Излай-излай топганим
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Излай -излай топганим….

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолога ўзининг ададича, фазлича, яратган ўн саккиз минг оламича ҳамду санолар бўлсин.

Сониян, муаллим Пайғамбар, раҳматаллил оламин, саййидул мурсалин, набийлар пешвоси, сарвари коинот ҳазрат Набий муҳтарам Муҳаммад Мустафога (соллаллоҳу алайҳи васаллам) чексиз салавоту дурудлар бўлсин. Одамзотнинг афзали Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳаёт йўлларининг ҳар бир лаҳзасини ўта дақиқлик билан ўрганиб, бизларга мерос қолдирган уламо-ю киромларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Исломий илмлар маскани бўлган Моварауннаҳр диёридан кўплаб олиму уламолар, донишмандлар етишиб чиққан. Бунга ўтган минг йиллик тарих шоҳид. Юртимиздан етишиб чиққан алломалар фаннинг турли тармоқлари бўйича илмий изланишлар олиб боришган ва оламшумул кашфиётларга эришиб юртимиз довруғини дунёга ёйишган. Ал-Хоразмий, ал-Беруний, Фаробий, Ибн Сино, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек сингари даҳолар, асосан, тиб, ҳандаса, фалакиёт, фалсафа, илму нужум каби аниқ ва табиий фан соҳалари билан шуғулланган бўлсалар, ал-Бухорий, аз-Замахшарий, ат-Термизий, ан-Насафий, Мотурудий, ал-Марғилоний, Абулайс Самарқандийлар эса усули фиқҳ, ҳадис илми, ақоид каби исломий илму ирфонни ўрганиб, нашъу намо топганлар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳамад Юсуф яқин ўтмишимизнинг энг забардаст ва пешқадам диний уламоларидан эди . Ҳазрат том маънода илм булоғи эдилар. Ундан қанчалик баҳраманд бўлманг, у яна ва яна қайнаб чиқаверар эди. Биз буни кетма-кет чоп этилаётган китобларидан ва таъсирли амру маъруфларини тинглаб билар эдик. Чиқарилаётган китобларини илм аҳлларидан тортиб оддий китобхонгача жуда интизорлик билан кутарди. Ҳазрат нафақат минтақада, балки бутун Ислом оламида машҳур уламолардан эди. Ҳазрат билан илк ғойибона танишув, адашмасам, «Ҳадис ва Ҳаёт» китобларини мутоала қилиш орқали бўлган, десам бўлади. Ўшандаёқ бу зотнинг зеҳниятларига, тафаккурларининг нақадар теранлигига ва илм уммонининг чексизлигига ҳавас қилиб, меҳр қўйган эдим . Имконини топиб, албатта, китобларини харид қилар эдим. Китоб жавонларим орасида ҳазратнинг китоблари алоҳида ажралиб турарди. Ҳазратни китобларини ўқиб чарчамасдим. Бошқа китобларни ўқиб топмаган ҳаловатни Ҳазратнинг китобларидан топардим. Шундоқ буюк инсон билан замондош эканлигимдан доимо қалбим ғурур-ифтиҳорга тўла эди. Ҳазратни мухлисларнинг саволларига берган жавоблари жўяли ва лўнда, ҳар қандай инсон тушунса бўладиган эди. Интернетни ўргангач, Ҳазратнинг фаолиятлари билан яқинроқ таниша бошладим. Бу борада менга «islom.uz» портали яқиндан ёрдам берди. Иштиёқим кундан-кунга оша бошлади. Мен ҳам Ҳазратга савол бергим келаверди. Ҳатто бир марта жазм қилиб «Ассалому алайкум, ҳазрат, Аллоҳ сиздан рози бўлсин қилаётган ишларингиз учун», деб ёздим. Савол бера олмадим. Ёзган китобларини тўлиқ ўқиб чиқмасдан қандай савол бера олардим. Техник носозлик туфайли бўлса керак, ёзганларим сайтга кирмай қолган экан. Бу менга бир умрлик армон бўлиб қолди. Ҳазрат билан бир марта бўлса-да кўришишни жуда ҳам хоҳлардим. Ҳатто узоқдан бўлса ҳам. Бу фикримни баъзиларга айтсам, «Ҳазрат китоб ёзадилар, сен билан учрашишга вақтлари йўқ», дейишди. Баҳорнинг илк изғирин кунларида Ҳазратдан мангуга ажралиб қолдик. Мен ҳазратни ҳаётлик чоғларида кўрмаганман. У зотнинг баракали дуоларидан баҳраманд ҳам бўлмаганман. Афсус … Лекин бир неча марта тушларимда кўрганман. Ўша кўрк, ўша салобат, юзларидаги нургача. Ҳатто бир марта «Ҳазрат, сизга бир гапим бор», дедим. «Хўш» дедилар, «Мен сизга раҳмат айтмоқчиман, биз учун шунча китоб ёзганингиз учун», дедим. «Ҳа, ҳа, яхши», дедилар кулиб.  Тушимда бўлса-да Ҳазратни кўрганим учун хурсанд бўлдим. Ҳар гал Ҳазрат ҳақида ёзаман деганимда, бўғзимга нимадир тиқилади. Кўзларим намланади. Онгимни чулғаган фикрлар қоғозга тушмасданоқ, кўз ёшлар қоғоз юзини нам қилади. Сабабини била олмадим. Балки шунчалик қадрга, эъзозга эга бўлган бу зотни бир бора кўрмаган кўзларнинг ҳасратли надоматидир Қайдам … Ҳазрат, сизни соғиндик. Рамазонда айтиладиган пурҳикмат сўзларингизга муштоқмиз. Миллион-миллион мухлисларингиз қалбини илмга, Исломга боғлаб кетган экансиз. Аллоҳ сиздан рози бўлсин, ҳазратим. Дуоларимдасиз…

Мавзуга оид мақолалар
Бугун 9 июнь 2019 йил санасида Ҳилолнашр нашриётининг анжуманлар залида muslimaat.uz сайти томонидан Шодлик олиб давоми...

13:53 / 09.06.2019 2605
Иймон калималари Калимаи таййиба Энг пок калима Маъноси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад давоми...

10:56 / 25.04.2017 4165
Аллоҳ таоло мўминмусулмонларга Рамазони шариф муносабати ила кўплаб хайрбаракалар берган. Мазкур хайру давоми...

10:45 / 10.02.2017 5011