Васила ҳақида

Савол
Постлар: 2815
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:34

Васила ҳақида

Пост Савол » 09 март 2017, 15:32

Саволим шуки: кимларни васила қилса бўлади? Васила нима?

Одинахон Муҳаммад Юсуф
Постлар: 3279
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 04:32

Жавоб: Васила ҳақида

Пост Одинахон Муҳаммад Юсуф » 09 март 2017, 15:33

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва киши ўзи қилган солиҳ амалини васила қилса бўлади. Васила – восита демакдир, яъни бирор нарсанинг ҳаққи-ҳурматидан бирор нарсани сўраш.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Уч киши пиёда йўлга чиқди. Кейин ёмғирда қолиб, тоғдаги бир ғорга кириб олишди. Бирдан олдиларига (ғор оғзига) бир харсанг тушди. Шунда улар бир-бирларига:
«Аллоҳга ўзингиз қилган энг афзал амал ила дуо қилинглар», дейишди. Улардан бири:
«Аллоҳим! Менинг ёши улуғ, кекса ота-онам бор эди. Мен чиқиб, қўй боқар эдим, кейин келиб, сут соғар ва уни ота-онамга олиб келар эдим. Уни улар ичишарди, сўнгра гўдакларим ва аҳлу аёлимга ичирар эдим. Бир кеча ушланиб қолдим. Келсам, икковлари ҳам ухлаб қолишибди. Уларни уйғотгим келмади. Болалар эса оёғим остида изиллаб йиғлашар эди. Мен ҳам, ота-онам ҳам тонг отгунча шу ҳолда бўлдик. Аллоҳим, агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин, ундан осмонни кўрайлик», деди. Шунда уларга тирқиш очилди. Бошқаси эса:
«Аллоҳим, Ўзинг биласанки, мен амакимнинг қизларидан бирини эркак кишининг аёлларни энг қаттиқ севишидек севар эдим. (Қиз) «Юз динор бермагунингча бунга етиша олмайсан», деди. Мен шунга (пулга) уриниб юриб, ниҳоят уни тўпладим. Кейин унинг икки оёғи орасига чўккалаганимда, у: «Аллоҳдан қўрқ! Ҳақини бермай туриб муҳрни очма!» деди. Шунда мен ўрнимдан туриб кетдим ва уни тарк этдим. Агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизга бир тирқиш очгин», деди. Шунда уларга учдан икки қисм очилди. Кейингиси:
«Аллоҳим! Ўзинг биласанки, мен бир фарақ* маккажўхори эвазига мардикор ёллаган эдим. Кейин унга шуни берган эдим, олишдан бош тортди. Мен ўша бир фарақни атайлаб экиб, шунинг орқасидан сигирлар ва уларнинг молбоқарини ҳам сотиб олдим. Кейинроқ у келиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, ҳақимни бер», деди. Мен: «Анави сигир ва унинг молбоқарига бор, улар сеники», дедим. У: «Мени масхара қиляпсанми?» деди. Мен: «Сени масхара қилаётганим йўқ, улар сеники», дедим. Аллоҳим, агар мени шу ишни Сенинг розилигингни истаб қилган, деб билган бўлсанг, бизни қутқаргин», деди. Шунда уларга (йўл) очилди».
* Фарақ – ўн олти ратл (олти ярим литрдан кўпроқ) сув сиғадиган мис идиш. У Ҳижозда шу ном билан юритилган.
Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: Қисқа услубда баён этилган бу гўзал ҳадисда ихлос билан қилинган яхши амал нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам фойда бериши ҳақида сўз кетмоқда. Мўмин-мусулмон банданинг солиҳ амали бу дунёдаёқ унинг бошидан баъзи мушкулларни кўтариб, кушойиш бериши мумкинлиги билдирилмоқда.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом таълимотларини кишиларга ана шундай – улар тушуниши осон бир тарзда баён қилишга ҳаракат этар эдилар. Кези келганда ғоятда балоғатли ва фасоҳатли ваъз сўзлаб, ҳаммани йиғлатар, қалбларни ларзага солар эдилар. Кези келганда ўтган умматлардан мисоллар келтирар эдилар. Ушбу биз ўрганаётган ҳадисимизда эса баён қилиш лозим бўлган маъно баъзи кишиларнинг бошидан ўтган қисса шаклида тақдим этилмоқда. Албатта, бу услубнинг ўзига яраша таъсири бор. Бу шаклда баён этилган маънони кишилар тушунишлари осонроқ, ундан таъсирланишлари кучлироқ бўлади.
