Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Инсон яшаш учун ейиши керак, аксинча, ейиш учун яшамаслиги зарур. Улуғ ҳаким Арастудан: «Сен нега сира касал булмайсан, бошқалардан фарқинг нимада?» деб сўрашганида у: «Бошқалар ейиш учун яшашади, мен эса яшаш учун ейман», деб жавоб берган экан. Бир донишманддан: «Дарднинг келиши нимадан?» деб сўрашибди. У: «Баднафсликдан», деб жавоб берибди. Ундан: «Бунинг давоси нимада?»деб сўрашса, «Нафсни тийиш», деб жавоб берибди. Қадимги донишмандлардан Сенека эса: «Ортиқча емоқ тафаккур тиниқлигига халал беради», деган.
Лекин ҳозирги пайтда дунёнинг ҳамма ерида яхши ейиш учун яшаш, яхши ейиш учун пул топиш, ҳамма ҳаракатни турфа хил егулик топишга қаратиш авж олиб кетган. Ўтмишдаги ва ҳозирдаги барча мутафаккирлар, шифокорлар, таниқли халқ табиблари кўп ва тез-тез ейишнинг, бунинг оқибатида ҳаддан ташқари семириб кетишнинг хатари ва зарарлари ҳақида якдиллик билан ёзишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса: «Мен умматимнинг семириб, қорин солишидан хавфдаман», деганлар. Абдураҳмон Жомий эса: «Ўйлашинг гар бўлса ейишу тўқлик, Ундан бошқа нарса сен учун йуқлик», деган. «Барча касалликларнинг боши бўкиб ейишдир», деб ёзган Саъдий Шерозий. Энди атрофингизга бир боқинг: ҳозирги пайтда кўчаларда, одамлар яшайдиган мавзеларда нима кўп, ошхонаю дорихона кўп... Одамлар тинмай ейишади, бир ўтиришда икки-уч хил таом, устидан салатлар, мева шарбатлари, ширинликлар, «кока-кола», «фанта» каби ичимликларни томоққа юборишади. Кўпинча «тўйлар мавсуми»да ёки меҳмондорчиликка борганда бир кунда кетма-кет бир неча мартадан овқатланишга ҳам тўғри келиб қолади. Ваҳоланки, ейилган, овқат яхши ва тўла ҳазм бўлиши учун ҳар бир таомланиш орасида камида тўрт-беш соат вақт ўтиши лозим. Тўйиб ейилган таомдан кейин унинг кучини жисмоний ёки ақлий меҳнатга сарфлаш, ҳеч бўлмаганда бадантарбия машқлари қилиш керак.
Лекин амалда бундай бўлмайди, кишилар бўкиб овқатлангандан кейин кўпинча ёнбошлаб ва ётган ҳолда телевизор кўришади ёки ухлашади. Ошқозонга тушиб, ҳаракатсизликдан бижий бошлаган овқат танага куч қувват бўлиш ўрнига зарарли чиқитга айланади, ҳужайраларга кислород ташиб дармон бўлиш ўрнига уларнинг «қотили»га айланади. Бундай йўл тутган кишилар тез орада турли касалликни орттириб олиб, ошхона ва дорихона орасида тинмай қатнайдиган кимсаларга айланишади.
Ейилган озиқ овқатларнинг, ичилган ичимликларнинг бир қиисми хужайралар эҳтиёжини қондириш учун ички аъзоларга шимилиб кетса, маълум бир қисми эса турли кўринишларда (ахлат, сийдик, тер, тирноқ каби) чиқиндиларга айланади. Бироқ кўпинча бу чиқиндилар тўлалигича ташқарига чиқиб кета олмайди. Шунинг учун ҳафтада, бунинг иложи бўлмаса, ўн-ўн беш кунда бир марта оч юриш, чанқаган пайтда эса фақат қайнаган илиқ сув ичиб туриш, сўнг бир литр қатиқ зардоби билан ични ювиш лозим. Шунда ичимизда қолган чиқиндиларнинг қолдиқлари ташкарига чиқади, ошқозон ҳазм йўллари, буйрак ювилади, нафас йўллари равонлашади ва юзнинг ранги тозаланиб, саломатлик мустаҳкамланади.
Овқатланишдаги пала партишлик, ейилган турфа таомларнинг кучини сарфламаслик кўп ўтмай ортиқча семириб кетишга олиб келади. Ортиқча семириш одамга ҳаётда жуда кўп ноқулайликлар келтириши билан бир қаторда, у бир қанча оғир касалликларнинг манбаи хамдир. «Вазни оғир» одамларда буйрак, жигар, ўт пуфаги, қандли диабет, юрак ишемик касалликлари ва бошқа хасталиклар қўпроқ учрайди.
