичиладиган тури учун) ёки ҳар 12 соат (2 маҳал ичиладиган тури учун) режимига қатъий риоя қилинг ва қабул давомийлигига риоя этинг: шундагина инфекция ўчоғини бартараф қила оласиз. Туққанингиздан сўнг физиотерапевтик муолажаларни (Тубус муолажаси) олсангиз, иншааллоҳ, яхши бўлади.
Аллоҳ таоло сизни жисмонан, руҳан, маънан соғлом, салоҳиятли, солиҳ зурриётлар билан неъматлантирсин.


«Шифокор маслаҳати»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 6 меҳмонлар