Масҳ ҳақида

Савол
Постлар: 2815
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 06:34

Масҳ ҳақида

Пост Савол » 06 март 2017, 23:08

Ассалому алайкум. Сиздан масҳ тортиш ҳақида сўрамоқчи эдим. Бир танишим ҳар доим эрталаб оёғини ювиб, таҳорат қилади-ю, лекин кейинги намозларда оёғига масҳ тортади. Унинг айтишича, бу биз учун енгиллик экан. Агар таҳорат қилаётганда оёғи ёпиқ бўлса, янаги таҳорат пайтида ювгандан кўра масҳ тортиш афзал экан. Шу гап ростми? Ҳар куни масҳ тортишни одат қилиш яхшими? Бунга қандай далил бор?

Одинахон Муҳаммад Юсуф
Постлар: 3282
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 04:32

Жавоб: Масҳ ҳақида

Пост Одинахон Муҳаммад Юсуф » 06 март 2017, 23:09

Ва алайкум ассалом. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 6-оятида марҳамат қилади:
«Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювинглар».
Таҳоратнинг фарзлиги ва бу фарз амалнинг ичида тўртта фарз борлиги ушбу оятдан олинган. Шу билан бирга, баъзи тоифалар ушбу оятни тушунишда ва ундан ҳукм чиқаришда мусулмонлар жумҳурига зид боришган. Бунга ояти каримани нотўғри талқин қилиш сабаб бўлган. Оятнинг матни «Бошларингизга масҳ тортинглар ва оёқларингизга ҳам!» деганга ўхшаш маънода келган. Бу тарзда тузилган жумлани шиъа мазҳабидаги кишилар «ва оёқларингизга ҳам масҳ тортинглар», деган маънода тушунганлар ҳамда шу маънодан келиб чиқиб, «Таҳорат қилганда юзини ювади, қўлини чиғаноғи билан ювади, бошига ҳамда оёғига масҳ тортади», деб ҳукм чиқарганлар. Шундай қиладилар ҳам. Қуръони Карим маънолари бошқа тилларга таржима қилинганда ҳам кўпинча шу хатога йўл қўйилган. Аслида эса ундай эмас. Таҳоратнинг тартибига мувофиқ бўлиши учун оёқни ювиш кераклиги охирида зикр қилинган. Араб тилидан, Қуръон тиловатидан хабардор ҳеч бир одам бу оятни ушбу маънодан бошқа маънода тушунмайди. Қолаверса, Қуръони Каримни биринчи қабул қилиб олган зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга оёқни ювиш маъносини берганлар ва ўзлари доимо таҳоратда оёқларини ювганлар. Қуръони Каримнинг нозил бўлишига ҳамаср бўлган саодатманд авлод – саҳобаи киромлар авлоди бу оят оёқни ювишни англатади, деб тушунганлар ва ҳаммалари таҳорат қилганларида оёқларини ювганлар. Улардан бирорталари ҳам оёққа масҳ тортмаганлар. Валлоҳу аълам.


«Фиқҳ»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: рўйҳатдан ўтган фойдаланувчи йўқ va 1 меҳмон