Ўта семиз одамларда ўпкага ҳаво етиб бориши ёмонлашиб, мия кислород тахчиллигига учрайди ва марказий асаб тизимининг фаолияти издан чиқади. Ҳаво етишмаслиги оқибатида инсон руҳининг мижози бузилиб, кўпинча руҳ «сўлиб қолади», нафас қисилиши ва хафахонлик пайдо бўлади. Бу эса тананинг ҳамма жойида хасталиклар ўчоғи пайдо бўлишига олиб келади.
Инсон вазнининг рисоладагидан ўн беш фоизга ортиши семизлик саналади. Айрим кишиларда бу фоизлар бир неча баробарга ортиб, ҳатто танасини бошқара олмайдиган, ўтириб-туролмайдиган, бировнинг ёрдамисиз ўрнидан қўзғола олмайдиган ҳолатга келиб қоладилар. Бундай вазиятга тушиб қолмаслик учун овқатланишда қатъий меъёрга риоя қилиш лозим. Пайғамбаримиз тавсияларига кўра, қориннинг учдан бири овқатга, яна бир қисми ичимликка, қолган бир қисми эса нафас олишга қолдирилиши лозим. Шунингдек, қорин чала тўйиши билан овқатланишни дарров тўхтатиш зарур. Чунки тиб мутахассислари қориннинг тўйгани ҳақидаги «хабар» бош мияга ўн дақиқадан кейин етиб боришини, бунгача одам ўзининг тўйганини сезмаслигини исботлаб беришган. Тез, пала-партиш овқатланиш ошқозон ва меъдага зўр келади. Луқмани шошилмай яхши чайнаганда эса тупук билан ишлаб чиқариладиган птиалин деган шифобахш модда меъдани тўла қувват билан ишлашга мажбурлайди ва тўқлик юзага келади.
Умрдаги ҳар бир даврнинг ўзига хос таомлари бўлади. Масалан, ўттиз ёшлиларга жигар ва ёнғоқ энг фойдали таом ҳисобланса, қирқ ёшдагиларга сабзи ва буйракдаги селен моддаси учун зарур бўлган пишлоқ мақбул келади. Эллик ёшдан кейин суякни мўртлашувдан асраш учун калций моддаси ва юракни бақувват қилувчи магний кўпроқ учрайдиган таомларни истеъмол қилиш зарур. Олтмишга яқинлашганда юракни ва қон томирларини кенгайтириш учун балиқдан кўпроқ ейиш керак. Кексаликдаги ва баҳор фаслидаги беҳолликда қовурилган парранда гўшти, бўтқа, новвот, ёнғоқ ва майиз, кўкат ва сабзавотларни дастурхондан узмаслик лозим.
Семиришга мойил кишилар оқ нон, хамир таомлар, кучли, қовурилган овқатлар, ширинлик ва пишириқлардан тийилишлари, кўпроқ мева ва сабзавот маҳсулотлари, сут-қатиқ, сузма (творог), кўкатлар истеъмол қилишга ўтишлари керак бўлади. Тана вазнининг ортиб кетмаслиги учун бир нарсага алоҳида эътибор бериш лозим: қанча овқат есангиз, шунча ҳаракат қилиш, куч сарфлашга интилинг. Ҳар бир сарфланмаган калория танага ёғ бўлиб қўшилади, сизни семиришга «тайёрлайди». Ётишдан олдин ҳазми қийин, кучли таомларни истеъмол қилмаслик керак. Масалан, уйқу олдидан қовун ейиш ошқозонга оғирлик қилади, халқда «Қовун есанг саҳар е, саҳар емасанг заҳар е», деган мақол бежизга тўқилмаган.
Семириб кетишни, шунингдек, рўза тутиш ҳам «жиловлаб» туради. Рўза тутиш ҳар ҳил парҳезлардан фарқли ўларок, озишдагина эмас, ошқозонни узоқ ишлаш туфайли пайдо бўладиган турли чиқитлар ва чарчашдан қутқаришда ҳам фойда беради.
Мўътадил семизлик касаллик эмас, бундан дарров фожиа ясаб озиш ҳақида кечаю кундуз бош қотиришнинг кераги ҳам йўқ. Кам овқат есангиз ҳам танангизнинг миқти, тўла бўлиши жуда кўп омилларга яшаш тарзи, ирсият, тана тузилиши, хулласи, Аллоҳнинг яратиш қонунига мувофиқ бир мезондир.
Аммо бугунга келиб озғинлик ва семизлик ҳақидаги ўлчовлар бутунлай бузилиб кетди. Илгари миқтилик мақталган бўлса, ҳозир Ғарбга эргашиб ҳамма, айниқса, аёллар озғинликка ўч бўлиб қолди. Ҳозир барчанинг фикри-ёди нима қилиб бўлсаям озишга, «қоматни бир қолипда» ушлаб туришга қаратилган. Бунда Ғарб олами тарғиб қилаётган андозаларга «сиғиниш» ҳам ўзининг салбий хизматини қиляпти.
