Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ассалому алайкум ҳурматли таҳририят ходимлари! Сизларни ва юртимизнинг барча муслим ва муслималарини улуғ айём Рамазони шариф билан қутлайман.
Сизлар томонингиздан эълон қилинган танловга ғолиблик умидида эмас, балки юрагимни йиғлатган, шу айнан рамазон ойида ўзим билан боғлиқ содир бўлган икки воқеа ҳақида сўз юритмоқни лозим топдим.
Эсимни таниганимдан буён Рамазон рўзасини бирор йил қолдирмай тутганман. Фақат Саодатхон қизимга хомиладор бўлиб ва қизалоғим туғилганидан сўнг уни эмизётганлигим сабабли тутолмадим.
Бу йил шу улуғ ойни, улуғ кунларни интиқлик билан кутдим ва Аллоҳга беадад шукрки, рўзани қалбда сокинлик, ибодат ва шукроналик билан тутмоқдаман.
Рамазоннинг биринчи ҳафтаси Андижондан келиним 2 боласи билан иш юзасидан Тошкентга келган эди. Иши битгач, уларни кузатишга водийга қатнайдиган автоуловлар тўхташ жойига чиқдим. Келаётганимизда биз ўтирган таксини йўлда бир онахон тўхтатди ва «Қўйлиқ бозорига ташлаб кета оласизми, ўғлим? Лекин ёнимда пулим йўқ», деб ҳайдовчидан илтимос қилди. Ҳайдовчи: «Пулингиз бўлмаса, нега тўхтатасиз?» деб жаҳл қилди. Мен: «Улуғ айём кунларида бу нима деганингиз? Онахон чиқинг, мен сиз учун ҳам пул тўлайман. Йўлимиз ўша ёққа», деб у аёлни таксига чиқардим. Водийга кетадиган машинани бироз кутишга тўғри келди ва зарур иш билан Андижонга кетаётган бир бегона одам: «Ёш болалар билан иссиқда қийналишмасин. Мени болалар зериктирмасдан кетса бўлди. Бошқа одам олмайман, пулини бўлса кўнглингиздан чиққанини беринглар», деди. Киракашлар осмондаги нархни айтиб «хоҳласанг шу» деб турган бир пайтда бу ҳол ёзда ёққан қордай бўлди. Хуллас, уларни кузатдим ва уйга келиб, не кўз билан кўрайки, келиним энг зарур ва муҳим ҳужжатни уйда қолдириб кетибди. Аксига олиб ўша ҳужжатни у ёқда кутиб туришганди. Бу орада улар йўлга чиқиб, деярли, Оҳангарон постига етиб қолишганди. Мен такси тўхтатиб вазиятни тушунтирганимда баъзи ҳайдовчилар жуда қиммат нарх айтган бўлса, баъзилари иссиқда узоққа боришни истамади, Баъзилари йўли эмаслигини айтса, баъзилари эса оддийгина қилиб «боролмайман» дейишди. Фақатгина бир ёши олтмишлар атрофидаги амаки: «Қизим, ҳушёр бўлмайсизми? Қани, ўтиринг», деб қолди. Ҳужжатларни кутиб турган машинага етказиб бордик ва яна ортга қайтдик. Уйим ёнига келганда ҳайдовчи амакига неча пул беришимни сўраган эдим «Қизим, рўзадорман. Улуғ кунлардамиз, киракаш эмасман. Вақт ўтказиш учун Қўйлиқ бозорига ифторликка ул-бул олишга келгандим. Одамзодга савоб ҳам керак-ку, сиз ҳижолат тортманг, мени, оиламни дуо қилинг. Мусофирнинг дуоси Яратганнинг даргоҳида қабул бўлади», – дедилар.
Кўзларимга ишонмадим. «Амаки, шунча йўл босдингиз, вақтингиз кетди, ахир. Нега энди пул олмайсиз? Менга ноқулай», деганимда у киши: «Яхшилик қилишга улгурайлик дейман-да, қизим, омон бўлинг», дедилар-у, кетдилар. Атиги бир неча соат олдин бир онахоннинг хожатини чиқариш эвазига улуғ Рамазони шарифда Яратган мени мушкул вазиятда қўллаганини ўйлаб ич-ичимдан хайқириқ келди. Яхшиям ёмонликнинг умри қисқа-ю, яхшилик эса абадийдир!!!
Куни кеча рўй берган воқеа ундан-да қизиқ. Ишхонам шимолий вокзал атрофида. Мен ишдан чиқиб Қўйлиқ бозори тарафига кетадиган бекат томон бораётган эдим, метродан бир аёл 1 ярим ёшлардаги боласини кўтариб олган ва иккинчиси 4 ёшлар атрофида, этагидан маҳкам тутиб олган ва қўлида сумкалари билан катта йўлдан темир йўл кассалари томон шошиб ўтмоқда. Машиналар серқатнов. Йўлда ҳайдовчилар аёлга ўшқириб кетяпти. У бўлса тезроқ йўлдан ўтиб олишни ўйларди. Шу пайт ёнига бориб қўлидаги сумкаларини олдим ва аёл икки боласини бемалол эплади. Соат 16:30 атрофида эди.
– Шу куннинг қизиғида болалар билан қаёққа кетяпсиз? – деган саволимга аёл,
– Сурхондарёга, турмуш ўртоғим – ҳарбий хизматчи, Андижонда яшаймиз. Қайнонам болаларни соғинибди, шунга кетяпмиз, – деб қолди. Шу иссиқда йўлга чиқиб бўладими, яна ёш болалар билан – дея унга ачинган бўлдим. Бизлар йўлдан ўтиб бўлдик, аёл менга миннатдорчилик билдирди, кассага яқин ҳам қолди. Бекатда бўлса менинг маршруткам келиб қолди, аммо мен аёлни яна қийин аҳволда қолдириб кетгим келмади ва «Бироз кечиксам, муаммо бўлмайди», дедим-да, уйга эмас аёлга эргашиб касса томон юрдим. Аёл бундан ҳижолат тортса-да, ёрдамимга муҳтожлиги сабабли беҳад қувонди. Тинмай раҳматлар айтарди. Биз кассага яқинлашдик. У қўлидаги боласи билан чипта олиш учун кириб кетди, мен сумкалари ва иккинчи фарзанди билан бирга уларни кутиб турдим. Кейин улар вокзалга мен эса бекатга келдим. Биз томонга юрувчи автобусга чиқдим ва ярим йўлда боя мен чиқмаган маршрут такси матиз автомашинаси билан тўқнашиб, автоҳалокат содир бўлганлигига гувоҳ бўлдим. Одамлар тўпланган ва хавотирли ҳолат намоён эди. Автобусдан воқеани кузатар эканман рўзадорни Аллоҳ асрашига иймон келтирдим. Яратганга беҳад шукрлар қилиб, Рамазоннинг шарофати нақадар улуғ эканлигига таҳсинлар айтдим.
Чексиз ҳурмат ила Феруза Орипова!
30.06.2016 йил