Эътикоф ўтириш ҳамда Зуҳо намози ҳақида

zulayxo
Постлар: 8
Рўйҳатдан ўтган: 08 май 2018, 13:30

Эътикоф ўтириш ҳамда Зуҳо намози ҳақида

Пост zulayxo » 17 май 2018, 09:58

Ассалому алайкум Одинахон Опа! Эътикоф ўтириш ҳамда Зуҳо намози ҳақида маълумот берсангиз илтимос!

Одинахон Муҳаммад Юсуф
Постлар: 2752
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 04:32

Жавоб: Эътикоф ўтириш ҳамда Зуҳо намози ҳақида

Пост Одинахон Муҳаммад Юсуф » 24 май 2018, 04:42

Ва алайкум ассалом.
Зуҳо – чошгоҳ намози.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ ، عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: «مَنْ حَافَظَ عَلَى شُفْعَةِ الضُّحَى غُفِرَ لَهُ ذُنُوبُهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким чошгоҳ намозини муҳофаза (бардавом) қилса, унинг гуноҳлари, агар денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Бу намоз икки ракъатдан саккиз ракъатгача бўлади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча тўрт ракъат ўқиганлар. Унинг вақти қуёш найза бўйи кўтарилгандан бошлаб, то заволга яқин қолгунчадир. Энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтганидан кейиндир.
Эътикоф суннати муаккададир. У рўзадорнинг эътикоф нияти ила жамоат масжидида қолишидир.
Унинг ози бир кундир. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди. Жумага заволдан кейин боради.
Кимнинг манзили узоқ бўлса, суннатларни ўқиб, жумага бемалол эришадиган вақтни чамалаб боради. Жомеъ масжидда мазкур муддатдан кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди. Агар узрсиз маълум вақтга чиқса, эътикофи бузилади. У эътикоф ўтирган масжидида еб-ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди-сотди қилиши мумкин. Бошқа киши бу ишларни масжидда қилиши мумкин эмас. У жим ўтирмайди. Фақатгина хайрли нарсаларни гапиради.
Кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жинсий алоқа қилиш эътикофни бузади. Шунингдек, фарждан бошқа ерга жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш сабабли маний нозил қилса ҳам эътикоф бузилади. Аммо нозил қилмаса, мазкур ишлар ўзи ҳаром бўлса ҳам, эътикоф бузилмайди. Аёл киши уйида эътикоф ўтиради. Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам ўтириш лозим бўлади. Бунда шарт қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради.
Кундузнинг ўзини ният қилиш жоиз.
«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» деган маъноларни ифода этади.
Шариатда эса
«Рўзадорнинг эътикоф нияти ила жамоат масжидида қолишидир».
Аллоҳ таоло:

