Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Иккинчи мактуб.
Сизни соғиндим, Ё Расулаллоҳ! Ё Расулаллоҳ! Аллоҳдан Сизга мукаммал саловоту дурудлар бўлсин! Орадан 10 йил ўтиб, яна Сизга мактуб ёзгим келди. Бу йиллар ичида нималар бўлди-ю, нималар бўлмади. Шунча йилнинг ичида Сизга берган ваъдамни бажаролдимми, Ё Расулаллоҳ!
Аллоҳ шоҳид, Ё Расулаллоҳ! Мен кучим борича ҳақиқий мўмина бўлишга, Сизга лойиқ уммат бўлишга ҳаракат қилдим. Тан олиш керак, мен Сиз ҳадисда васфини қилган «саҳифаларга иймон келтирган» умматингизнинг ҳам энг ожизи эканман. Руҳий оламда, Роббимга берган ваъдамни бажаришим кераклигини бу дунёга келиб, ёшим ўттизга етгачгина тушундим.Сизга ваъда берганимга эса 10 йил тўлибди. Бу аслида узоқ муддат, бироқ бир инсоннинг қайта тарбияланиши учун жуда қисқа вақт экан. Қанчалик уринмайин, ёшликда зеҳнимга ўрнашган нарсаларни, қон-қонимга сингиб кетган одатларни, ёмон иллатларни муолажа қилиш жуда мушкул иш бўлиб чиқди.
Тарбиянинг энг қийини ўз-ўзингни тарбиялаш экан. Лекин мен Сизга ваъда берганман. Оддий бир одамга бирор нарсани ваъда қилсам, иложи борича, бажаришга ҳаракат қиламан-ку, агар Сизга берган ваъдамни бажармасам, нима деган одам бўламан. Бунга қанча вақт, қанча куч кетишини билмайман, лекин мақсадимга эришмагунимча тўхтамайман... Бу иш мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Сиз огоҳлантирган эдингиз: «Ким мени яхши кўрса, мусибатларга тайёр турсин», деб. Ҳақиқий қийинчиликлар энди бошланган эди. Бу йўлда жидду-жаҳдим ортгани сари тўсиқлар ҳам кўпая борди. Тўсиқлар кўпайган сайин, менинг иштиёқим, шавқим ортаверди. Қачон бошимга бирор иш тушса, Сизнинг ҳаётингиз давомида кўрган қийинчиликлар, пайғамбарлик келгач, Сиз кўрган тазйиқлар, машаққатлар олдида, бу ҳеч гап эмаслигини эсладим. Отам вафот этиб, бошимга тушган мусибат куни, Сиз Рафиқи Аълога риҳлат қилган кунни эсладим. Нафақат бу умматнинг, балки бутун оламнинг бошига тушган мусибат олдида менинг мусибатим кичик кўринди. Сиз ўргатганингиздай «истиржо» дуосини, мусибат дуосини қилдим. Ўшанда оиламиз бошига тушган бу йўқотишдан гангиб қолмаслигим учун Ўзингиз далда бўлдингиз, Ё Расулаллоҳ! Фарзандларимнинг отаси вафот этиб, ҳам ота, ҳам она бўлиш қийин кўринган пайтда, яна Сизнинг болалигингизни эслаб, ҳам ота, ҳам онадан жуда эрта айрилиб, уларнинг меҳрига зор бўлиб ўтганингизни,лекин шунга қарамай, гўзал ва юксак ҳулқ эгаси бўлган буюк инсон бўлиб вояга етганингизни, Сизнинг ибратларга тўла ҳаётингизни гапириб бериб, фарзандларимга тасалли берардим. Отаси йўқлигини билдирмаслик учун ҳар қанча уринмайин, барибир «отасиз етим» бўлиб қолган болаларимнинг мунгли бошини силар эканман, «Етимнинг бошини силаган мен билан жаннатда ёнма- ён туради » деган сўзларингиз билан ўзимга тасалли берардим. Ёлғиз аёлнинг ўз шаънини ҳимоя қилиб олиши жуда қийин экан. Бирорта эркак билан самимий муомаланг ҳам нотўғри тушунилар, атрофдаги тўкис аёлларнинг назарида уларнинг эрини тортиб олишдан бошқа ишинг йўқдай, сенга рақибига қарагандай қараши, ҳаётда бундан олийроқ мақсадлар йўлида юрганинг ҳеч кимни қизиқтирмаслиги, агар кулсанг ё сал ўзинга қарасанг, эрсираб қолибди, деб ўйлашлари, маҳзун бўлсанг, бевалигингни пеш қилаётгандай ёки уларда бор нарса сенда йўқлиги учун кўролмаётгандай бўлиб туюлиши, ҳаммаси жонимга тегиб кетган пайтлар бўлди Ё Расулаллоҳ!Бу нарсалардан шунчалик чарчаганимдан, менга қарши бўлаётган бўҳтонларнинг ёмғиридан қочгани куч ҳам топа олмай қолганимда, қуруқ туҳматларнинг аччиқ таъми, хўрлик ва аламга қоришиб бўғзимга тиқилган бир пайтда, Сизнинг суюкли аёлингиз, мўминларнинг онаси, Оиша онамизнинг бошларидан ўтган «Ифк ҳодисаси»ни эсладим. Сарвари коинотнинг аҳли аёлига нисбатан бўлган бўҳтоннинг менга бўлаётганига нисбатан нечоғлик оғир ва даҳшатли эканини ўйлаганимда, бу мусибатим ҳам зарра мисоли бўлиб кўрина бошлади. Оиша онамнинг матонатлари менга катта сабоқ бўлди ва у кишини оқлаб туширилган оят менга ҳам кифоядир.
