Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. У Зот билан бирга қора ғуломлари ҳам бор эди. Уни Анжаша деб аташарди. У сарбонлик ҳиргойиси қиларди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Шўринг қурсин! Эй Анжаша! Шошма! Биллурларга эҳтиёт бўл!» дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Шарҳ: Илгари айтганимиздек, Анжаша розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғуломлари бўлиб, чиройли овоз соҳиби эди. У киши шеърни оҳанг ила айтиб, оналаримизнинг туяларига сарбонлик қилар эди. Анжаша розияллоҳу анҳу шошилиб юрганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини аёлларга шафқат қилиб секинроқ юришга шу шаклда чақирганлар. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сафарларида сарбонлик ҳиргойиси бўлиб тургани чиқади.
Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим бўлган куни эрталаб келиб, тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб ўтирдилар. Шунда қизчалар чилдирма чалиб, Бадр куни қатл бўлган оталарим ҳақида хиргойи қилишди. Улардан бири:
«Ичимизда эртага нима бўлишини биладиган Пайғамбар бор», деб айтди.
Бас, у Зот: «Буни қўй, аввал айтаётганингни айт», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг оталари Муъаввиз ва Авф ҳамда Муоз исмли икки амакилари Бадр урушида мушрикларга қарши жанг қила туриб шаҳид бўлган эдилар. Кейин йиллар ўтиб, Рубаййиъ вояга етиб, Ияас ибн ал-Букайр Аллайсий исмли йигитга турмушга чиқади. Тўйга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам келадилар. Ичкарига кириб ар-Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг тўшакларига ўтирадилар.
Шунда қизлар чилдирма чалиб, Бадрда шаҳид бўлганлар, хусусан, Рубаййиъ розияллоҳу анҳонинг оталари (ота ва икки амакилари) мадҳида айтилган шеърни оҳанг билан куйга солиб айтадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам эшитиб ўтирадилар. Қизлар айтиб бориб, ичимизда эртага нима бўлишини биладиган, ғайбдан хабардор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бор, деган маънодаги байтни ҳам айтадилар. Бу маъно нотўғри, гуноҳга олиб борувчи бўлгани учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни айтманглар, олдин айтаётган тўғри маъноли нарсаларни айтинглар, деб кўрсатма берадилар.
Ушбу ҳадисда тўйда кўнгилхушлик қилиш жоиз экани баён қилинмоқда. Эркак киши қизлар оҳанг билан айтган шижоат, одоб-ахлоқ, сахийлик каби маъноларни ўз ичига олган байтларни эшитиши ҳам жоиз эканлиги аён бўлмоқда.
Уламоларимиз, албатта, бу нарса парда ортидан бўлсагина ҳамда фитна бўлиш хавфи бўлмасагина жоиз, деганлар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўшиқ қалбда нифоқни ўстирур», дедилар».
Абу Довуд ва Ибн Абу Дунё ривоят қилишган.
Шарҳ: Албатта, шариатда ҳаром қилинган қўшиқ киши қалбида нифоқни ўстириши турган гап.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қўшиқчи қизларни сотманглар, сотиб олманглар, уларга таълим берманглар, улар ила тижорат қилишда хайр йўқ. Уларнинг баҳоси ҳаромдир. Шунинг мислида «Одамлар орасида илмсиз равишда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун беҳуда сўзни сотиб оладиган кимсалар ҳам бор» ояти нозил бўлган», дедилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Жоҳилият даврида чўри қизларга қўшиқчилик бўйича таълим берилар ва уларни базми жамшидларда, турли йиғинларда қўшиқ айтдириш учун сотилар ҳамда сотиб олинар эди. Уларнинг қўшиқчилик хизмати фақат фисқи фасод учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг савдоси ва фаолиятига боғлиқ ҳар бир нарсанинг ҳаромлигини эълон қилмоқдалар.