Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобида икки оят бор, унда бугунги кундаги мусулмонларнинг воқеликларида кўринаётган аламли қайғуларга овуниш бор. Унда: «Ислом бугунги кунда ўз мустақиллигидан ажраган, рисолатни бажаришда тизгинларга тобе қилинган ва бўйсундирилган», деган хаёлга олиб борадиган хатони тузатиш бор.
Бу икки оят Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзидир. «Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир». (Яъни фақат ўз нурининг тўкис бўлишини истайди.) «У гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир». Тавба, 32-33. Бу икки оятда мусулмонларнинг бугунги воқеликларида дуч келаётган барча ғам аламларга сабр-қаноат қилиш бор. Унда: «Ислом кучсиз бўйсунувчи ва озор берилган», деб тасаввур қилаётган кишининг гумонини тузатиш бор. Яқин ва узоқ ўтмиш тарих воқелиги бу буюк илоҳий сўзга гувоҳлик беради. Агар биз ҳақ билан ботил ўртасидаги, яъни Аллоҳ ўзининг Анбиё ва Расуллари орқали юборган Ислом билан инсон ва жин шайтонлари ўйлаб топган ботил ўртасидаги узоқ тарихий курашни ўйлаб қарасак, ботилнинг даврий саёҳатини (турнесини) кўрамиз. Лекин бу ҳаракат ҳамон ёнишдан тўхтамайди ва эриб тугамайди. Биз бир пайтлар қаттиқ уруниш ва ҳаракатлар билан Қуръонни Қуръонлигига ва уни оламлар Робби томонидан нозил қилинган Калом эканида одамларни шубҳалантирган шахсларни эслаймиз. Эътибор бериб қараганимизда уларнинг бу ҳаракатлари ташқи куч билан қўллаб-қувватланганини, кўп бойлик ва ахборот воситалари билан мустаҳкамланганини ҳис қилганмиз. Инсонлар орасида «Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобига бўлган бу ҳужумлар энди уни сиқиб қўяди, бундан кейин уни ўрганишдан ва унга иймон келтиришдан одамлар ва мусулмонларни тўсиб қўяди», деган хаёлга борувчи кишилар ҳам бўлган эди. Лекин биз эътибор берганимизда бу ҳужумлар пасайиб тортилиб қолганини, мусулмонлар қалбида иймоний эътиқод порлаб, Аллоҳ азза ва жалланинг Китобига бўлган иймон қуввати кучайгани, балки мўмин мусулмонларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳидояти билан кенгайганларини кўрдик. Яқин ва узоқ ўтмишга назар солиб Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига нисбатан шубҳа ўйғотган кишиларни ва уларнинг бу ишлари кўплаб бойликлар ва қаттиқ уринишлар билан қандай қўллаб-қувватланганини кўрдик. Эътибор бериб четдан келаётган ёрдамни қанчалик кучли ва аҳамиятли эканини ўз кўзларимиз билан кўрдик. Бу ишларнинг бари нимага олиб келди? Катта бойлик билан қўллаб-қувватланган ҳамда инсон ва жин шайтонларидан иборат душманлар ҳимояси билан муҳофаза қилинган бу ҳаракатлар нимага бориб етди? Бу уринишларнинг барчаси йўқ бўлди, шамоллар учириб кетди, ҳақиқат қарор топиб, мўмин- мусулмонларнинг Расулуллоҳ суннатига бўлган иймон қуввати кучайди, у Зотнинг сийратига боғланиш ва ҳаёт тарзларига эргашиш кўпайди. Ўтмишни ўйлаб кўрганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини тасвирлашга тазйиқ ўтказган ва шилқимлик қилган кишиларни учратдик. Эътибор бериб бу даъват катта бойлик, мустаҳкам куч ва турли хил ахборот воситалари билан қай тарзда қўллаб-қувватланганини кўрдик. Эҳтимол одамлар орасида «Энди бу ҳаракат ҳақиқатни беркитади, бу тутунлар шиддатидан ва унинг касофатидан мусулмонлар ёки ўсиб келаётган авлодлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маърифатидан йироқлашиб улғаяди», деб ўйлайдиган кишилар ҳам бўлган. Эътибор берсак, бу тутунлар тарқалмоқда, ҳақиқат қуёши (мен янгидан чиқди демайман, балки у доим порлаб турувчидир) лекин унинг нурлари ўша тутунларни ҳар томонга сочиб ташлади. Унинг нурлари ушбу ҳалокатли булутга жамланган шарқу ғарбнинг кучини ҳалок қилиб буларни кузатиш учун йиғилган жуда кўп ортиқча бойликларни йўқ қилди.
