«Билимсизликнинг шифоси савол» БЎЛИМИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИ
Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуруду салавотларимиз бўлсин!
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг халқимиз учун қолдирган энг катта илмий меросларидан бири ушбу савол-жавоб саҳифасидир. Бу саҳифа ўзбек тилидаги диний сайтлар ичида энг фаоллиги, тилининг халқчиллиги ва энг асосийси кўпчиликка манфаатлилиги билан алоҳида эътиборга сазовордир.
Шунинг учун ҳам устоз раҳматуллоҳи алайҳдан кейин ушбу хизматни давом эттиришга алоҳида қунт қилинди. Бундан кўпчилик мухлисларимиз бағоят мамнун бўлиб келмоқда. Бироқ ушбу хизматнинг сифатини ошириш, кўпчилик учун янада манфаатлироқ бўлишини таъминлашга айрим фойдаланувчиларнинг тасарруфлари ҳалал бериб қолмоқда. Шу боис, ушбу камчиликларни тўғрилаб, мўмин-мусулмонлар учун, дин-диёнатимиз учун янада яхшироқ хизмат қилиш, савол-жавобларнинг савиясини ошириш мақсадида айрим мулоҳазаларни сиз азизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдик.
Муҳтарам фойдаланувчи! Аввало, ушбу саҳифага ташриф буюриб, бизга савол йўллаганингиз учун Сизга самимий миннатдорчилик билдирамиз. Ишонамизки, бу саъй-ҳаракатингиз динимизни ўрганишга ва Аллоҳнинг розилигига эришишга қаратилган. «Илмнинг калити саволдир», дейди донишмандларимиз. Сизнинг саволингиз шариатимизнинг битмас-туганмас ҳикмат хазинасидан бир дурнинг кашф этилишига сабаб бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло илм истаб савол берган ҳар бир меҳмонимизга Ўзи ваъда қилган ажру мукофотларни кўпайтириб берсин.
Ҳар бир нарсанинг тартиби, одоби бўлганидек, савол беришниннг ҳам ўзига яраша шартлари, одоблари мавжуд бўлиб, уларга риоя қилиш мўминликнинг фазилати бўлса, уларга бепарволик қилиш динга эътиборсизлик, мўмин-мусулмонларнинг ҳақларига, имкониятларига нописандлик, хусусан олимларга ҳурматсизлик бўлиб қолади.
«Muslimaat.uz» сайтидан тўлақонли фойдаланиш, савол бериш ва шахсий мактубларингизни кўриш имкониятига эга бўлишингиз учун, марҳамат, сайтимизда рўйхатдан ўтинг. Сизнинг рўйхатдан ўтишингиз қуйида битилган қоидалар билан танишиб чиққанингиз ва уларга рози эканлигингизни англатади.
Сайт маъмуриятининг ҳуқуқлари
«Muslimaat.uz» сайти масъуллари саволларга жавоб бериш-бермаслик, шунингдек, берилган саволларга жавоб бериш ваколатини учинчи шахсларга топшириш масаласини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
«Muslimaat.uz» сайти масъуллари, шунингдек, сайт муҳаррирлари жавоб берилмаган саволларни нима сабабдан инкор қилингани ҳақида маълумот бериш мажбуриятига эга эмаслар.
«Muslimaat.uz» сайти масъуллари, сиз юборган саволлардаги имловий хатоларни тўғрилаш, шунингдек, саволни бошқа ўқувчиларга ҳам тушунарли бўлиши учун, ундаги умумий маънони ўзгартирмаган ҳолда, таҳрир қилиш ҳуқуқига эгадир.
«Muslimaat.uz» сайти масъуллари берилган саволларнинг бўлимларини ўзгартириш, вақти-вақти билан сайтда жавобсиз қолган ва фойдадан йироқ бўлган саволларни сайт маълумотлар базасидан ўчириб туриш ҳуқуқига эга.
Эслатма: Бу бўлим муслима хотин-қизларимизнининг фақат диний, фиқҳий ва мутахассисларимизга оид саволларига жавоб беради.
