Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
[gallery ids="14798,14803,14802,14800,14801,14799,14796,14797,14794,14795,14792,14793,14790,14789,14791"]«Ҳилол-нашр»да янги китоб ва дисклар тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун «Ҳилол-нашр» нашриётида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Зикр аҳлидан сўранг» туркумидаги китобларининг бешинчи жузи ҳамда 5 та дискдан иборат «Анбиёлар қиссаси» номли видео-суҳбатларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматов, Нурииймон Абулҳасан, Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф, Исмоил Муҳаммад Содиқ, Эркин Малик ва бошқа аҳли илмлар, китоб ихлосмандлари иштирок этди. Тадбирни Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид олиб борди. Анъанага кўра Қуръон тиловати билан бошланган тақдимотда аввалги сўз Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновга берилди. Анвар қори жаноблари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китобхонларга тақдим қилинаётган «Зикр аҳлидан сўранг» туркумининг бешинчи жузи ва бошқа асарлари ҳақида гапириб, у зотнинг халқимизга қолдирган илмий мероси ҳамда унинг ёшларимиз, халқимиз илму маърифатини оширишдаги ўрни беқиёс эканини таъкидлаб ўтди. Хусусан, «Тафсири Ҳилол» китоби кўплаб араб тилида ёзилган тафсирлардаги маълумотларни ҳам ўзида жамлагани, шу маънода улардан устун бўлса устунки, асло кам эмаслигини таъкидлади. Ҳазратнинг китобларини ўқиб, тушуниб, уларга амал қилиш, турли ёт ғоя ва оқимлар таъсирига тушиб қолишдан ҳимоя вазифасини ўташини тушунтирди. Кейинги сўз навбати Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Турматовга берилди. Хайрулла домла «Анбиёлар қиссаси» ҳақида гапириб, бу видео-суҳбатлар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг 2009 йил Рамазон ойида юртимиз масжидларига бориб, Қуръони Каримда зикри келган анбиёлар ҳақида қилган маърузалари жамланмасидан иборат эканини айтди. Хайрулла домла бевосита «Анбиёлар қиссаси» видео-суҳбатлари ҳақида гапиришдан олдин, сўзининг аввалида бизнинг аждодларимиз дунё аҳлига Ислом динининг туб моҳиятини тушунтириб берган улуғ зотлар бўлганини таъкидлаб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам ўша буюк аждодларимизнинг ишларини давом эттириб, Ислом динини халққа етказишда нечоғлик катта хизматлар қилганларини сўз билан ифода қилиш мушкул эканини таъкидлаб ўтди. Хайрулла домла Ҳазратнинг Рамазондаги суҳбатлари алоҳида бир олам бўлганини айтиб, «Анбиёлар қиссаси»да (2009 йил Рамазондаги суҳбатларда) Ҳазрат Қуръонда зикри келган пайғамбарларнинг қиссаларини гапириб берганлари, бу суҳбатлардан мурод бу пайғамбарларнинг барчалари биродар экани, улар битта мақсад сари рисолат билан юборилгани ва Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам у зотларнинг энг аълоси, Аллоҳга энг ҳабиби ва охиргиси эканлигини халқимизга етказиш бўлганини таъкидлади. Шундан сўнг сўз навбати «Зикр аҳлидан сўранг» китобининг 5-жузи ҳақида гапириш учун Муҳаммад Али Муҳамма Юсуфга берилди. У киши шайх Ҳазратларининг мактуб, интернет, бевосита мулоқот орқали берилган саволларга берган жавобларини, айниқса, фиқҳий масалалар бўйича берган фатволарини кўплаб китобхонларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда рисола шаклида ҳам халққа етказиб боришга қарор қилингани, 2005 йилнинг февраль ойида «Зикр аҳлидан сўранг» деб номланган ойноманинг илк сони нашр қилинганини айтиб ўтди. Сўнг 2011 йил ушбу савол-жавобларни каттароқ китоб қилиб чиқаришни сўраган китобхонларнинг талаб ва хоҳишларини инобатга олган ҳолда, шайх Ҳазратларининг кўрсатмаларига асосан мазкур ойномалар китоб шаклида, тўплам сифатида қайта нашр этишга киришилгани айтилди. Муҳаммад Али домла «Зикр аҳлидан сўранг» китобининг бешинчи жилдида савол-жавоблар «Қуръон ва суннат», «Ақоид», «Ибодатлар», «Муомалот», «Оила ва турмуш», «Таъқиқ ва рухсатлар», «Тиб», «Ахлоқ ва одоб», «Руҳий тарбия», «Сийрат ва тарих», «Адабиёт» каби кўплаб бўлимларга тақсимлаб, оят-ҳадисларнинг арабий матнини илова қилиб, 40 дан ортиқ боблар келтирилганини айтиб ўтди. Кейинги сўз Нурииймон Абулҳасанга берилди. Нурииймон ака шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ёзиб қолдирган китоблари ҳақида гапириб: «Бунча китобни ёзишга бизга бир неча умр ҳам етмас эди», дея эътироф этди ҳамда Ҳазратга Аллоҳ Ўзининг илмини бутун дунёга тарқатиш саодатини ва бу билан улуғ мартаба берганини таъкидлади. Шунингдек, Нурииймон ака Исломнинг асл мақсади нималардан иборат эканини тушунтириб берган уламолар бизнинг юртлардан чиққанини, Ислом илмида бизнинг уламолар устун бўлганини, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари уларнинг муносиб меросхўри эканларини таъкидлаб, Ҳазратнинг китобларини араб тилига таржима қилиб, ҳозирда нотинчлик бўлиб турган Ислом ўлкаларига ҳам етказиш керак, деган фикрни илгари сурди. Китоб ўқиш, илм ўрганиш нечоғлик муҳимлиги ҳақида гапириб, дунёда бўлаётган турли кўнгилсиз воқеалар, нотинчликлар, Ироқ ва Шомда бўлаётган ишлар айнан илмсизлик оқибатида юзага келаётганини таъкидлаб ўтди. Нурииймон ака Ҳазрат қолдирган илмий меросни ўрганиб, бошқаларга етказиш ҳар биримизнинг улкан вазифамиз эканини айтиб, юртимиздан яна шундай улуғ алломалар етишиб чиқишини Аллоҳдан сўраб, ўз сўзига якун ясади. Шундан сўнг сўз Абдуллоҳ ҳожи Саттиевга берилди. У киши ҳам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ёзиб қолдирган асарлари, Аллоҳ у кишига берган фазл ҳақида қисқача гапириб йиғилганларни мамнун қилди. Тақдимот сўнгида тадбир муносабати билан бошланган Қуръони Карим хатмини Ҳасанхон Яҳё ниҳоясига етказиб берди. Анвар қори Турсунов хатми Қуръон дуосига қўл очиб, Аллоҳ таолодан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини ушбу садақаи жориялар, манфаатли илмлардан ҳосил бўладиган савоблардан баҳраманд қилишни, ортларида қолган аҳли оилалари, яқинлари, шогирдлари, издошлари ва мухлисларига у зотнинг илмий меросларини ўрганиб, халқимизга етказишда бардавом қилишни ҳамда бутун дунёга тинчлик беришини сўраб, хайрли дуолар қилди.