«Масжидларда эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг», деган (Бақара сураси, 187-оят).
Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига ушбу оят далилдир. Бу оятда эътикоф ўтирган шахс ўз хотини ила жинсий яқинлик қилмаслиги кераклигига ва эътикоф ибодати масжидда бўлишига ҳам далил бор.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا زَوْجِ النَّبِيِّ : أَنَّ النَّبِيَّ  كَانَ يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ الْأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ، حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ، ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у зотни вафот эттиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра у зотдан кейин завжалари ўтиришди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:
1. Вожиб.
Бунга назр қилинган эътикоф киради.
2. Суннати муаккада.
Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.
3. Мустаҳаб.
Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.
Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб, у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.
Унинг ози бир кундир.
Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи: «Эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади», деганлар ва шунга фатво берилган.
Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради.
Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлгани каби.
Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди.
Масжид деганда фақат намоз ўқиш учун ажратилган жойлар тушунилади. Масжид саҳни, имом ҳатиб ва бошқалар учун қурилган бинолар ва келажакда бошқа эҳтиёжлар учун ажратиб қўйилган ерлар масжид ҳисобланмайди. Инсон ҳожатлари деганда катта ва кичик таҳорат ушатиш, нажосатни кетказиш ва жунубликдан ғусл қилиш каби ишлар кўзда тутилади. Мазкур ишларни қилиб бўлиши билан дарҳол эътикоф ўтирган жойига қайтади.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ  إِذَا اعْتَكَفَ لَا يَدْخُلُ الْبَيْتَ إِلَّا لِحَاجَةِ الْإِنْسَانِ. رَوَاهُ مَالِكٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ­эътикоф ўтирсалар, инсон ҳожатидан бошқа нарса учун уйга кирмас эдилар».
Молик ривоят қилган.
Жумага заволдан кейин боради.
Боргандан кейин суннатни ўқиб олишга етадиган вақт бўлиши учун. Бу жума ўқиладиган жомеъ масжидга яқин жойда эътикоф ўтирган одам учундир.
Кимнинг манзили узоқ бўлса, суннатларни ўқиб, жумага бемалол эришадиган вақтни чамалаб боради.
Яъни жума бошлангунча унинг фарздан аввалги тўрт ракъат суннатини ўқиб оладиган вақт ҳам бўлишининг ҳисобини қилиши лозим бўлади.
Икки ийд намозига бориши ҳам худди жумага боришга ўхшайди.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Жума ўқиладиган масжидда эътикоф ўтириш афзал», дейдилар.
Жомеъ масжидда мазкур муддатдан кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди.
Чунки бу масжид ҳам аслида эътикоф еридир.
Шунингдек, масжид йиқилгани, жамоат тарқалиб кетгани, золимнинг мажбурлаб чиқариб юборгани, жиноятчиларнинг жонга ёки молга таҳдид солгани учун чиқиш ила эътикоф бузилмайди. Бошқа жойга бориб, эътикофини давом эттираверади.
Агар узрсиз маълум вақтга чиқса, эътикофи бузилади.
Шунингдек, ғарқ бўлаётган ёки ёнаётган нарсани қутқариш каби фавқулодда ҳолатларда, шунингдек, бемор кўриш, жанозада қатнашиш, гувоҳлик бериш каби ишлар учун чиқса ҳам эътикофи бузилади ва қазо лозим бўлади.
У эътикоф ўтирган масжидида еб-ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди-сотди қилиши мумкин. Бошқа киши бу ишларни масжидда қилиши мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтир-ганларида шундай қилганлар. Ушбу ҳожатларни масжиддан чиқмасдан бажариш мумкин, аммо эътикоф ўтирмаган одам мазкур ишларни масжидда қилиши мумкин эмас.
Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، عَنْ رَسُولِ اللهِ ، أَنَّهُ نَهَى عَنْ تَنَاشُدِ الْأَشْعَارِ فِي الْمَسْجِدِ، وَعَنِ الْبَيْعِ وَالْاِشْتِرَاءِ فِيهِ، وَأَنْ يَتَحَلَّقَ النَّاسُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ قَبْلَ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олди-сотди ва жума куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан наҳий қилдилар».
Термизий, Насоий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
У жим ўтирмайди. Фақатгина хайрли нарсаларни гапиради.
Эътикоф ўтирган одам ибодат деб, оғзига мум солгандек, жим ўтириши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Эътикофдаги киши намоз ўқиш, тиловат, зикр, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва бошқа набийларнинг сийратларини, аҳли солиҳлар ҳақидаги хабарларни ўрганиш билан машғул бўлади.
Кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жинсий алоқа қилиш эътикофни бузади. Шунингдек, фарждан бошқа ерга жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш сабабли маний нозил қилса ҳам эътикоф бузилади.
Чунки эътикоф ҳам худди намоздек нарса. Мазкур нарсаларнинг барчаси намозни бузади.
Аммо нозил қилмаса, мазкур ишлар ўзи ҳаром бўлса ҳам, эътикоф бузилмайди.
Булар жинсий алоқага олиб борадиган нарсалар бўлса ҳам, уларда жинсий алоқанинг маъноси йўқ.
Аёл киши уйида эътикоф ўтиради.
Яъни уйидаги намоз ўқийдиган жойида. Чунки аёл киши учун энг қулай жой ўшадир.
Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам ўтириш лозим бўлади.
Шунингдек, бир неча кеча эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кечаларнинг кундузларини ҳам ўтириш лозим бўлади.
Бунда шарт қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради.
Кундузнинг ўзини ният қилиш жоиз.

zulayxo
Постлар: 8
Рўйҳатдан ўтган: 08 май 2018, 13:30

Жавоб: Эътикоф ўтириш ҳамда Зуҳо намози ҳақида

Пост zulayxo » 24 май 2018, 05:07

Аёл киши эътикоф ўтиришни ният қилса икки кунга, ўша муддат ичида уй юмушлари ва болалари билан ҳам машғул бўлиши мумкин эмас, шундайми?

Одинахон Муҳаммад Юсуф
Постлар: 2752
Рўйҳатдан ўтган: 06 март 2017, 04:32

Жавоб: Эътикоф ўтириш ҳамда Зуҳо намози ҳақида

Пост Одинахон Муҳаммад Юсуф » 05 Июн 2018, 11:19

Эътикоф нима ўзи? Эътикоф дунё ишларидан ҳоли бўлиб, Аллоҳга юзланиш. Ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг.

Muzdalifa
Постлар: 1
Рўйҳатдан ўтган: 10 Июн 2017, 23:11

Жавоб: Эътикоф ўтириш ҳамда Зуҳо намози ҳақида

Пост Muzdalifa » 06 Июн 2018, 22:44

Assalomu alaykum , etikofni kami 1 soat deb aytgandi bir odam, demak undaymasakanda?

zulayxo
Постлар: 8
Рўйҳатдан ўтган: 08 май 2018, 13:30

Жавоб: Эътикоф ўтириш ҳамда Зуҳо намози ҳақида

Пост zulayxo » 09 Июн 2018, 04:56

Ma'zur tutasz bu borada yetarlicha ma'lumotga ega emasligimni! Javoblar uchun katta rahmat! Qimmatli vaqtingizni olganim uchun uzr!


«Динда саволим бор»га қайтиш

Ҳозир форумда онлине фойдаланувчилар

Ҳозир форумда: Bing [Bot] va 3 меҳмон