Аёлларга Рамазон насиҳатлари. II қисм
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Олтинчи насиҳат

Рамазон саховат ва эҳсон ойидир Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни садақа қилишга чақириб, шундай дедилар: «Эй аёллар! Садақа қилинглар ва кўп истиғфор айтинглар. Жаҳаннам аҳлининг кўпчилиги сизлардан эканини кўрдим».

Муслим ривояти. «Эй аёллар! Тақинчоқларингдан бўлса ҳам, садақа қилинглар».

Бухорий ривояти. Ойша розияллоҳу анҳо онамиз бир куни юз минг садақа қилиб юбордилар. Ўша куни рўзадор эдилар. Хизматчиси айтди: «Инфоқ-эҳсон қилган нарсаларингиздан бир дирҳамига ифторлик қилишингиз учун гўшт сотиб олсангиз бўларди-ку?». Ойша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар эслатганингда, шундай қилган бўлардим». Рамазонда қилинган саховат бошқа ойда қилинган эҳсондан афзалдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳур эсадиган шамолдан ҳам яхшилик улашувчи, сахийроқ бўлар эдилар. У кишининг сахийликлари саховатнинг барча турларини ўз ичига олар эди. Аллоҳнинг динини ғолиб қилишда ва бандаларни тўғри йўлга бошлашда Аллоҳ учун илмини, молини ва жонини сарфлар эдилар. Инсонларга кўп томонлама фойда келтирар эдилар. Очларни таомлантирар, ваъз-насиҳат қилар, ҳожатларини раво этиб, оғирларини енгил қилар эдилар. Рўзадорларга таом бериш Рамазондаги саховатлар жумласидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўзадорнинг ажридек ажр бўлади. Лекин (бу билан) рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди».

Аҳмад ва Термизий ривояти. Шунингдек, мудом етиб турувчи садақага ҳам ҳарис бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам боласи вафот этса, амали тўхтайди. Фақат уч нарса тўхтамасдан давом этиб туради: жорий садақа, фойдаланиладиган илм ёки уни дуо қиладиган солиҳ фарзанд».

Муслим ривояти.

Еттинчи насиҳат

Рамазон – кечалари қоим бўлиш ойидир «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечалари намоз ўқиб, қоим турардилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетарди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдилар: «Ё Расулуллоҳ! Сиз нимага бундай қиляпсиз, ваҳоланки сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингиз кечирилган-ку?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми?». Муттафақун алайҳ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса,  унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади».

Муттафақун алайҳ. Аёл ҳам намоз учун масжидга чиқиши мумкин. Лекин уйда ўқиган намози афзал. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аёлларингизни масжиддан тўсманглар. (Лекин) уйлари улар учун яхшироқдир».

Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.

Ҳофиз ад-Димётий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида аёллар намозга чиқсалар, кийимлари, ёпинчиқлари билан ўраниб чиқардилар. Ғира-ширада уларни таниб бўлмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб салом берсалар, эркакларга: «Аёллар кетгунларича жойларингда ўтиринглар!»– дер эдилар. Шундай бўлса ҳам, Расулуллоҳ: «Уйларида ўқиган намозлари афзал», – деб айтдилар. Энди бўяниб, ясан-тусан қилиб, «таннозхон» бўлиб, кўчага чиқадиган аёллар хусусида нима дейсиз?! Ойша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг у кишидан кейин нималар қилганларини билганларида, уларни масжидга чиқишдан тўсиб қўйган бўлар эдилар». Бу Ойша розияллоҳу анҳонинг саҳобия аёллар хусусида гапирган сўзлари. Ойша разияллоҳу анҳо бизнинг замона аёлларини кўрганларида нима дер эдилар?»

Оқила аёл масжидга чиқмоқчи бўлса, салафларнинг аёллари каби ўраниб, мастура бўлиб чиқиши керак. Аёлнинг нияти тўғри бўлсин. Яъни «намозни адо қилиш учун ва Аллоҳнинг оятларини эшитиш учун боряпман», деб ният қилиб олсин. Бу уни хотиржамлик, виқор ва бошқаларнинг эътиборини ўзига тортмасдан юришга чақиради. Баъзи аёллар машинада ёлғиз ҳайдовчи билан масжидга борадилар. Натижада, нафл ибодат қиламан деб ҳаром ишга қўл уришади. Бу жоҳиллик ва нодонликдан бошқа нарса эмас.

