Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат вожиб ғусллар билан кифояланиб қолмасдан ғусл вожиб бўлмаган вақтларда ҳам бу ишни қилиб туришга тарғиб қилган.
1. Жумъа намози учун.
Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Жумъа намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жумъанинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», – дейдилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Бу маънодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда жумъа кунги ғусл суннати муаккада дейилган.
Ҳанафий мазҳабида эса жумъа кунги ғусл суннат де-йилган.
Самура ибн Жундабдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким жумъа куни таҳорат қилса, қандоқ ҳам яхши. Ким ғусл қилса, ғусл афзал», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
2. Икки ийд намози учун.
Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар ва бу ишга тарғиб қилганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни ва ал-Азҳо куни ғусл қилар эдилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
3. Ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаганда ғусл қилиш.
Бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар ва қилишга тарғиб қилганлар.
Хорижа ибн Зайд ибн Собит отасидан ривоят қилади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳром боғлаш учун ечиниб ғусл қилганларини кўрган».
Термизий ва Дора Қутний ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Асмаа бинти Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакрни туғиб нифосли бўлиб қолди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга унга ғусл қилиб эҳром боғлашга амр қилишни буюрдилар».
Муслим ривоят қилган.
4. Арафотда туриш учун ғусл қилиш.
Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган суннатдир.
Баззор ўз муснадида ал-Фокиҳ ибн Саъд ҳадисида ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни, Қурбонлик куни ва Арафа куни ғусл қилар эдилар».
5. Истеҳоза (одатдан ташқари қон) кўрган аёл учун.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба ва Зайнаб бинти Жаҳш оналаримизга шундай ҳолатларда ғусл қилишга буюрганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Умму Ҳабиба етти йил истеҳоза бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у ҳақида сўради. Бас, ул Зот уни ғусл қилишга амр қилдилар ва:
«У томирдан», – дедилар.
Бас, у ҳар намозга ғусл қилар эди».
Бухорий ривоят қилган.
6. Ҳушидан кетган одам ўзига келганда ғусл қилиши.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар. Уламолар бунга жинниликдан тузалган ва мастликдан ҳушёр бўлган одамларни ҳам қўшадилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оғирлашиб қолдилар ва:
«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.
«Йўқ, улар Сизга интизор бўлиб туришибди»,–дедик.
«Мен учун тоғорага сув қуйинглар», – дедилар.
Биз шундай қилдик. Ул Зот ғусл қилдилар. Бас, турмоқчи бўлган эдилар, ҳушларидан кетдилар. Сўнгра ўзларига келдилар ва:
«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.
«Йўқ, улар Сизга интизор бўлиб туришибди. Эй Аллоҳнинг Расули», – дедик.
«Мен учун тоғорага сув қуйинглар», – дедилар. Бас, ўтириб ғусл қилдилар. Сўнг турмоқчи бўлган эдилар, ҳушларидан кетдилар. Сўнгра ўзларига келдилар ва:
«Одамлар намоз ўқишдими?» – дедилар.
«Йўқ, улар Сизга интизор бўлиб туришибди. Эй Аллоҳнинг Расули», – дедик.
«Мен учун тоғорага сув қуйинглар», – дедилар. Бас, ўтириб ғусл қилдилар…».
Бухорий ривоят қилган.
7. Кўпчилик тўпланиб қилинадиган ибодатларда нохуш ҳидлар тарқалиб кетишининг олдини олиш ниятида ғусл қилиш тавсия қилинади.
Бундоқ ишларга: Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш, зиёрат ва видо тавофлари, қуёш ва ой тутилгандаги намозлар ва истисқо намозлари киради.
Икримадан ривоят қилинади:
«Аҳли Ироқдан бир тўп кишилар келиб:
«Эй Ибн Аббос! Сен жумъа куни ғусл қилиш вожиб деб биласанми?» – дейишди. У:
«Йўқ. Лекин у ғусл қилувчи учун покроқ ва яхшироқдир. Ким ғусл қилмаса, унинг учун вожиб эмас. Сизга ғуслнинг бошланиши қандай бўлганлигини айтиб бераман. Одамлар қийинчиликда бўлиб, жун кийим кийишар ва орқаларида юк кўтариб ишлашарди. Масжидлари тор ва шифти паст, сўриток каби эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иссиқ кунда чиқдилар ва одамлар ўша жунда терлаб, ҳид анқигани учун бир-бирларига озор берганини кўрдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ҳидни сезганларида:
«Эй одамлар! Агар шу кун бўлса, ғусл қилинглар ва ҳар бирингиз ўзининг энг афзал мойи ва хушбўйидан суртсин», – дедилар.
Ибн Аббос:
«Кейин Аллоҳ яхшиликни келтирди ва одамлар жундан бошқа нарсани кийдилар. Ишдан кифояландилар ва масжидлари кенгайтирилиб, бир-бирларига озор беришларига сабаб бўлган тер ҳидининг баъзиси ҳам кетди», – деди.