Аёлларимизнинг бутун фикри-ёди хушқомат бўлиш ва шу орқали бошқаларга ёқишга қаратилган. Бу йўлда улар ҳар қандай воситаларни ишга солишяпти, турфа хил парҳезлар, муолажалар, «қисқа муддат ичида оздирадиган» усуллардан фойдаланишяпти.
Озишни эплай олмай асаби бузилаётган, қайғуга тушаётган, бунинг оқибатида бошқа касалликларни орттириб олаётганлар ҳам бор. Кўзлаган мақсадига эриша олмай қанча одамнинг боши қотган, пули ва меҳнати совурилган. Хорижий ўлкаларда озишни уддалай олмай ўз жонига қасд қилаётганларнинг ортиб бораётгани ҳақидаги хабарлар матбуотда тез-тез кўзга ташланмоқда.
Аслида ҳамманинг бирдай хипча, ориқ, хушқомат бўлишга интилиши гўё барчанинг хушсурат, гўзал бўлишга, ёхуд ҳамманинг баравар бадавлат бўлишга уринишига ўхшаб кетади. Ахир бу Яратганнинг ўлчовларини писанд қилмаслик, унга зид иш тутишдан бошқа нарса эмас. Худо ҳаммани бирдай хушбичим қилиб яратмаган: бировни ориқ, бировни семиз, баъзиларни ўртача гавдали қилиб яратган. Ориқлик фазилат эмас, семизлик қусур ё гуноҳ эмас. Фақат кўп овқат тановул қилиб, ортиқча семириб кетишдан қайтарилганмиз, холос.
Иш шундоқ экан, Худо берган танани ҳар мақомга солиш, гоҳ семириб, гоҳ озишга интилиш, бутун диққат эътиборни хушқомат бўлишга қаратиш вақт, куч ва маблағни беҳуда совуришнинг ўзгинасидир. Бугунги кунда дунёнинг ҳамма жойида урфга кириб улгурган озиш учун парҳезда ўтиришнинг ўзига хос хатарлари ҳам бор. Масалан, Глазго (Шотландия) университитети олимлари тадқиқотига кўра, зўрлик билан парҳез тутиш ортидан яна кўп овқат ейишга ўтиш, маълум вақтдан сўнг яна парҳез бошлаш услуби туфайли инсон умри йигирма беш фоизга қисқарар экан. Бунинг устига тинмай озишга интилишнинг киши саломатлигига катта зарари бор: чунки у овқат ва ичимликлар ёрдамидагина танасига куч-қувват йиғади, модда алмашинуви жараёнига имконият яратади, барча аъзоларининг тўлақонли ишлашига ёрдамлашади. Бундан ўзини қайтараверса, бирор касалликка чалиниши нақд. Кўпчилик эса озиш учун умуман овқатланишни кескин камайтириш ёки бутунлай тўхтатиш керак, деган хато тушунчага боради. Шифокорлар эса озишда овқатланишнинг мўътадил режимига риоя қилиш, таомдан бутунлай воз кечмай, балки семиртирмайдиган, озишга ёрдам берадиган қуввати (калорияси) кам, табиий неъматларга ўтишни тавсия қилишади. Барча таомдан воз кечиб, фақат тарвуз ёки қатиқ истеъмол қилишга ўтган кишиларда учинчи кундан бошлаб диққат-эътиборнинг чалғиши ва фикрлашнинг сўниши кузатилган.
Айрим озишга киришганлар эътиборларини қандай ва нима тановул қилишга қаратмай, спорт ва жисмоний машқларга зўр бера бошлашади. Озиш учун югуриш ва спорт билан фаол шуғулланиш кутилган натижани бермайди. Чунки машқ пайтида танага тўпланган териости ёғини эмас, балки вужуддаги углеводлар захираси деб аталадиган модда (гликоген)ни харжлайди. У биринчи луқмани ейишингиз биланоқ тикланади. Масалан, бир соатли қизғин спорт машғулотида сарфланган кучни битта кичкинагина шоколад қоплай олади.
Ёки кимдир парҳез бошлаши билан барча жисмоний иш ва машқларни тўхтатиб қўяди, чунки бунга мадори ҳам, хафсаласи ҳам етмай қолади. Натижада организмга тушган овқат оз миқдорда бўлса ҳам яхши ҳазм бўлмай, тери остида ёғ тўпланишига сабаб бўлиб қолади ва озиш ўрнига одам яна семира бошлайди. Бунинг устига ўзини тинмай овқатдан тийгани учун кишида очлик ҳисси ниҳоятда кучайиб кетади ва парҳез тугаши билан тананинг эҳтиёжига қараганда бир неча баробар кўп овқат ея бошлайди ва озиш ҳақидаги орзулари сароблигича қолаверади.