Аёл кишига уйидан чиқаётганида хушбўйлик сепиш мумкин эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси аёл хушбўйлик сепса, биз билан бирга хуфтон намозига ҳозир бўлмасин».

Муслим ривояти. Аёллар, агар ўз ҳолига ташлаб қўйилса, йиғлаб, бақириб ёки масжиддаги нарсаларни ўйнаб, атрофдаги мусулмонлар хаёлини чалғитадиган ёш болаларни ўзлари билан бирга намозга олиб чиқмасинлар.

Саккизинчи насиҳат

Тана аъзоларининг рўзаси Муҳтарама опа-сингиллар! Рўзадор ўзининг аъзоларини гуноҳлардан тияди. Кўзлари ҳаромга қарашдан, қулоқлари ёлғон, ғийбат, чақимчилик, мусиқа каби ҳаром овозларни эшитишдан тийилади. Қўллари зулмдан, оёқлари ҳаромга боришдан, тили ғийбат, ёлғон, туҳмат ва бузуқ сўзлардан, қорни еб-ичишдан ҳамда фаржи қўшилишдан тийилади. Фақат фойдали ва яхши сўзларни сўзлайди. Рўзасига зарар етказадиган ёки бузиб юборадиган беҳаё, бузуқ сўзларни гапирмайди. Шунингдек, мусулмонларнинг шаънига ёлғон, ғийбат, чақимчилик ва ҳасад тўқимайди. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтдилар: «Ким ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк қилмас экан, унинг емай-ичмай юришининг Аллоҳга бирор-бир ҳожати йўқ».

Бухорий ривояти. «Агар биронтангиз рўза тутса, бузуқ сўзни айтмасин, бақирмасин. Бирортаси уни ҳақорат қилса ёки уришса: «Мен рўзадорман»– деб айтсин». Муттафақун алайҳ. Фақат еб-ичишдан тийилиб, мусулмонларнинг гўштлари ва обрўларига чангал солишдан тийилмаган кимсага Расулуллоҳ   соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари тааллуқлидир. «Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзадан насибалари фақат очлик ва ташналик бўлади».

Аҳмад ва Ибн Можа ривояти.

Тўққизинчи насиҳат

Рамазон ойида вақтни беҳуда ўтказмаслик учун амалий қадамлар. Муслима опа-сингиллар! Бу улуғ ойда вақтларингизни қиёмат куни сизга ютуқ ва бахт келтирадиган ишларга сарфланг. Жаннатга яқинлаштирадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ишларда Рамазон кеча ва кундузларини ғанимат билинг. Албатта, бу Аллоҳга итоат қилиб, маъсиятлардан узоқлашиш билан бўлади. Рамазонни хайрли ўтказиш учун қуйидагиларга риоя қилинг. 1. Уйдан фақат зарурат ёки ибодат учун чиқинг. 2. Бозорларда айланиб юрманг. Хусусан, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўзингизни ушланг. Ҳайит учун кийим-кечакларни охирги ўн кунликкача ёки Рамазонгача харид қилиш ҳам мумкин. 3. Беҳуда меҳмондорчиликларни йиғиштиринг. Агар касални кўриш каби сабабли зиёрат бўлса, узоқ ўтириб қолманг. 4. Ёмон давралардан четланинг. У ерлар ғийбат, чақимчилик, ёлғон, бошқаларнинг устидан кулиб, таъна етказиш мажлисларидир. 5. Мусобақаларга, (топишмоқ) бошқотирма ечишга, кино ва сериаллар кўришга вақтингизни кетказманг. Акс ҳолда сиз Рамазондан фойдалана олмайсиз. 6. Бомдодгача бедор бўлишдан четланинг. Чунки бу намозларни зое қилишга ва кун бўйи ухлашга олиб боради. 7. Ёмонлар суҳбатидан қочинг. 8. Кунни ухлаб ўтказманг. Баъзи бировлар бомдоддан кейин уйқуга кетиб, пешиндан кейин уйғонадилар. Бу қанақа рўза бўлди? 9. Бутун вақтингиз турли егуликлар тайёрлаш билан ўтмасин. 10. Вақтни ясан-тусан қилиб, бўяниб-тараниб ойна олдида ўтказманг. 11. Вақтни телефонда гаплашишга сарфламанг. Бу иймони заифларнинг очлик ва чанқоқни енгиш учун тутган йўлларидир. Агар Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, дарс қилганларида, улар учун яхшироқ бўларди. 12. Талашиб-тортишишдан йироқ бўлинг. Чунки бу фақат вақтни зое кетказиш ва ҳаром ишларни қилишга олиб боради. Агар сиз билан кимдир тортишмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман»– деб айтинг.

