Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун зарардир. Ҳозирги кунга келиб, дунё миқёсида чекувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар орасида кашандаликнинг тарқалиши эса жуда аянчли ҳолдир.
Замонавий тиббиёт натижаларига суянган ҳолда шуни аниқ айтишимиз мумкинки, тамаки таркибида йигирмадан ортиқ заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, улар ичида энг заҳарлиси никотиндир. Инсон сигарета чекканда, никотин тутун орқали ўпкага, кейин эса қонга сўрилиб, юрак-қон томир системасига салбий таъсир этади. Қон томирлари торайиб, босим ошади. Юрак уриши тезлашади. Бу ҳолат юрак мускулларини ишдан чиқишига сабаб бўлади. Бу ҳол тез-тез такрорланавергач, бориб-бориб юрак инфаркти, стенокардия каби касалликлар бошланиши мумкин. Маълумотларга қараганда, чекувчиларда чекмайдиганларга нисбатан ўн икки марта кўпроқ юрак-қон томир хасталиклари учрайди.
Тамаки бош мия ҳужайраларига ҳам таъсир этмай қолмайди. Чекувчида уйқусизлик, бош оғриғи бошланади. Оқибатда эса марказий нерв системаси фаолияти бузилади. Кўп чекадиган киши тез-тез балғам ташлайди. Тез юрса, жисмоний меҳнат қилса, ҳансирайдиган бўлиб қолади. Айрим ҳолларда кўп тамаки истеъмол қилиш чекувчини руҳий хасталикларга дучор қилиши мумкин.
Тамаки чекиш нафас олиш системасига ҳам зарарли таъсир қилади. Тамаки тутуни таркибидаги заҳарли моддалар турли хил ўпка хасталиклари – бронхит, сил, ҳаттоки саратон(рак) касалликларига олиб келиши кузатилган.
Тамаки овқат-ҳазм органларига таъсир қилиши натижасида кишида иштаҳа йўқолади, оғизда бемаза таъм пайдо бўлади, сўлак безлари фаолияти бузилади. Сўлак билан ошқозонга тушган никотин кислотаси унинг деворларини зарарлайди. Жиғилдон қайнайди. Меъда керагидан ортиқ шира ишлаб чиқаради. Бу эса меъда ўн икки бармоқли ичак яраси каби касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Тиббиётда кашанда отадан ёки онадан бўлган бола туғилмай нобуд бўлиши, туғилганда эса нимжон, касалманд бўлиб туғилиши маълум. Кашандалик тамаки чекишга муккасидан кетишлик, ҳаттоки инсонни кўр бўлиб қолишига олиб келаркан. Тамаки чекувчи томонидан ташқарига чиқарилган тутун таркибида заҳарли моддалар концентрацияси кўп бўлади. Бундай ҳолатда чекмайдиган одамлар ҳам мажбурий равишда чекишга ўрганиб қолишлари мумкин.
Кўпчилик танишларимиз, дўстларимиз билан чекиш тўғрисида баҳслашганимизда, улар сиқилганда чекишларини айтиб, ўзларини оқлашга уринишади. Гўёки тамаки инсон ғамини аритадигандек. Ахир бу ҳолат «бургага аччиқ қилиб кўрпа ёқиш» каби эмасмикан. Бугунда сигаретнинг турлари кўпайди. Уларнинг хилма-хиллигига барчамиз гувоҳмиз. Тамаки чекишнинг зарарли оқибатлари ҳақида, деярли, барча оммавий ахборот воситалари ёрдамида ёритилиб борилаётган бир пайтда, тамаки маҳсулотлари реклама қилиниб, реклама роликларига чиқиши ниҳоятда хунук ҳолдир. Ранг-баранг қутилар қанчалик жилоли бўлмасин, унинг ичидаги оғу эканлигини унутмаслик керак. Тамаки қутисидаги бир энлик «чекиш соғлиқ учун хавфли» дейилган ёзувга эса кашандалар, деярли, ҳеч қачон эътибор беришмайди.
Баъзи чет давлатларда бўлганман. У ердан қайтгач, ўз таассуротларимни, чет эл шаҳарларининг озодалиги қай аҳволда эканлигини яқинларимга сўзлаб берганман. Бизнинг ҳам юртимизга келаётган сайёҳлар шаҳримизни томоша қилишади, улар ҳам кўп таассуротлар олиб, юртларига қайтишади. Шаҳримиз кўчалари, бекатларга ташлаб кетилган сигарета, нос қолдиқлари уларнинг ҳам, бизнинг ҳам кўнглимизни хира қилмаслигини истардим. Кези келганда шуни ҳам айтиш керакки, жамоат транспорти бўлган автобусларда ҳайдовчиларнинг кўпчилиги бемалол сигарет чекиб, йўловчи ташишади. Бу эса тамаки тутунини ёқтирмайдиган йўловчиларга азият беради.
Ёши катталар, чекишнинг зарарлиги тўғрисида маълумотга эга бўлганлар ҳозирги ёшларга ўрнак бўлмоғи лозим. Ўзгаларга ибрат бўлмоқчи бўлган кишиларнинг ўзларида ҳам бундай иллатлар йўқ бўлса, нур устига нур бўларди. Мажлисда жон куйдириб чекишнинг зарари тўғрисида сўзлаган нотиқнинг мажлис тугагач, чекиб турганини кўрганлар нима ҳам қилиши мумкин.
Тамаки чекишни ташлаш мумкин. Бунинг учун кишида ирода бўлмоғи лозим. Тўғри, чекишни ташлаган киши дастлабки кунларда анча қийналади, йўтал тутиши, ҳолсизланиши, кайфияти ёмонлашиши мумкин, аммо бу ҳолат тез кунда ўтиб кетади. Ўз саломатлигини ўйлаган киши тамаки чекишни ташлагани маъқул.
УМИДЖОН ОБРўЕВ