Шаъбон ойи бир ойки, унда амаллар Роббил оламинга кўтарилур
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг фақат озгина рўзасини тутмас эдилар. Балки ҳаммасини тутар эдилар, десак ҳам бўлаверади».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда асосан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Рамазон ойининг рўзасини тўлиқ тутганларини билиб оламиз. Чунки Аллоҳнинг амри шундоқ. Рамазондан кейин энг кўп рўзаси тутиладиган ой Шаъбон экан.

Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ойни кетма-кет рўза тутганларини кўрмадим», дедилар».

Термизий яхши санад билан ривоят қилган.

Шарҳ: Шаъбон ва Рамазон ойлари кетма-кет келиши маълум, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шу икки ойнинг рўзасини тутган эканлар. Бундан ҳам Шаъбон ойи рўзаси фазилатли эканини билиб оламиз.

Имрон ибн ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: «Бу ойнинг ўртасидан бирор нарса тутдингми?» дедилар. ҳалиги киши: «Йўқ», деди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундоқ бўлса, қачонки Рамазондан сўнг оғзинг очиқ бўлганда унинг ўрнига икки кун рўза тут», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилган.

Шарҳ: Бошқа бир ривоятда: «Шаъбон ўртасидан рўза тутдингми?» деганлар. У киши «Йўқ» деганидан кейин: «Ундоқ бўлса, оғзинг очиқ бўлганида зиммангдаги ўрнига икки кун рўза тут», деганлар.

Бундан Шаъбон ойида ҳеч бўлмаса икки кун рўза тутиш кераклиги келиб чиқади.

Ўз-ўзидан «Нима учун Шаъбон ойида нафл рўза тутишга бунчалар аҳамият берилади?» деган савол пайдо бўлади.

Бу саволнинг жавобини Имом Насаий Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдан топамиз. Унда қуйидагилар айтилади: «Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим.

У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламинга кўтарилур. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман», дедилар.

Бунинг устига рўзаси фарз қилинган Рамазон ойидан олдинги ойда, Шаъбонда рўза тутишни яхшилаб машқ қилиб, Рамазонга кирилса, унинг рўзаси яна ҳам мукаммал ва бенуқсон бўлади. Бу худди фарз намозидан олдин суннат намоз ўқиб, яхшилаб тайёргарлик кўриб олишга ўхшайди.

Аввалги ўрганган ҳадисларимизда Рамазондан кейин рўзаси энг афзал ой Муҳаррам ойи дейилган эди. Энди эса Шаъбон ҳам шу маънога даъвогар бўлиб қолмоқда. Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз, Муҳаррам ойи рўзасининг афзаллиги Рамазон ва Шаъбонникидан кейин, деганлар.

Ушбу фаслда ўрганган ҳадисларимизда иложи борича Шаъбон ойида кўпроқ рўза тутишга тарғиб қилинмоқда. Рўза тутиш наҳий қилинган кунлар фаслида эса Шаъбон ойи охиридан бир ёки икки кун рўза тутиш ҳаром. Шаъбон ойининг ўн олтинчисидан бошлаб рўза тутмоқ макруҳ, дейилган эди. Бу бир-бирига қарама-қарши ҳукмлар эмасми?, деган савол туғилиши табиий. Жавоб шуки, бу ерда ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Чунки ўша рўзаси тутилишдан наҳий қилинган кунлар фаслининг ўзида ҳам, агар рўза тутишга одатланган бўлса, дейилган. Демак, Шаъбон ойида доимо нафл рўза тутишга одатланган одам бўлса, у тутаверади. Аммо одатланмаган бўлса-ю, Рамазон кириб қолган бўлса, нима бўлади, деган васваса билан кишилар ўртасида ихтилоф пайдо қилиши мумкин бўлган рўзадан наҳий қилинган.

Демак, ўртада ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.

 
Мавзуга оид мақолалар
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

10:37 / 24.01.2017 4915
Савол Ассалому алайкум, Шайх жаноблари Мен ЮНЕСКО ташкилоти қошида ташкил этилган «Ипак йўли» давоми...

07:53 / 28.11.2016 12901
Саудиядаги Англиянинг мухтор элчиси Саймон Коллинз, Исломни қабул қилгач, рафиқаси билан ҳаж амалини давоми...

13:53 / 14.03.2017 4245
33 « ». . Ўттиз учинчи ҳадис Оиша разияллоҳу анҳондан ривоят қилинади «Рамазон келди. «Эй давоми...

21:37 / 04.06.2018 3680