Савол бериш қоидалари
Динга ва фиқҳга оид саволларга жавобларни устоза Одинахон Муҳаммад Юсуф берадилар. Бошқа соҳаларга яъни руҳиятга, соғликка, оилавий ва фарзандлар тарбиясидаги муаммоларга оид саволларга шу соҳанинг мутахассислари жавоб берадилар.
Саволингизга аввал жавоб берилмаганига амин бўлинг! Саволингизга жавобни аввало қўл остингиздаги мўътабар диний адабиётлардан қидириб кўринг. Топа олмасангиз, «излаш» хизматидан фойдаланинг. Излаш хизматидан фойдаланиш илм талаб қилишдир. Аслида, илм йўлида бир оз машаққат тортиш керак. Шу тўртта сўзни ёзиб, бир-икки саҳифага кўз югуртиришга ҳам ярамасак, қанақа толиби илм бўлдик?! Шу билан бирга, ушбу хизматдан фойдаланишнинг ўзи кони савоб бўлади: илм излаш, одобга риоя қилиш, аҳли илмларнинг вақтини зое қилмаслик, мусулмонларнинг меҳнатини қадрлаш, билмаган ва эсимизга келмаган қанча илмни ўзлаштириш ва ҳоказо.
3. Такрорий берилган саволларга жавоб берилмайди.
Саволларга жавоб мутахассислар томонидан етти кун муддат ичида берилади.
5. Саволингиз матнини катта ҳарфлар билан ёзманг.
6. Мавзуни саволингизга муносиб равишда тўғри танланг. Саволингизни қайси мавзуга оид эканлигини аниқлаб, тегишли бўлимга беринг. Бўлими нотўғри танланган саволлар эълон қилинмайди.
7. Саволингизни гўзал услубда беринг. Бунинг учун савол матнини ёзишдан аввал уни зеҳнингизда шакллантириб олинг. Ўзингизни олимнинг ёнида юзма-юз ўтириб, бевосита ўзларига савол бераётгандай ҳис қилинг. Саволни иложи борича имловий хатолардан холи қилиб ёзинг. Зеро, берилган саволни нафақат ўзингиз, балки бошқалар ҳам ўқиб манфаатланишлари мумкинлигини ёдда тутинг. Шунингдек, “ҳеч ким кўрмайди, билмайди”, деб, беҳаё, бемаъни ҳамда мантиқсиз саволларни ёзманг. Ўнг тарафингизда савобларингизни, чап тарафингизда эса гуноҳларингизни ёзиб турувчи «котиб фаришталар» борлигини унутманг.
8. Тушунарли савол беринг. Саволингиз дунё ва охиратга фойда келтирадиган, имкон қадар тушунарли, қисқа ва лўнда, шунингдек узун салом-аликлардан, ҳамду сано ва ташаккурлардан холи бўлсин. Шунда ўзингизнинг ҳам, ўзгаларнинг ҳам, энг асосийси, «Muslimaat.uz» сайти масъулларининг ҳам қимматли вақтларини тежаган бўласиз.
9. Ҳар сафар фақат биттадан савол беринг. Саволларингиз бир нечта бўлса, янги мавзу очиб, алоҳида савол беринг. Биттадан ортиқ берилган саволларга жавоб берилмайди.
10. Саволингизга жавоб берилмаса, худди шу мавзуда бошқа савол берманг.
11. Жавобга қаноат қилинг. Берилган жавобга далил, исбот, ҳужжат сўралмайди! Жавоб берувчи ҳужжат келтиришни лойиқ топса, буни жавобга киритади. Шунингдек, ушбу сайт, фитнага сабаб бўлувчи саволлар, қарши фикр ва мулоҳазалар, бирор шахс ҳақида маълумот оладиган, тортишув ва низолар жойи эмас. Балки, бу сайт одамларнинг манфаатлари ва фиқҳий билимлари учун хизмат қиладиган бўлимдир.
