Қашқадарёча тўй
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир неча кун аввал бир толибамизнинг никоҳ тўйи муносабати билан Қашқадарёга бордик. Ҳали кўрилмаган манзаранинг тасаввури қизиқ бўлади, одатда. Йўл бўйи тўй қандай бўлар экан, қай тарзда ўтаркан, деган ўйлар билан кетдик. Манзилга етиб бориб, машинадан тушган эдик, ҳамма ёқдан чанг тўзон кўтарилиб кетди. Ҳаво ниҳоятда иссиқ, ерлар куйиб ётган тупроқ эди. Тўй бўлаётган хонадон тўс-тўпалон, аёллар ва болалар билан гавжум. Аёллар иссиқдан тандирдан чиққандек қизариб кетган, юз- пешоналаридан оқаётган терларни тинмай рўмолларига, дастрўмолчаларига артишар эди. Биз бироз каловланиб турдик. Сўнг таклифга биноан ичкарига кирдик. Бизни иззат-ҳурмат билан кутиб олишди. Ичкарида ёзилган дастурхон ҳам камтарона экан. Дастурхон атрофига ўтирганимиздан кейин бир тур таом тортилди. Шунча шовқин-сурон ичида пойтахтдаги ҳолат билан бу ердаги ҳолатнинг фарқини дарров сездим. Пойтахтдаги одамлар анчагина асабий. Тўйда тўй эгалари игна устида ўтиргандек юради. Бу ерда эса ҳамма хотиржам, қувноқ, ҳеч кимнинг қоши чимирилмаган, лаби бурилмаган, пичир-пичир йўқ, хўжакўрсин йўқ. Дастурхонда ҳам кетма-кет тортиладиган етти-саккиз хил таом йўқ. Бир маҳал куёвнавкар келди. Ҳамма миллий расм-русумларни томоша қилиш билан банд. Дабдабаю-асъаса йўқ. Қайси тўйхона экан, қайси русумдаги машина келибди, келин нима кийибди, деган саволлар мутлақо бировнинг эсига келмайди. Олди-берди, тоғора-товоқ деган нарсадан ном-нишон ҳам йўқ. Хоналардан бирига чимилдиқ тутилиб, уни йиғиб кўтариб қўйилди. Келин паранжи, махси кавуш кийган, ўралиб чирмалиб турибди. Черковга кийиб борадиган оқ фатада эмас. Гўзал чеҳрасини ҳаммага кўз-кўз қилмай, ҳаё қилиб тўсиб олган. Куёв кириб келиб ёнига турди. У ҳам рўмолча ила юзини тўсиб турибди. Шунда келин томондаги эркак қариндошлар, амаки-тоғалар бирин-кетин кириб, нутқ қила бошлашди. Улар, асосан, куёвга насиҳат қилишар экан. «Биз сенга энг сара жиянимизни бердик, адолат қил, яхши қара, у –  сенга омонат», деган маънода сермазмун ва салмоқли насиҳатлар қилишди. Насиҳатлари ҳам анчагина қаттиқ оҳангда. Ниҳоят келиннинг отаси кирди-да, куёвга қараб: «Билиб қўйинг, ҳеч кимга ишонмаганимни сизга ишондим!» деб хитоб қилди ва чиқиб кетди. Асосийси, ҳаммаси ҳам кўпроқ дуо қилишди. Тўйдаги энг муҳим нарса ҳам ўзи шу-да, ёшларнинг ҳаққига дуо қилиш-да. Шундан кейин куёв кетди, ортидан келинни тушириб бордик. Келин куёвнинг уйига етиб борганидан кейин уни чимилдиққа киритишди. Кейин куёвнинг оила аъзолари бирма-бир кириб, келиннинг ташрифига бағишлаб нутқлар қилишди. Нутқнинг асосий мазмуни келинни кутиб олиш, янги аъзонинг пойқадами сабабли бахт ва қувончларини изҳор қилиш, уни эркалаб эъзозлаш, қадрлаш, ҳаққига мақтов сўзларини айтиш, ваъдалар беришдан иборат эди. Ҳатто, келинга атаб ажойиб шеърлар ҳам ўқилди. Ҳаммалари ҳам келинга атаб ўзларига хос ваъдалар берди. Полизчи полиздаги маҳсулотларини, қурувчи қурилиш молларини, тиш шифокори беминнат хизматини, математика ўқитувчиси математикадан сабоқ беришни ваъда қилди. Албатта, энг асосийси, келин ва куёв ҳаққига чиройли дуолар, яхши тилак ва табриклар бўлди. Бир ўйлаб кўринг: чин инсоний оилага яна нима керак? Янги оила қураётган ёшларга бундан ортиқ бахт борми? Дуо, қувонч, иззат-эътибордан ҳам муҳим нима бор? Одатда, бизнинг кўзимизга содда бўлиб кўринадиган бу тўй зимнида олам-олам маънолар мавжуд. Менга энг кўп таъсир қилган манзара – бу, куёвга насиҳат қилиб, келинни эркалаб, эъзозлашлари, кўнглига қараб, эҳтимом кўрсатишлари бўлди. Бунда эркак кишига масъулият юклаб, аёл кишини қадрлаш бор. Тўғри-да, ахир қиз бечора ўз яқинларидан айрилиб, уйидан, ўз эркидан воз кечиб, қанча қийинчиликларга рози бўлиб, ўзга хонадонга қадам қўяди-ю, унга яна тоғдек масъулият, чеки йўқ хизматларни юклаш керакми? Тўғри, бир хонадонга келин бўлиб тушган қиз ўша оиланинг вакили сифатида хонадон бекалигини бажариши керак. Аммо бу унинг ҳурлиги, саломатлиги ва бошқа шахсий ибодатларини унуттирмаслиги даркор. Ўйлайманки, бизнинг пойтахтдаги тўй ва тўйдан кейинги одатларимизга нисбатан биз гувоҳи бўлган мазкур тўй маросими шариатга яқинроқ. Валлоҳу аълам.
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир нарсанинг рукни бўлганидек Қуръон ўқишни ҳам рукнлари бор ва улар учтадир. Санаднинг тўғри давоми...

11:21 / 26.10.2016 4350
Ҳеч шубҳасиз, ҳар бир мусулмон киши ҳаж қилиш учун Кабатуллоҳга боришни,  унга бир бор қўл теккизишни жуда давоми...

12:27 / 21.01.2017 3143
Бўйи 6 м гача борадиган дарахт ёки бута. Танасининг пўстлоғи, одатда, кулрангқўнғир рангда, қариганида давоми...

14:15 / 24.11.2016 8432