Мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уруш яксон қилди бизни

Иккинчи синфда ўқиётган кезларимда мактабимизда бомба портлади. Синфдан отилиб чиққанча укамни қидира бошладим. Бомбанинг овозидан қўрқиб кетган укам йиғлаб, қалтираб, қаршимда турарди. Қўрқувдан уйга қандай етиб келганимизни билмайман.

Мана шу уруш кетидан опам ва акамларни йўқотдим. Дадам ҳам урушнинг қурбонига айланганди.

Ҳали ҳануз эслайман, кичкина, 5-6 ёш эдим чамаси, уйимизда кичкинагина телевизор бор эди. Бир куни телевизорда ёш болаларнинг бир буюм талашаётганини кўриб, онамдан у нима эканлигини сўрадим. Онам жавоб бермай узоқ вақт йиғлаб турдилар. Кейин, у болалар ўйнайдиган ўйинчоқ деб тушунтирди. Мен ҳам айнан ўшандай ўйинчоғим бўлишини орзу қила бошладим, болалар талашаяптими, демак арзигулик экан деб ўйладим.

Дадам бизни ташлаб кетгач, кўп кезларда уйда овқат бўлмас эди. Бир куни онам егуликка ҳеч нарса қолмагани боис бизни уйда қолдириб, ўзи овқат қидириб кетди.

Аммо ўша тун онам уйга қайтмади.

Тонгга яқин, онамни мактабга кетиш йўлагидан топдик. Совуқ ерда музлаганча жим ётарди.

Қўлида бир бурда нон...

«Ухлаб қолдимикан?» деб уйғотмоқчи бўлдим, аммо турмадилар.

Бир амаллаб одамларни чақириб келдим. Улар онамни кўмиб, устларига тупроқ ташлашди.

Кечга яқин укам билан ёлғиздек ҳис қилдик ўзимизни ва онамни ётган жойларига бориб, улар билан ётиб, тонг оттирдик.

Олдинлари онамнинг бағрида ётсак, иссиқликни ҳис этардик, аммо бу кеча жуда совуқ қотдик...

 Онамдан сўнг баъзи қўшнилар бизга егулик бериб туришди, оз бўлса-да кўпдек туйиларди биз учун. Аммо орадан ҳеч қанча ўтмай, қўшниларимизни ҳам қандайдир ёвуз кимсалар келиб, отиб ташлашди.

Кунлар совуқлаша бошлади. Укам иккимизни ҳам иссиқ усти-бошимиз йўқ эди. Иложсиз ўша ўлдирилиб кетилган қўшниларимизнинг кийимларини кийиб, ўзларини эса онамни қандай кўмишган бўлса, биз ҳам уларни шундай кўмдик.

Қачон тўйиб овқатланганимизни билмайман. Айниқса, онамдан кейин бир бурда нонга зориқиб ахлат қутилари ва ердан нон ушоқларини териб ейдиган бўлдик.

Кунлардан бир кун овқат қидириб қўшни қишлоққа бордик.

Ярим тун, одамлар қаергадир шошиб югураётган эди. Биз ҳам уларга қўшилишиб чопдик. Кейин билсак, улар Суриядан бошқа давлатга қочиб ўтишаётган экан. Вақтинча муҳожирлар лагерида яшадик. 

Кундузлари укам бошқа болалар билан бирга ўйнарди, мен эса катталарнинг ишларига ёрдамлашар эдим.

Орадан бир неча йил ўтгач, бизларни Канадага юборишди.

Бу ерда бизни яхши кутиб олишди. Канада сенга ёқдими деб сўрашганида, «ҳа...умримда биринчи бор қушнинг сайрашини эшитишим, жуда гўзал экан», дея жавоб бердим.

Бизни бир суриялик оила ўз қарамоғига олди. Уйлари жуда ҳам иссиқ ва ҳатто иссиқ сув ҳам бор экан.

Менга ва укамга иссиқ оёқ кийимлар беришди. Аммо ўрганишимиз қийин бўляпти, Сурияда оёқ кийимимиз йўқлигига ялангоёқ юриб одатланиб қолган эканмиз.

Қани эди, ота-онам ва опа-акаларим ҳам ҳозир биз билан бўлишганида эди, мен уларни ўзим мана шу Канадага олиб келган бўлар эдим.

Ўз оиламни соғиндим... Айниқса, Онамни...

Бу ердаги шароит қанчалик яхши бўлмасин, кўникишим қийин бўляпти. Исрофгарчилик ниҳоятда кўп экан. Онам исрофгарчиликни ёмон кўрарди, ҳар гал «борига шукр қилиб, йўғига сабр қилишликка одатлангин», дея танбеҳ берардилар.

Фақат Канада эмас бутун уруш бўлмаётган, тинчлик осудаликда яшаётган давлатларнинг барида исрофгарчилик кўп экан. Сурияда худди охирги сониямизни яшаётгандек кун кечирардик. Бу ерларда эса одамлар ҳеч ўлмайдигандек яшар эканлар.

(Суриялик 12 яшарлик болакай)

Ҳозирги кунда жуда кўп давлатларда уруш сабаб инсонлар тинчлигини йўқотган. Қанчадан-қанчаси тоза ҳаводан баҳра олишни, сувларнинг шивирлаб оқишларинию қушларнинг чуғурлаб сайрашларини эшитишга интиқдирлар.

Бизда эса бу имкониятлар бор. Шундай экан, шукр қилайлик. Тинчлик осойишталикда яшаётганимизнинг ўзи биз учун катта бахт эмасми?!

Унутманг, бу яшаб турган ҳаётимиз аслида нон ва сувдан иборат, холос. Булардан бошқасига эгалик қиляпсизми, демак, қиёмат кунида сўроқ-савол  онида елкангиздаги юкнинг зиммаси ҳам жуда оғир ва қимматга тушади.

Эсланг, Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу 30 ёшларида мусулмон бўлдилар. 37 ёшида вафот қилганлар. Аммо 7 йил мусулмонлик умрида олий мартабаларга эришди. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг Арши, Саъднинг ўлимидан ларзага тушди», деганлар.

Биз-чи?

Алҳамдулиллаҳ, мусулмон бўлиб туғилдик, бироқ шу кунгача қандай мартабага эришдик?

Тоғлик жойлардан ҳовлилар, BMW машиналар, охирги модадаги кийимлар....

Шуми эришган мартабаларимиз? 

Қаердадир бир мусулмон боласи бир бурда нонга зор яшаяпти, ўйинчоқ нима эканини билмай ўсяпти, қушнинг сайрашини биринчи бор эшитиб, кўзи намланяпти...қанчадан-қанча ота-оналар ўз фарзандларини ёр-ёрлар садосида тўй қилиш ўрнига, бомбаларнинг гумбурлаган садоларининг остида ўз фарзандларини кафанга ўраяпти....

Канададан Аиша Абад

Мавзуга оид мақолалар
Кеча 22 июль 2018 йилда Москва шаҳрининг«Альфа» меҳмонхонасида «Муслиманинг жамиятдаги ижтимоий ўрни» давоми...

22:20 / 23.07.2018 3244
Бахтиёрлик ирсий омиллар ила таъсир қиладиган хусусиятдир.  Худди қондаги холестерин миқдорини давоми...

12:24 / 13.02.2017 4593
httpswww.youtube.comwatchvrTRtmIUEE3Yampfeatureyoutu.be

14:32 / 20.12.2018 2275
Тўққизинчи кун... Ассалому алайкум Тўққизинчи куннинг ҳам ярми ўтиб бўлди. Сизларга айтсам, бугун ойим давоми...

21:14 / 04.06.2017 3780