Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бугун биз 15 аср аввал Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табобат борасида айтиб ўтган тавсиялари ҳақида ҳикоя қиламиз. Шифокорларнинг тадқиқ қилишларича, табобат жуда ҳам ривожланганига қарамай, бу тавсиялар табобат китобининг олтин зарварақларига муҳрланган. Бу тавсияларни берган инсон – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тасанно айтиш мумкин. Ҳижратгача Мадинадаги одамларнинг кўпчилиги безгак касаллиги билан оғришгани ҳақида маълумотлар бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг шаҳар атрофида 30000 хурмо дарахтини экишга бошчилик қилганлар. (Хурмо дарахти намликни камайтириб ботқоқликларнинг қуришига сабаб бўлади). Абул Баракатнинг китобларида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида «Вабо, ўлат каби касалликлар тарқаган шаҳарга кирмангиз ҳам ва у ердан чиқиб ҳам кетмангиз» (Имом Бухорий) деган тавсияни берганлар. Улар бу билан карантинни жорий қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг тавсияларини суннат тарзида бизга ҳам умримизни гўзаллаштирадиган ҳам охиратимиз озуқаси сифатида васият қилдилар:
1. Сақланган таомни еманг. 2. Овқатни жуда иссиқ ва жуда совуқ ҳолда истеъмол қилманг. 3. Қўлларингизни овқатдан олдин ва кейин ювинг. 4. Жуда тўйиб овқат еманг. 5. Овқатни шошмасдан, яхшилаб чайнаб енг. 6. Овқат вақтида сув, чой каби суюқликни кўп ичманг. 7. Қишда қувватлироқ овқат, ёзда эса енгил ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлар танаввул қилинг. 8. Ибодат қилишингизда узум, хурмо ва зайтун сизга куч беради. 9. Чарчаганингизда ширинлик танаввул қилинг. 10. Синган, ёрилган идишдан нарса еманг ва ичманг. 11. Овқатни танҳоликда танаввул қилманг ва хурсанд ҳолда дастурхонга ўтиринг. 12. Овқатдан кейин Аллоҳга шукр айтинг. 13. Бир ойда бир кун бўлса ҳам рўза тутиб, танангизга дам беринг. 14. Асал енг – у минг хил касалликка дармондир.
Бу хилдаги тавсияларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам минглаб берганлар. Мусо ибн Абу Хайяннинг «Ал-Халис» китобларида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг томоқ оғриғи ва кўз касалликларига берган ушбу тавсиялари келтирилган: «Қўзиқорин теринг ва уларни уч кун қоронғу ва нам жойда сақланг. Уларда бир қават моғор пайдо бўлади. Қўзиқоринларни чўпга кийдириб, оловда ушлаб туринг. Улар совугач, устидаги моғорни олиб, кўз атрофига (кўз касалликларида) ва томоққа (ангинада) суртинг». Ҳозирги кун олимларининг айтишларича, бу ҳар бир дорихонада топиш мумкин бўлган пенциллин бўлиб, бу дармонни Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн тўрт аср аввал тавсия этганлар. Бу яна бир бора Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чексиз илм соҳиби эканликларини кўрсатади. Яна Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи оғриган кишиларга кўпроқ хурмо танаввул қилишни, иситма чиққанда баданни совуқ сувда чайишни тавсия этганлар. Буларнинг ҳаммасини ҳозиргача шифокорлар тавсия этадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида йўтал, ўпка силига учраган беморларни тоғда, чўпонлар билан қолдиришган ва уларга кўпроқ сут ичишни буюришган. Бундай касаллар тоғнинг тоза ҳавосида табиий нарсалар билан даволанганларидан сўнг Мадинага қайтаришган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вабо ва ўпка сили каби юқумли касалликларга учраганларни одамлардан узоқлаштириш кераклигини таъкидлаганлар. Бу касалликларни қўзғатувчи микроблар эканлигини олимлар 20 асрга келиб татқиқ қилишди. Карантин ҳам шу асрнинг бошларида шифокорлар тарафидан тавсия этила бошланди.