Уч киши йўлда кетаётиб, ёмғирда қолишибди. Ёмғирдан қочиб, тоғдаги бир ғорга киришибди. Тоғдан бир катта харсанг тош думалаб тушиб, улар ўтирган ғорнинг оғзини тўсиб қолибди. Уч мусофир жуда қийин аҳволда қолишибди. Ҳеч ким йўқ, тоғдаги ғорнинг ичидалар. Бировни ёрдамга чақириш ҳам мумкин эмас. Улкан тош тушиб, ғорнинг оғзини беркитиб қўйган. Уни думалатиш ёки суришга қандай қурблари етсин! Аллоҳга ёлворишдан бошқа ҳеч қандай иложлари йўқ. Аммо Аллоҳга ёлвориш ҳам турлича бўлади. Банданинг қайси бир ёлворишини Аллоҳ таоло тезроқ қабул қилади? Улар ўз ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда ўйлаб-ўйлаб, бир қарорга келишибди.
«Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васила этиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», деган маънода гапирибди.
Улар Аллоҳ таолога қуруқдан-қуруқ ёлворишни ўзларига эп кўрмадилар. Умрларида Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларини васила эта туриб, Аллоҳдан омонлик сўрашни маъқул топдилар.
Биринчилари ўзининг қариб қолган ота-онасига Аллоҳ учун чин ихлос билан қилган ҳурмат-эҳтироми ва хизматини васила этишга қарор қилибди. У кишининг қари ота-онаси билан бирга ёш болалари ҳам бор экан. Ҳар куни кундалик ишидан қайтиб келиб, қўйларини соққач, ота-онасининг ҳурматини қилиб, сутни олдин уларга, сўнгра болаларига берар экан. Демак, уларнинг бошқа таомга имконлари йўқ экан. Бир куни у ишидан кеч қайтибди. Қараса, ота-онаси ухлаб қолишибди. Одатдагидек, сут соғибди. Соғилган сутни кўтариб, ухлаб ётган ота-онасининг бошларига келибди. Уларга озор бермаслик учун уйғотишни ўзига эп кўрмабди. Уйғониб қолсалар, қоринлари оч ҳолда мени излаб қолишмасин деб, жойидан жилмай тураверибди. Ўзи куни билан ишлаб, чарчаб келган бўлса-да, ухламабди. Болалари очликдан оёғи остида йиғлаб туришса ҳам, ота-онам уйғониб, сутсиз қолишмасин, деб сутни болаларига бермабди. Тонг отгунча шу ҳолатда, ота-онасининг бошида тик туриб чиқибди.
Ана шу банда Аллоҳ розилиги учун ота-онасига ихлос билан қилган хизматларини васила қилиб, бошига тушган мушкулни аритишни сидқидилдан сўрабди. Аллоҳ таоло у одамнинг илтижосини қабул қилиб, мазкур солиҳ амали эвазига ғор оғзининг учдан бирини очибди.
Демак, ота-онага иззат-эҳтиром кўрсатиб, уларга ихлос билан Аллоҳнинг розилигини истаб, хизмат қилиш фарзандга нафақат охиратда, балки бу дунёда ҳам яхшиликлар етишига сабаб бўлар экан. Ҳатто бошига тушган мусибатнинг кўтарилишига ҳам васила бўлар экан.