Ўнинчи насиҳат

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги Муслима опа-сингиллар! Рамазон ойининг йигирма куни ортда қолди. Яна ўн кун фурсат бор. Агар ўтиб кетган кунларда сусткашлик қилган бўлсангиз, қолган ўн кунни ғанимат билинг. Чунки амаллар хотималарига қараб баҳоланади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (охирги) ўн кунликда кечасини бедорлик билан ўтказардилар, оила аъзоларини уйғотардилар, белларини маҳкам боғлардилар». Муттафақун алайҳ. Бу саноқли кунларни баъзи инсонлар ғанимат билишади. Баъзилар эса ҳасратда қолишади. Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг аёли кечаси унга шундай дерди: «Кеча ўтиб кетди. Йўл эса узоқ. Озуқамиз жуда оз. Солиҳларнинг карвони узоқлашиб боряпти. Биз эса ортда қолиб кетдик». Аллоҳ таъоло Ўз фазли билан «Қадр кечаси»ни охирги ўн куннинг бирида қилиб қўйди. Бу охирги ўн куннинг тоқ кунларида бўлади. Ойша розияллоҳу анҳодан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтардилар: «Қадр кечасини Рамазонда охирги ўн куннинг тоқ кунларидан қидиринглар». Муттафақун алайҳ. Қадр кечаси улуғ кеча ва ғанимат фурсатдир. Унда қилинган ибодат минг ойлик ибодатдан яхшидир. Шунинг учун Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, бу ой келди. Унда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. Ким бу кечадан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрумгина бебаҳра қолади».

Ибн Можа ривояти. Қадр кечаси савоб талабида бедор бўлинг. Бу улуғ ажрдан маҳрум бўлманг. Агар сиз охирги ўн куннинг барча кечаларида қоим бўлсангиз ҳамда уни ибодат ва тоат билан ўтказсангиз, шубҳасиз, қадр кечасига етасиз. Қадр кечасида қилинадиган дуо. Ойша розияллоҳу анҳо Набий   соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: «Агар қадр кечасига етсам, нима деб дуо қилай?». У киши дедилар: «Эй Аллоҳим! Сен афв этгувчисан. Афвни яхши кўрасан. Мени афв этгин». Аҳмад ва Термизий ривояти. Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи васалламга,  аҳли оилаларига ҳамда асҳобларига салоту саломлар бўлсин!

Мавзуга оид мақолалар
Эҳтимол, бугунги кун муборак Рамазон ойининг охирги кунидир. Ҳар йили ушбу муборак ойнинг охирига етиб давоми...

11:02 / 10.02.2017 4759
Ислом таълимотларида отаонага яхшилик қилиш фақат уларнинг ҳаётлик чоғлари ила чегараланиб қолган эмас, давоми...

06:54 / 29.11.2016 7170
embedhttpswww.youtube.comwatchvl5AP23WaYhEfeatureyoutu.beembed

16:04 / 04.04.2018 3129
  Масаллиқлар 1 кг оқ ун, 2 стакан илиқ сут, 1,5 чой кошиқ туз, 30 г хамиртуруш, 200г сариёғ Ўзбекистонда илгари давоми...

13:05 / 29.11.2016 3805