Буюк шахсият (Алишер Навоий)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Алишер Навоий ҳижрий 844-йили Ҳирот шаҳрининг Неъматобод мавзесида илм-маърифатли, билимсевар оилада дунёга келди. Алишер Навоийнинг ота томондан бобоси Амир Темурнинг Умар Шайх исмли ўғли билан эмикдош бўлиб, кейинчалик Умар Шайх ва Шоҳрухнинг хизматида бўлган. Отаси Ғиёсиддин Баҳодир эса Абулқосим Бобурнинг яқинларидан бўлиб, мамлакатни идора этишда иштирок этган. Онаси Қобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи, исми маълум эмас.

     Шоирнинг шогирди, тарихчи Ғиёсиддин Хондамир ўзининг «Макоримул-ахлоқ» асарида шундай ёзади: «Алишер Навоий Рамазон ойининг ўн еттинчи санасида саккиз юз қирқ тўрт – товуқ йилида йўқлик дунёсидан борлиқ оламига қадам қўйиб, ўзининг жамоли ва порлоқ чеҳраси бирла Ер юзини ёритди». Бу милодий 1441 йил февраль ойининг 9- кунига тўғри келади.

     Бугунги кўп манбаларда шоирнинг вафотини 1501 йилнинг январь ойининг 3- куни деб берилади. Бу ҳижрий 986, ражаб ойининг 29-сига тўғри келади. Навоийдек буюк шахслар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди, албатта. Бунинг учун ўзига яраша илмий-маданий муҳит мавжуд бўлиши керак. Навоий оиласининг илм аҳллари мухлиси бўлган темурийлар саройига яқинлиги унинг баркамол тарбия топишида муҳим ўрин тутган. У темурийзодалар билан, хусусан, бўлажак султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга таълим-тарбия олган.

     Алишер Навоий ўн уч-ўн тўрт ёшларида отасидан ажраб қолгач, Абулқосим Бобур уни ўз тарбиясига олади. Уни ўз фарзандидек кўргани учун ҳамма нарсасини муҳайё қилиб, илм олиш учун барча шароитни яратиб беради. У Навоийдаги истеъдодни юқори баҳолаб, уни икки тилда шеър ёзишга илҳомлантиради.«Зуллисонайн» («икки тилли шоир») деб атайди. Ҳижрий 860 (милодий1456) йили мамлакат пойтахти Ҳиротдан Машҳадга кўчирилганида, Абулқосим Ҳусайн Бойқаро билан бирга ёш Алишерни ҳам Машҳадга олиб кетади. Аммо орадан беш-олти ой ўтиб-ўтмай, Абулқосим Бобур тўсатдан вафот этиб қолади. Алишер Навоий Машҳад мадрасаларидан бирида ўқишни давом эттиради. У ерда диний билимлар билан бир қаторда, фалсафа, мантиқ, риёзиёт ва бошқа илмлардан ҳам таҳсил олади. У Машҳадда катта шоирлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, уларнинг таҳсинларига сазовор бўлади. 867/1463 – йили эса у яна Ҳиротга қайтади.

    Алишер Навоий  1465 – 1469 йиллари Самарқанд мадрасасида бўлди. У бу ерда тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом ва бошқа илмларда билимини чуқурлаштирди. Таниқли олим Вадуд Маҳмуд «Алишер Навоий» деган мақоласида, жумладан, бундай дейди: «Алишер 17 ёшда экан, (Абулқосим) Бобур ўлганидан сўнг диний ва илоҳий илмлар ўрганмак истади... Мовароуннаҳрнинг маркази Самарқандга келиб, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абдуллайс мадрасасига қўнди» (Вадуд Маҳмуд, «Танланган асарлар», Тошкент,«Маънавият», 2007, 30-бет). Навоий бу ерда замонавий энг кўзга кўринган уламолардан таълим олади. У Самарқандда ўша даврнинг кўзга кўринган шоирлари – Шайхим Суҳайлий, Мир Қарший, муаммогўй Улойи Шоший, олим мавлоно Муҳаммад Олим ва бошқалар билан дўстлашди. 1469 йили Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтиргач, унинг шахсий илтимоси билан Алишер Навоий Ҳиротга қайтади ва давлат ишларида фаол қатнашади.

    Ёш тадқиқодчи олимларимиздан бири Ҳамидуллоҳ Лутфуллаев «Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Мавоҳиби Алийя» асари Марказий Осиё халқлари маънавий ҳаётига доир муҳим манба» мавзусидаги диссертациясига ёзган авторефератида (ЎзРФА шарқшунослик инситути. Тошкент, 2011) Алишер Навоийнинг фаолиятида Қуръон илмлари ҳақида сўз юритиб, жумладан, қуйидагиларни ёзади: «Алишер Навоийнинг Қуръон ва ҳадисдан унумли фойдалангани унинг бошқа асарларида ҳам кузатилади. Шоир ижодида Қуръон илмлари қай даражада ифодалангани ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун унинг «Назм ал-жавоҳир», «Мажолис  ан-нафоис», «Ҳайрат ал-аброр», «Ситтаи Зарурия», «Насоим ал-муҳаббат», «Тарихи анбиё ва ҳукамо», «Сирож ал-муслимин», «Хамсат ал-мутахаййирин» каби асарларидаги мавзуга дахлдор маълумотлар диссертацияда тадқиқ этилди. Мазкур асарларда ҳам Қуръон илмлари мавзусига катта эътибор берилгани маълум бўлди. Масалан, шоир ўзининг «Назм ал-жавоҳир» асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида шундай ёзади:

            Қуръонки эрур муждаи жоний ўқумоқ,

            Йўқ-йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,

            Бил, кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,

            Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ,

     Шоир мазкур сатрларни келтирганида, Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо экани тўғрисидаги 82- оятининг («(Биз) Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларини нозил қилурмиз») мазмунига таянганини кўрамиз.

  Навоийнинг Қуръон илмларига бўлган этибори унинг бир неча тафсирлар ёздирганида ҳам кузатилади ва бунда Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолияти муҳим ўрин тутади. Унинг қаламига мансуб «Жавоҳир ат-тафсир» ва «Мавоҳиби алийя» асарлари Алишер Навоийнинг бевосита таклифи ва ҳомийлигида ёзилган.

«НАВОИЙДАН ЧУ ТОПҚАЙЛАР НАВОЕ» китобидан олинди

Мавзуга оид мақолалар
Кўпинча биз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг «Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг давоми...

16:07 / 03.04.2019 4079
Оила илмий амалийтадқиқот маркази томонидан 2018 йил давомида кўплаб тадқиқотлар ўтказилди ва уларда давоми...

21:00 / 05.10.2019 2096
Бир ишни бошлашдан, қарор қилишдан аввал, бирор ҳодиса олдидан Хайрлиси бўлсин дейиш мўминмусулмон давоми...

13:52 / 29.11.2016 3642
     Икки амалиёт бор. Биз уларни Аллоҳнинг Китобида ўқиймиз. Уларнинг бирига Аллоҳ Ўзининг олий Зотини давоми...

11:00 / 23.02.2017 6462