Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ҲАЖДА МАН ҚИЛИНГАН АМАЛЛАР
Эҳромга киргач, аёли билан жинсий яқинлик қилишдан, ёмон сўз айтишдан, гуноҳ қилишдан, тортишишдан, қуруқликдаги ҳайвонни овлашдан ё овчига уни кўрсатишдан, тикилган либос кийишдан, салла ўрашдан, оёққа маҳси кийишдан, бош ва юзни беркитишдан, атир сепишдан, соч ва соқол олдиришдан, тирноқ олишдан сақланиш лозим.Эҳром кийган ҳолда ғусл қилиш, ҳаммомга кириш, кажава ва чодирга кириб салқинланиш, белга камар ва шунга ўхшаш нарсаларни тақиш жоиздир. Ҳар намоздан сўнг пастдан юқорига чиқаётганида ёки водийга тушаётганида, ҳожилар гуруҳига дуч келганида ҳамда саҳар вақтида эркаклар овозини чиқариб талбия айтишади.
МАККАГА КИРИШДА ҚИЛИНАДИГАН АМАЛЛАР
1. Ҳожи маккага келгач, хушуъ билан талбия айтган ҳолда, Масжидул Ҳарамга киради. 2. Каъбани кўргач, уч бор такбир ва таҳлил айтади.3-4. Аввал такбир ва таҳлил айтган ҳолда, Ҳажарул Асвадга юзланиб, намоздаги каби қўлларини кўтаради ва қўлларини тушириб, икки қўлини тошнинг устига қўйиб, қўллари орасидан тошни ўпади, бунинг иложи бўлмаса, тошга бирор нарсани теккизиб, уни ўпади, бунинг ҳам иложи бўлмаса, икки қўл кафтларини кўтариб, у томонга қаратиб, такбир, таҳлил, ҳамд ва салавот айтади, сўнг кафтларини ўпади.
5. Сўнгра, агар ҳожи маккалик бўлмаса, Ҳатим (Каъба ёнидаги ярим доира шаклидаги девор) орқасидан Каъба атрофида ўнг елкасини очган ҳолда, ридони ўнг қўлтиғидан ўтказиб, учини чап елкасига ташлаб, етти марта қудум тавофини қилади.6. Ушбу етти давралик тавофнинг илк учтасида ҳожи елкаларини ҳаракат қилдирган ҳолда тез-тез юради.(рамл). 7. Қолган тўрт тавофда эса виқор билан секин-аста юради. 8. Ҳар гал Ҳажарул Асвад ёнидан ўтаётганида 3-4 бандида баён этилган амалларни қилади. Ҳар тавофда рукнул Яманийни имкони бўлса, икки қўл кафти билан сийпайди. Имкон тополмаса қолдиради. 9.Тавофни 3-4 бандда баён этилган амалларни қилиш билан тамомлайди.
10.Тавофни тамомлагач, Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом мақомига, бунинг иложи бўлмаса, масжиднинг хоҳлаган жойида икки ракъат намоз ўқийди, сўнг байтуллоҳнинг Ҳажарул Асвад ва эшик оралиғига бориб, икки қўлини қўйиб, ўнг юзини босади ва Зам-зам сувидан ичади. 11.Сўнг Сафо ва Марва оралиғида саъй қилишни истаса, 3-4 бандда айтилган амалларни қайта бажаради ва Сафога кўтарилади. Унинг устида Байтуллоҳга қараб уч бор такбир ва таҳлил, Пайғамбаримизга соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади ва қўлларини кўтариб истаганча дуо қилади. Сўнг Марва томон юради. Йўлнинг пастки яшил чироғи оралиғида тез юради. Марвага чиқиб, Сафода қилган амалларини такрорлайди. 12.Шу тариқа етти марта юради, Сафодан бошлаб, Марвада битиради.
13.Сўнгра эса эҳром кийган ҳолда Маккада қолади ва хоҳлаганича Каъбани рамл қилмай, нафл тавоф қилади. Кейин Зулҳижжанинг саккизинчи куни тонгда Маккадан Минога йўл олади ва арафа куни бомдод намозини ўқигунча Минода туради.14.Зулҳижжанинг тўққизинчи куни Минода бомдод намозини ўқигач, Арафотга чиқади ва раҳмат тоғига яқин жойда завол (пешин) вақтидан ҳайит куни тонг отгунча бўлган вақт ичида, бир лаҳза бўлса ҳам вуқуф қилади. Қуёш заволидан сўнг имом жумъа намозининг хутбаси каби иккита хутба ўқийди. Хутбадан сўнг бир азон, икки такбир билан пешин ва аср намозларини бир вақтда ўқийди. Пешиннинг икки ракъат суннати ўқилмайди. Қуёш ботгач, барча ҳожилар Муздалифага боришади ва шом ва хуфтон намозларини бир азон ва такбир билан ўқийдилар ва ўша ерда тунни ўтказадилар.