Озишдаги парҳез кўп ҳолларда касалликни кучайтириб юборади. Масалан, озаман деган киши хом сабзавотларни кўп истеъмол қилади, бу эса гастрит, ошқозон яраси ва бошқа ҳасталикларнинг зўрайишига сабаб бўлади. Умуман ёғ емайдиган кишиларда «зарарли» холестерин йўқолибгина қолмай, томирларни атеросклероздан ҳимоя қилувчи фойдали моддалар ҳам ҳалок бўлади ва организм касалликка осон чалинадиган бўлади. Тадқиқотларга кўра, вақти-вақти билан озишга ҳаракат қилиб туриш тананинг иммун тизимини ишдан чиқаради ва табиий «киллерлар», яъни организмга тушадиган микробларни йуқотишга масъул бўлган қон элементлари миқдорини кескин камайтириб юборади.
Замонавий тиббиёт Рамазон ойида ва йилнинг бошқа пайтларида вақти-вақти билан тутиб туриладиган рўза озишнинг энг яхши ва безарар усул эканини аллақачон илмий жиҳатдан исботлаб берган. Мутахассис шифокорларнинг эътирофича, рўза тутишга ният қилинганида бош мияга маълум «сигнал» юборилиб, у бутун организмни очликка тайёргарлик кўришга буюрар ва тана ўзини кун бўйи давом этадиган очлик ва ташналикка мослаштириб борар экан. Ҳақиқатан, рўза пайтида ихтиёрий оч қолиш унчалик малол келмагани ҳолда рўза тутилмаган кунлари бирор сабаб билан овқатланиш вақтининг бир неча соатга кечикиб кетиши туфайли тана чидолмай қийналиб қолади, оқибатда оёқ-қўлларга титроқ кириб, асаб бузилиши ҳоллари кўп кузатилган.
Овқатни, албатта, ошкўклар, сирка, шакароб ёки салатлар билан тановул қилинг, шунда унинг ҳазми яхшиланиб, саломатликка хатари бўлмайди. Аммо баъзи неъматларни бошқаси билан аралаштириб бўлмайди. Масалан, балиқ билан сут маҳсулотларини, асал билан ёнғоқни, писта-бодом билан пишириқларни биргаликда истеъмол қилишдан тийилинг, чунки бунда меъда бузилиб, турли хасталикларга йўл очилади. Ўрик жуда кўп касалликларга шифо бўлгани ҳолда ўрикдан кейин совуқ сув ичиш, музқаймоқ ейиш, ўрикни ҳазми оғир овқат устидан истеъмол қилиш ҳам ўта зарарлидир. Бундай ҳолларда дарров қайт қилиб юбориш ёки сурги қилиб, ични тозалаш керак бўлади.
Оққанд, новвот ва шакардан бошқа барча дўкон ширинликлари, қандолатчилик маҳсулотлари, турли пишириқлар, каҳва, какао одамнинг ичини озми-кўпми қотиради, ҳазмни секинлаштириб-қийинлаштиради. Аксинча асал, ҳамма мевалар, сабзавот ва полиз маҳсулотлари, нордон нарсалар ва меъёридаги мурч-қалампир эса ҳазмни тезлаштиради ҳамда ҳеч қандай касаллик келтириб чиқармайди.
Айниқса қовурилган ёғли овқатлар (палов, шавла, кабоб, жаркоб) тановул қилгач, кетидан кўп миқдорда ширинлик ёки ширин чой, қаҳва, какао каби ичимликлар, пишириқлар ейиш меъда ҳазм йўллари учун ўта зарарлидир. Бунда ҳазм муддати анча узайиб, оиғир кечади ва чанқоқлик ортади. Турли ошқозон-ичак касалликларига йўл очилади. Яхшиси, овқатдан кейин босиб-босиб кўк чой ичган маъқул. Бунда ҳазм осонлашади, ташналик тез босилади ва энг муҳими, қон босими меъёрида бўлади. Таомларнинг сифатли бўлишига ҳам алоҳида эътибор қлиш керак. «Овқат экан» деб дуч келган нарсани томоққа юборавериш мақбул иш эмас. Дунёда энг узоқ умр кўрадиган японларнинг емиши ўрганиб чиқилганида ,улар оз-оздан, асосан, сифатли таомларни истеъмол қилишлари маълум бўлди. Айниқса, улар дастурхонидаги денгиз маҳсулотлари, яъни балиқлар турли фойдали ва шифобахш моддаларга бойлиги билан ажралиб туради.