Қуйидаги мавзудаги саволларга жавоб берилмайди:
«Muslimaat.uz» сайти масъулларининг шахсан ўзларига оид, сизни дунё ва охиратингизга фойда ёки зарари бўлмаган саволлар. (Масалан, «Сиз нечта ҳадис ёд олгансиз?», «Сизнинг кимлигингизни билсам бўладими?» ва ҳоказо.)
Тушнинг таъбирини сўраш. («Тушимда балиқни кўрсам нима бўлади?» каби.)
Умумий мавзудаги саволлар. (“Банк фаолияти борасида, кредит, лизинг, ипотека, карточкани фоизли ечишга шариатимизда нима дейилади?”, ҳижоб, таълим бериш, талоқ каби.)
Саволга жавоб берилмаганининг сабабини сўраш.
«Фалон олимнинг гапига нима дейсиз?» ёки «Фалон домла ёки имомнинг гапига нима дейсиз?»
Фатво сўровчи учун қуйидагилар макруҳдир:
Кўп савол сўраш.
Динда фойдаси йўқ нарсаларни сўраш.
Воқеъликда йўқ нарсани сўраш.
Қийин масалаларни сўраш.
Таъаббудий масалаларнинг ҳикматини сўраш («Бомдод намози нима учун икки ракъат?», «Нега намозда икки марта сажда қилинади?» кабилар).
Саволда ҳаддан ташқари чуқур кетиш.
Бошқалардан устун келиш учун қайсарлик ила сўраш.
Бир олимга савол бериб, жавоб олгач, бошқа олимдан яна ўша саволни сўраш.
Енгил фатво берадиган одамни излаб топиб, сўраш. Агар илмда ва адолатда бир хил олимлар кўп бўлса, сўровчи ўзи истаган олимга мурожаат қилиши мумкин. Аммо баъзи уламолар «Бундай ҳолатда уларнинг энг афзалидан сўраган маъқул», деганлар. Ҳар бир оқил мусулмон инсон юқоридаги тўққиз банддан иборат фатво бериш одобларидан ўзига тегишли дарс ва хулосаларини чиқариб олиши лозим ва лобуддир.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу савол-жавоб саҳифасидан манфаатланиш барчамиз учундир. Бу ерда хизмат қилаётган кишилар динимиз хизматига бел боғлаган азизларимиздир. Саҳифанинг равнақ топиши, аҳли илмларимизнинг самарали фаолияти дин-диёнатимизга, халқимизга фойда, бунинг учун ҳар ким қўлидан келганча ўз ҳиссасини қўшиши шаръий талабдир. Яхши тилак, ширин сўз, хайрли дуолар билан ёрдам беринг, қўлингиздан келса, далда бўлинг. Лоақал ҳалал бермаслик, баҳоли қудрат хизмат қилиб турган кишиларга азият етказмаслик мусулмонлик бурчи эканини унутманг!
Солиҳлардан бирининг олдига бир киши келиб: «Қандай қилиб ҳаммага яхшилик қилсам бўлади?» деб сўрабди. Шунда у зот: «Ҳеч кимга зиён келтирма, шунда ҳаммага яхшилик қилган бўласан», деган экан. Ҳа, мўмин безарар инсондир.
Дуо қилиб, кўмак бериб турсангиз, яхши ниятлар, бир қанча режалар бор. Яхшиликка хайрхоҳ одам ҳеч нима қилмасдан савоб топади, ёмонликка хайрхоҳ одам ҳали гуноҳга қўл урмасданоқ иқобга лойиқ бўлади. Киши динини шахсий манфаатидан, ички кечинмаларидан-да устун қўймагунча чин мўмин бўла олмайди. Қалбдаги туйғуларни ҳам назорат қилиш ахлоқнинг камолотидан дарак беради.
Сўзимиз охирида Сиз азиз ўқувчиларимизга яна бир бор ташаккур айтамиз ва Аллоҳ таолодан ҳаммаларимиз учун тавфиқу ҳидоят сўраб қоламиз.
«Muslimaat.uz» маъмурияти