15.Зулҳижжанинг ўнинчи куни (Қурбон ҳайити куни) бомдод намозини эрта вақтида ўқигач, Муздалифада бир лаҳза бўлса ҳам вуқуф қилиб, такбир, таҳлил ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади ва дуо қилади. Тонг жуда ёришгач, Минога йўл олади ва жамратул ақабага етти дона тошчаларни бош ва кўрсатгич бармоқлари билан тутиб, такбир айтган ҳолда бир-бир отади. Биринчи тошчани отиши билан талбия айтишни тўхтатади. Бундан сўнг, муфрид хоҳласа, қурбонлик сўяди ва сочларини қисқартиради ёки тўлиқ олади. Сочларни тўлиқ олдириш афзалдир. Юқорида санаб ўтилган амалларни бажаргач, аёли билан жинсий алоқадан ташқари, эҳромда таъқиқланган барча ҳаракатлар ҳалол бўлади.16.Сўнг ҳожи шу куни ёки эртасига ёхуд учинчи куни Маккага бориб, Байтуллоҳни етти марта тавофи зиёрат қилади. Аммо Сафо ва Марва ўртасида саъй қилмайди. Зиёрат тавофини Қурбон ҳайитининг учинчи кунидан кейинга қолдириш таҳриман макруҳдир. Зиёрат тавофининг тамоми ёки аксарият қисми бажарилгач, сочини қисқартган ё олдирган бўлса, аёлига яқинлашиш ҳам мумкин бўлади.
17.Зиёрат тавофидан сўнг Минога қайтади ва тунни ўша жойда ўтказади.18. Зулҳижжанинг ўн биринчи куни завол (пешин) вақтидан сўнг, дастлаб Хейф масжиди ёнидаги тош отиш жойидан (жамратус суғро) бошлаб, навбати билан ўрта (жамратул-вусто) ва (жамратул-ақоба)га етти донадан майда тош отади. Ҳар бир тошни «Бисмиллаҳи, Аллоҳу Акбар» деб отади. Биринчи ва ўртадаги тош отиш жойларида тош отиб бўлгач, такбир, аҳлил ва салавот айтиб, бир соат миқдорича туради, тош отиб бўлгач, дуо қилади. 19. Зулҳижжанинг ўн иккинчи куни ҳам 11-кун амалларини айнан такрорлайди. Шундай қилиб, ҳаж ибодати якунланади. 20. Эртасига Маккага қайтишда , Муҳассаб деган жойда қисқа муддатга бўлса ҳам қўниб ўтади. Маккага боргач, етти бор Видо тавофи қилади. Ушбу тавоф маккалик бўлмаганлар учун вожибдир. 21. Сўнгра Зам-зам булоғига келиб, қониб ичади. 22. Сўнгра Каъба остонасига келиб, Каъба эшигини ўпади.
23. Сўнг эшик билан Ҳажарул Асвад орасидаги «Мултазам» деб номланган жойга келиб, кўкрагини ва ўнг юзини Каъбаг суради, Каъбапўшни ушлаган ҳолда дуо қилиб, йиғлайди. Ниҳоят Байтуллоҳдан юз ўгирмаган ҳолда, орти билан юриб, Ҳарами Шарифдан чиқади.24. Аёллар ҳам худди эркаклардек ҳаж қиладилар. Аммо аёллар бошларини очмасдан, фақатгина юзларини очадилар, талбияда овозларини чиқармайдилар. Тавофда елкаларини қимирлатиб, тез юрмайдилар ва Сафо ва Марва орасида ҳам оҳиста юрадилар. Сочларини олдирмайдилар, фақат бироз қисқартирадилар. Эҳромда ҳам тикилган кийимларни кийишлари мумкин.
25. Аёллар тиқилинч бўлганида Ҳажарул Асвадга яқинлашмайдилар. Узоқдан ишора билан саломлайдилар. Аёл эҳромга кираётганда ҳайзли бўлса, намоз ўқиш эмас, балки эҳром кийиш учун ювинади ва сўнг эҳром кияди. Фақат бундай ҳолатда аёллар ҳажнинг барча амалларини бажарса-да, Каъбани тавоф қилмайдилар.26. Агар аёл Арафотда вуқуф қилиб ва зиёрат тавофини бажаргач, ҳайз кўрса, унунг ҳаж арконлари тамомланган ҳисобланади ва уйига қайтади, видо тавофи қилолмагани учун унга ҳеч нарса лозим бўлмайди.
Юқорда келтирилган ҳаж маълумотлари, Абул Ихлос Шурунбилолий, Абу Зайд Шиблий «Нурул Изоҳ» дан олинди.