Энди иккинчи йўловчининг навбати келди. У ҳам ўз умрида Аллоҳнинг розилигини истаб, чин ихлос билан қилган бир солиҳ амалини васила этишга ўтди. У ўз амакисининг қизини яхши кўрар экан. Яхши кўрганда ҳам, юрак-юракдан, чидаб бўлмайдиган тарзда яхши кўрар экан. Бир куни қизни овлоқ жойда учратиб, ундан жинсий яқинликни талаб қилибди. Қиз «Юз динор бермасанг, рози бўлмайман», деб бош тортибди. Йигит пулни тўплаб, қизга берибди. Унинг учун зино қилишга ҳеч қандай тўсиқ қолмаган бир пайтда қиз унга Аллоҳни эслатиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ!» дебди.
Маҳримни бериб, мени шаръий хотин қилиб олмагунингча менга тегма, дебди. Аллоҳнинг номини эшитган йигит дарҳол ўзига келибди. Аллоҳдан қўрқиб, шайтонга ҳай берибди. Охират азобидан қўрқиб, оний лаззатидан воз кечибди. Аллоҳнинг розилигини истаб, қизга тегмабди. Бу банда ўша ғордаги мусибатли кунда Аллоҳнинг розилигини истаб, ихлос билан қилган солиҳ амалини ёдга олибди. Ўшани васила қилиб, Аллоҳдан кушойиш сўрабди. Аллоҳ таоло унинг илтижосини қабул қилиб, мазкур солиҳ амали эвазига ғор оғзининг яна бир қисмини очибди.
Гуноҳ ишни қилишга қодир бўлиб турганда Аллоҳдан қўрқиб, У Зотнинг розилигини истаб, ўша ишни тарк этиш ҳам солиҳ амал ҳисобланар экан. Аллоҳдан қўрқиб, қилмоқчи бўлиб турган гуноҳ ишдан қайтган банда нафақат охират савобига, балки бу дунёнинг яхшиликларига ҳам эришар экан. Банданинг ихлос билан ёмонликни тарк қилиши унинг бошидан мусибатнинг кўтарилишига сабаб бўлар экан.
Учинчи йўловчига навбат келди. У ҳам ўзининг икки ҳамсафари каби, чин ихлос билан, Аллоҳнинг розилигини истаб қилган солиҳ амалларидан бирини васила этишга тушди.
У бир фарақ (Мадинаи Мунаввара ўлчови билан ўн олти қадоқ) оғирликдаги гуруч эвазига бир мардикор ёллаган экан. Мардикор келишилган ишни тугатгач, ҳаққини талаб қилибди. Иш эгаси келишилган гуручни берса, аччиқ қилиб олмай кетибди. Гуруч шоли ҳолида экан. Учинчи йўловчи мардикорнинг ҳаққига хиёнат бўлмасин, деб уни мавсум келганда экибди. Шолисини йиғиштириб олиб, сотибди. Тушган даромадга сигир олибди. Вақт ўтиши билан иш ҳаққи қилиб берилиши лозим бўлган ўша шоли кўпайиб, бир пода сигирларга айланибди. Уларни боқувчи молбоқарлари ҳам бор экан. Йиллар ўтиб, мардикор қайтиб келиб, яна ҳаққини талаб қилибди. Шунда иш берган киши унга:
«Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дебди.
Мардикор бу гапга ишонмабди. Бу одам мени масҳара қиляпти деб ўйлаб, унга:
«Аллоҳдан қўрқ! Мени масҳара қилма!» дебди.
У киши эса жиддийлик билан:
«Сени масҳара қилаётганим йўқ, олавер», дебди.
Мардикор сигирлар ва чўпонларни олибди.
Ҳалиги банда ғорга қамалиб қолганида Аллоҳнинг розилигини истаб, ихлос билан қилган ўша солиҳ амалини эслабди. Уни васила қилиб, Аллоҳдан мадад сўрабди. Аллоҳ таоло унинг илтижосини қабул этиб, солиҳ амали эвазига ғор оғзининг қолган қисмини ҳам очиб юборибди. Улар ғордан чиқиб, йўлларига равона бўлибдилар.
Аллоҳ таолонинг розилигини истаб, бировнинг ҳаққини емаслик, зое қилмаслик, балки авайлаб-асраб сақлаш, кўпайтириш қанчалик яхши нарса! Бундай иш нафақат охират саодатига, балки бу дунё саодатига ҳам эриштирар экан. Банданинг бошига тушган мусибатни аритишга сабаб бўлар экан. («Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг 3-жузидан) Валлоҳу аълам.


«Ақийда»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 0 меҳмонлар