Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Эмизувчи аёл болани сутдан чиқармоқчи бўлса, аста-аста овқат бериб бориши ва уни тўсатдан бир дафъада кўкракдан ажратмаслиги лозим. Ўрганиб қолган ҳолат ва одатдан бирданига кўчиш болага зиён қилгани боис, уни овқатга кўниктириб, ўргатиб борилади.
Болани кўп ейишдан сақлаш
Болаларни таомга тўйиб олишлари ва кўп еб-ичишларига йўл қўйиб қўйиш уларга яхши қарамасликдандир. Уларга қарашнинг энг фойдалиси, бу уларнинг ҳазми яхши бўлиши ва хилтлари мўътадил бўлиши учун ҳамда таналарида чиқитлар озайиб, жисмлари соғлом бўлиши учун уларга тўйиб кетмайдиган даражада таом беришдир. Шу билан озиқ моддаларида кераксиз чиқитларнинг озлиги туфайли касалликлари озаяди.
Табиблардан бири қайсидир қавмни зикр қилиб, айтади: «Мен болаларни тўйиб кетмайдиган даражада овқатлантирадиган қавмни мақтайман. Шу сабабли уларнинг қоматлари ўсади, жисмлари мўътадил бўлади, ҳамда бошқаларда бўладиган куззоз (ёки кузоз – қаттиқ совуқдан бўладиган касаллик ёки ундан бўладиган дийдираш) ва юрак оғриғи каби хасталиклар уларда оз бўлади». У яна айтади: «Агарда бола жисми кўркам ва қомати текис, букчаймаган бўлишини хоҳласанг, уни кўп тўйишдан сақла. Негаки боланинг ошқозони овқатга тўлса, тўйса, шу соатдан бошлаб кўп ухлайди ва бўшашади, қорни дам бўлади ва ғализ (қаттиқ) ел келади».
Боланинг кўп сув ичиши
Жолинус айтади: «Мен гўдакларни совуқ сув ичишларидан асло тўсмайман. Балки кўпинча таомдан кейин ҳамда ёз кезлари иссиқ бўлганда кўнгиллари тусаса, уларни сув ичишга қўйиб қўявераман».
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Бунинг сабаби уларда кучли табиий иссиқликнинг мавжудлигидадир. Бу пайтларда, айниқса, таомдан кейин сув ичишлари уларга зиён қилмайди. Шундай экан, ҳарорат кўтарилиши билан чанқоқни кўтара олмаганлари учун уларга бирор миқдорда сув ичишга имкон бериш зарурдир».