Авваллари рўзғоримда бирор етишмовчилик бўлса, дарров нолиб, ўрнини тўлдириш учун елиб югурар, ҳаммадан яхшироқ кийинишга, ҳаммадан яхшироқ еб-ичишга, умуман, дунё аҳли нималарни яхши кўрса, ана шуларга интилиб яшаш ҳаётимнинг мазмунидай , мол-дунёйим кўпайган сари камдай туюлар эди. Сиз туфайли ўзгардим, Ё Расулаллоҳ! Сизнинг ҳаётингизни ўрганар эканман ўзимдан ўзим уялиб кетдим. Сизнинг имкониятингиз бўла туриб, фақирона ҳаёт кечиришни афзал билганингиз, бутун дунё бойликларини оёғингиз остига олиб келиб тўкилган чоғда ҳам, у матоҳларга қайрилиб ҳам қарамай, ҳузурингизда ҳеч нарса қолмагунча мискинларга тарқатиб юборишларингизни кўриб, қанчалик кўзларимиз оч эканини, хайр-эҳсонимиз нақадар камлигини, беришдан кўра олишга ўрганиб қолган нафс бандалари эканимизни ўйлаб надомат қилдим.Мен каби ҳақир, Сизнинг оёқ остингиздаги чангчалик ҳам қадри йўқлар молик бўлган нарсаларнинг бирортаси Сизда бўлмагани, рўзғорингиз ҳатто ўша содда замон учун ҳам ўта камтарона, ўта содда бўлганини, уйингизда неча кунлаб қозон осмаган кунларингиз бўлганини, ҳаттоки очлик билинмаслиги учун қорнингизга тош бойлаб юрганларингизни ва яна шунда ҳам ҳолингизга шукр қилиб, «Энг буюк бойлик қаноатдир» деб айтган сўзларингизни эсласам, ўзимдан нафратланиб кетган пайтларим ҳам бўлди.
Ё Расулаллоҳ! Сиз менга қаноатли банда бўлишни ўргатдингиз. Аллоҳ берган ризқимга шукр қилишни, боримнинг қадрига етишни, энг катта бойлик қаноат бўлса, ундан ҳам каттароғи кўнгил бойлиги эканини ўргатдингиз. Чунки Сизнинг маънавий дунёйингиз шу қадар кенг эдики, бу дунёнинг асл моҳиятини билган, умматларига мол дунёни «дунё ахлати» деб таърифлаган, Аллоҳнинг муҳаббати ила суғорилган пок қалби ила юксак маънавий, руҳий оламларда сайр қила оладиган комил инсонга бу дунё бойликларининг пашшанинг қанотичалик ҳам аҳамиятга эга эмаслиги шубҳасиз эди. Менинг ҳам бу дунёга, ундаги нарсаларга, мол-дунёга муносабатим ўзгариб бормоқда. Лекин атроф тўла фитналар. Буларга учмаслик учун қаёқларга қочиб кетсам экан-а, Ё Расулаллоҳ! Ё Расулаллоҳ! Сизнинг ҳар бир насиҳатингиз, ҳар бир кўрсатмаю ўгитларингиз, мени тўғри йўлга йўллаб, бу машаққатларга тўла дунёда қийналмай яшаб ўтишимга, Аллоҳнинг ҳузурига боришимга, Унинг розилигини олишимга ёрдам бериши муқаррарлигини билсам-да, (хом сут эмган банда эканман) баъзида хатолар ҳам қилиб қўяман. Сизнинг сийратингиз, умр йўлингиз биз, уммат учун энг юксак намуна, энг буюк ибрат бўлса-да, ношуд ва нотавонлигимдан ҳамма нарсада Сизга эргашиб, суннатга бекаму-кўст амал қилишни уддасидан чиқа олмай хуноб бўламан. «Аллоҳни севаман!», «Расулуллоҳни севаман!» деб баралла ҳайқиргим келади, лекин ҳайқириғим бўғзимдан нарига ўтмай қолиб кетади, чунки ўша топда бу гапимни исботлайдиган амалларим жуда озлиги, улар ҳам кўнгилдагидек эмаслиги ёдимга тушиб қолади. Аллоҳнинг ҳузурида қанчалик гуноҳларим кўплиги, Сизнинг олдингизда ҳижолатга, маломатга қоладиган ишларим эса бисёрлигини ўйлаганимда, бу сўзларни овоз чиқариб айтишга ҳаққим йўқлигини тушуниб қоламан. Чунки ҳақиқий туйғуларни сўз билан эмас, амал билан кўрсатиш кераклигини биламан... Шунинг учун дил изҳоримни қоғозга тўкиб соламан...Сизни жуда соғиндим, Ё Расулаллоҳ!...
Давоми бор...