Бу ерда жуда кўп мисоллар келтириш мумкин, эй дўстларим. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу сўзини ифода этиб таъкидлайди. «Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир». Тавба, 32. Бу ҳақиқатни бизга ҳаммамиз тушунишимиз мумкин бўлган ва кўриниб турган воқеълик гавдалантириб беради. Ҳа, у ерда кўплаб бойликлар бор (эҳтимол бу бойликларни улар айтаётганларидек олов куйдирмас), уларни барчаси Аллоҳ азза ва жалланинг динига ҳийла қилиш учун сафарбар қилинади. Бу бойликлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг динини вайрон қилишга тайёр эканини эълон қилган ҳар бир кишига ҳисобсиз бериш учун миллионлаб эмас, балки миллиардлаб жўнатилади. Шунга қарамай бу ҳаракатга фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сўзи ростини айтади. «Албатта, куфр келтирганлар молларини Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун сарфлар. Бас, уларни сарфлайдилар-у, сўнгра ўзларига ҳасрат бўладир, кейин мағлуб бўларлар». Анфол, 36. Бу Аллоҳнинг қарори... Агарда замон ушбу қарорни тасдиқламаганида эди, кўпчилик одамларни ишончсизлик билан шубҳаланишлари мумкин бўлар эди. Лекин давр ва замон балки барча асрлар бу илоҳий ҳақиқатни таъкидлаб келмоқда. Лекин мусулмонларни айрим ҳолларда мағлуб бўлиб бўйсундирилганини кўришимиз ва уларнинг бошига кулфат тушиши, буларнинг маъноси «Ислом ўзи шундай бўйсундирилган ва тизгинланган» – дегани эмас. Бу кўп инсонлар дучор бўлган хато тушунча бўлиб, қачон улар мусулмонларни кўрсалар, «Шулар Исломни гавдалантириб беради ва бу ерда мусулмонларнинг воқеликлари билан олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмайдиган Ислом ўртасида боғлиқлик бор»– деб ўйлайдилар. Қаҳр ўз тегирмонини айлантирганини кўрган бўлсангиз ва Аллоҳ азза ва жалла динининг душманлари бўлган ўша ақлсизлар ҳақиқатда ғалабага эришганини кўрган бўлсангиз, бу зафар Ислом устидан эмас, балки қандайдир мусулмонлар устидан ғалаба қилиш бўлган. Бирор вақт Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган мусулмонлар устидан ғалаба қилинганми? Аллоҳ ўзинг сақла! Ҳеч бир даврда молу давлатларини Роббиси хоҳлаган йўлда сарф қилган мусулмонлар мағлуб бўлганми? Аллоҳ сақласин! Бу ҳеч содир бўлган эмас. Ўзларини Аллоҳнинг ҳақиқий йўлида эканликларини ва Расулуллоҳнинг тўғри йўлида юрганларини диққат билан назорат қилиб борган мусулмонлар ҳамда йўлларида ҳаддидан ошганларида ёки тойилганларида тез тавба қилиб қайтган мусулмонлар бирор замонда мағлуб бўлганмилар? Аллоҳ ўзинг сақла! Ғалаба тегирмони мусулмонлар устида айланганида Аллоҳнинг буйруқларини дунёлари йўлида қурбон қилган, тижоратларида Аллоҳ билан тузган битимларини унутган, Аллоҳнинг тўғри йўлидан юришни эсларидан чиқариб, у ер бу ердаги қинғир-қийшиқ йўлларига эргашган ўша мусулмонлар устида айланган. Ана ўшанда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг устида ўша душманларни ҳукмрон қилган. Эҳтимол ана ўшанда Аллоҳ уларнинг кучини ҳар томонга сочиб ташлаб, уларнинг қудратини хорликка айлантириб қўйган. Лекин бу нарса «Исломни мағлуб этилган, Ислом ўз ишида мағлуб бўлди», дегани эмас бундай хаёл қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Қачон биз бундай жирканч