Лимон
Лимон Аллоҳ таолонинг инсонга берган неъматларидан биридир. У бир қарашда оддий мева бўлса ҳам, таркибидаги флаваноидс моддаси сабабли инсон организмидаги қон айланиш тизимини кенгайтириш орқали қоннинг юракка енгил боришини таъминлайди. Шунингдек лимон витамин С га бой бўлиб, унда бу витамин апельсинга қараганда тўрт бора кўпроқ. Болгар олими Альберт Сцент-Гиоргий лимондаги П (Р) компонентини очиб, бу компонент қон айланишини яхшиланишига, катарактада, қондаги холестеролни пасайиши ва оғриқларда ёрдам беришини ихтиро қилди. Минералларга бой бўлган лимон таркибида калий мия ва асаб тизимларини озиқлантиришда, кальций суяк ва тишларга, магний кальций билан биргаликда инсон организмида оқсил ҳосил бўлишида катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга лимоннинг ўткир ҳиди ва таъми инсонни стресс ҳолларида ҳам яхши ёрдам беради. Ҳозирги кундаги ҳид билан тинчлантиришда (ароматерапия) лимоннинг ёғи тинчлантирувчи сифатида қўлланилади. Юзга сурилган лимон уни гўзаллаштиради. Унинг танага ҳам фойдалари катта бўлиб, масалан, лимон соки лимфа томир тизимларини тозалайди. Лимон ошқозонга оғир овқатни ҳазм қилишда ёрдам бериб, у кальций, цинк, оқсил ва турли витаминларни енгил организмга тушишини таъминлайди. Лимонни доимий тарзда истеъмол қилиш соч тўкилишини олдини олади. Улар жигар ва ўт пуфагининг ишлаш жараёнини яхшилаб, организмдан токсинларнинг чиқиб кетишига яхши восита бўлади. Лимонни шакарсиз истеъмол қилиш тавсия этилади, шунда у ўз фойдали витаминларни йўқотмайди. Унинг касалликларга қарши восита эканлиги ҳаммамизга яхши маълум. У иммунитетни кучайтириб, танамизни касалликларга қарши курашувчанлигини орттиради ва канцероген таналарини ундан чиқариб ташлашда ёрдам беради.
Фойдали маслаҳатлар:
Томоқ оғриғи безовта қилганда бир стакан лимон сокини бир стакан сув билан аралаштириб, бир чой қошиқ шакар солиб, ҳар икки соатда истеъмол қилиш лозим. Нафас олиш йўллари шамоллаганда эса саримсоқ (чеснок) пиёзни эзиб, яримта лимон билан аралаштириб асал қўшиб ейиш зарур. Бу нафас йўлларини юмшатишда ёрдам беради. Сийдик йўллари шамоллаганда олча ва лимон сокини сув билан ичиш керак. Шамоллаш, тумов каби касалликларда лимон сокини иссиқ сув билан ичиш тавсия этилади. Бу танадан токсинларни ва микробларни чиқишида ёрдам беради. Лекин ич қотиш билан қийналган беморларга бу усулни тавсия қилмаймиз. Оёқ титроғида ёки кальций етишмаганда бир стакан сувга бир қошиқ лимон сокини аралаштириб ичиш лозим. Тиш касалликларида, кариесда лимон соки билан оғиз чайиш яхши манфаат беради ва бу тишларингиз эмалини бақувват қилиб, уларни оқартиради. Яна унутмангки, бу табиий нарса. Овқатдан олдин истеъмол қилинган бир қошиқ тоза лимон соки астма касаллигида яхши ёрдам беради. Ошпазга маслаҳатлар. Ҳозир кундан кунга тарқаб бораётган соғлом турмуш тарзида лимоннинг ўзига хос ўрни бор. Дунё ошпазлари лимонни овқатларга қўшиш таомнинг мазасини табиийроқ ва ширинроқ, ва шу билан фойдалироқ қилишини тан олишмоқда. Лимон ишлатилган таомга туз ва уксус каби нотабиий нарсаларни ишлатиш камаяди. Бу эса соғлиғимизга анча яхши таъсир этишига аминмиз. Ўзингиз билган билимларингизни бошқаларга ҳам етказишга ҳаракат қилинг. Шундагина берилган билимлар сизга ҳам бошқаларга ҳам фойда келтиради. Аллоҳ таолонинг берган неъматларини ўрнида ишлатинг. Аллоҳ ердаги барча нарсаларни инсон хизмати учун яратган. Берилган неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишни унутманг.
М. ЗАРИПОВА