Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
1997 йил октябрь ойида Умра сафарига бордик. Аввал ўзимиз учун, кейин кетма-кет ота-онамиз учун умра қилдик. Яна вақтимиз бор, яна умра қилсак бўлади, чунки бу дунёдаги энг табаррук, энг нурли уйдаги ҳар бир сонияни қадрига етиб, ундан фойдаланиш зарурлигини биламиз, алҳамдулиллаҳ !
Шунда хўжайиним: Мен катта дадамларга, сиз аммамларга умра қиламиз», деб қолдилар. Мен рози бўлдим. Умрани бошладик. Бутун амалларни бажариш давомида кўз олдимда аммам турдилар. «Аммамнинг руҳлари шод бўладиган бўлди, яхшиям бу ғарибларни эслатдинг Роббим», деб Аллоҳга чексиз ҳамду санолар айтиб, умрани тўгатиб хўжайним билан учрашишга ваъдалашган жойимизга келсам, хўжайним бир оз ранглари ўчган, кўзлари қизарган ҳолда зинада ўтирибдилар.
Мазалари қочибдими деб, қўрқиб кетдим:«Ҳа, дадаси, нима бўлди? Мазангиз қочдими, чарчадингизми?» дедим. «Йўқ, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Ўтиринг мана бу ерга, айтаман», дедилар. «Умрани тугатиб шу – келишилган жойга келсам, ҳассаларига суяниб худди катта дадамларга ўхшаган қоратанли чол менга кулиб қараб турибди. Қўрқиб кетдим. Улар ўтиб кетганларига неча йиллар бўлган бўлса, бу одам қаёқдан пайдо бўлиб қолди деб, оёқ- қўлим титраб кетди.
Яна яхшилаб қараб оламан, кўзларим адашмаяптими, деб яна бир қарасам, у чол йўқ. Шунга рангим ўчгандир», дедилар. Мен ҳам ўзимда рўй берган ҳолатни айтиб бердим ва «Нима бўлса ҳам, яхши қилдик. Улар учун умра қилиб», деб суюниб, Аллоҳга ҳамдлар айтдик. Энди бу инсонларнинг кимлигини айтсам. Катта дадамиз – қайнотамнинг акалари, касалликлари туфайли бола-чақа қилмаганлар. Биз билан яшаб ўтиб кетганлар.
Аллоҳни таниган, рўзаларини бир кун ҳам канда қилмаган, адабиётни севувчи, беозор одам эдилар. Аммамиз – қайнотамнинг опалари, фарзанд бўлмагани учун, қайтиб келиб, укаларига, яъни бизнинг оиламизнинг рўзғорига кўмакдош бўлганлар, Аллоҳ рози бўлсин.
Қайнонам раҳматли янги келинлигимда мана шу инсонлар ҳақида кўп гапирар эдилар. Бир куни қайнонам: «Менга, дадангизга туриб чой бермасангиз ҳам, бу азизларимизга ўрнингиздан туриб беринг. Чунки буларнинг кўнгли ярим, бизга қарамасангиз ҳам, бу инсонларни кўнглига қаранг.Қозонда битта гўшт бўлса, у ҳам шу муштипарларнинг ризқи. Балки, шу инсонлар туфайли Аллоҳим бизни ҳам ризқимизни мўл қилиб, ҳидоят йўлига қўйгандир. Шу гапларим доимо эсингизда турсин, болам! Сиз болаларимнинг каттаси, чироқчимсиз», дедилар. Шу гапларни эслаб, менинг ҳам кўнглим ёришиб кетди: Шоядки онажонимга берган сўзимнинг устидан чиққан бўлсам», деб.
Ақидахон Зокирова