воқелик билан Ислом ҳақиқатини намоён қилганмиз? Бу ҳақиқатни яхши тушуниб олишимиз лозим. Агар биз мусулмонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ушбу: «Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўла адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар»– деган сўзига муносиб бўлсак, аниқ билингки, ҳеч кимни бизнинг устимиздан ғалаба қилишга кучи етмайди. Ёвуз кучлар қанчалик мол-дунё билан қўллаб-қувватланса ҳам, қанчалик қурол билан мустаҳкамланса ҳам ва бутун дунёда қанчалик кўпайсалар ҳам, албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг солиҳ бандаларини ҳимоя қилиб, тез орада уларга зафар беради. Лекин сиз менга Роббимиз субҳанаҳу ва таоло; «Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўла адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар»– деб васф қилган сифатларга мусулмонлар эга бўлган вақтда бу оят уларнинг зарарига иш берганини кўрсатинг, мен ҳам сизга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони мусулмонларга қандай ёрдам берганини кўрсатаман.
Аллоҳ таоло томонидан ўз фарзандлари тарбиясига эътибор беришлари лозимлиги буюрилган ота-оналарга назар солсак уларни мураккаб бўлмаган имтиҳонга ташланганини кўрамиз. Ота-оналар ўғил-қизлари олдидаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқларини афзал билишлари ҳам мумкин ёки фарзандларига тарбия беришдаги Аллоҳнинг буйруқларидан юз буришлари ҳам мумкин. Аллоҳ таоло уларни шундай содда ва енгил имтиҳон олдига қўяди. Биз нимани кўраябмиз? Биз уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг динини йўқотиб қўйганларини, Унинг буйруқларини унутганга солганларини, Аллоҳнинг; «Ризқни Аллоҳнинг ҳузуридан истанглар» ва «Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир» (Тоҳа 132)– деган сўзларини унутган ёки ўзларини унутганга солганларини кўрдик. Улар Аллоҳнинг: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар» (Таҳрим, 6) – деган сўзини унутдилар.
Биз буларнинг ҳаммасини унутиб, биз учун мавҳум бўлган кафолатни маҳкам ушламоқдамиз. Бизларга ишониб топширган ва болаларимизга беришимиз керак бўлган муҳим тарбия йўналишида зиммамизга юкланган Аллоҳнинг буйруқларидан юз буряпмиз. Эй дўстларим! Кўп мусулмонлар тушиб қолаётган катта хато, эҳтимол, бу хато уларни Аллоҳнинг адолати ва ваъдаси ҳақида шубҳага олиб бориши ҳам мумкин – бу уларни «Мусулмонлар Ислом билан бир хилдир»– деган тасаввурда бўлишлари ва «Ислом ўша мусулмонлар билан тенгдир»– деган хаёлга боришларидир. Бу қаттиқ янглишишдир. (мусулмон айби билан Ислом айбдор бўлмайди. Тарж.) Ҳақиқий Ислом енгилмас... ҳамиша азиздир. Аммо мусулмонлар бошқа масала. Мусулмонлар Аллоҳнинг буйруқларини унутган пайтда, мағизидан юз буриб фақат пўстлоғи билан безанган вақтда енгилганлар. Албатта, мусулмонлар гоҳида сизлар тасаввур қилишингиз мумкин бўлмаган хорликларга дучор бўладилар, чунки улар зоҳирларида мусулмондир, лекин ҳақиқий йўлдаги ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буюрган йўналишдаги мусулмон эмаслар.
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси. 25 октябрь 1996 йил.
Эшонгузар жомеъ масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси. 04 февраль 2016 йил.