Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Никоҳ ҳақида қисқача
«Никоҳ» сўзи фиқҳ фанида қуйидагича таърифланади: «У – киши аёлининг маълум аъзоларидан фойдаланиши ҳалоллигини ифода этувчи келишувдир».
Уламоларнинг таъкидлашича, Одам алайҳиссаломнинг замонидан то ҳозирга қадар ва бундан сўнг жаннатда ҳам давом этадиган ибодат иккитадир. Бири иймон, иккинчиси эса никоҳдир. Аллоҳ таоло никоҳ ақдини машруъ (жорий) қилишлигида ва унга тарғиб этишлигида кўп ҳикматлар бор. Никоҳ – бу ҳаётнинг давом этишига сабабдир. Никоҳ сабабидан покиза насабли фарзандлар дунёга келади. Кишида ҳаётга бўлган қизиқиш ортади. Исломий никоҳ билан оила қурган кишининг оиласида барака бўлади. Никоҳ билан оила қуриб яшаётган эру хотинлар ҳам диний, ҳам дунёвий ишларида бир-бирларига ёрдамчи, кўмакдош бўладилар. Никоҳнинг фойдаларидан яна бири – эр ўзининг жуфти ҳалоли билан кифояланиб, номаҳрамлардан кўзини тияди. Ва ўз навбатида аёл ҳам шундай. Никоҳнинг фойдалари ҳақида кўплаб иборалар келтириш мумкин, аммо асосий мақсадимиз шариатда никоҳ ва унга алоқадор маросимлар қандай ўтказилиши борасида сўзламоқдир. Чунки ҳозирги пайтда қилинаётган тўй ва тўйга алоқадор маросимлар ўзининг қолипидан анчагина чиқиб кетди.
Совчилик
Аллоҳ таоло аёл кишининг ташқи хилқатини эркак кишининг хилқатидан фарқли қилиб яратгани каби унинг ички табиатини ҳам ана шундай фарқли яратган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳаким Зотдир. У Зот аёл кишининг қадр-қийматини ошириб, унга ибо, ҳаё, иффат, назокат каби латиф ва шарафли туйғулар берган. Шунинг учун у ўзининг кўнглидагини очиқ-ойдин, уялмаган ҳолда бемалол айта олмайди. Никоҳ пайтида бокира қиздан «фалончига тегишга розимисан?» деб сўралганда, унинг сукут сақлаши ҳам розилик аломатига ўтиши бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло аёл кишини табиатан изловчи эмас, балки изланувчи қилиб яратган. Яъни у ўз жуфти ҳалолини кўчама-кўча юриб изламайди. Аксинча, бўлажак куёв ва унинг ота-онаси уни ўзлари излаб топадилар. Топганларидан сўнг ҳам унга мақсадларини очиқ-ойдин айтмасдан, балки киноялар билан, қочиримли сўзлар билан изҳор этишлари лозимдир.
Келин излашни ҳам ўз одоб-ахлоқи, йўл-йўриғи, қонун-қоидаси бор. Шариатимиз кўрсатмаси бўйича келин излаш чоғида, асосан, нималарга эътибор қаратишимиз кераг-у, лекин бугунги кунда биз нималарга эътибор қаратяпмиз. Келинг, шу ҳақда бир оз тўхталиб ўтайлик. Шоядки, шунда биз шариат кўрсатмасидан қанчалар йироқлашиб бораётганимизни ҳис этсак.
Гапни аввал ҳозирги кунимиздаги ҳолатни баён қилишдан бошласак. Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги даврда аксарият инсонлар биринчи галда келиннинг моддий-иқтисодий ҳолатига эътибор берадилар. Ота-онасининг иқтисодий ҳолати қандайлигига, қандай лавозимда ишлашига, қайси мансаб эгаси эканлигига алоҳида эътибор беришни асло унутишмайди. Яшаб турган уйининг ҳолатини кўздан кечиришини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Бу бойнинг хонадоними ёки бир фақир инсоннинг хонадоними, уни бир кўришда ажратиш у қадар қийин иш эмас. Ҳатто баъзи бир совчиларни ўртаҳол хонадонларнинг ҳолати ҳам қониқтирмайди. Ушбу айтаётганларимиз шу қадар кенг ёйилиб бораётганидан, ҳатто баъзи бир қизли хонадон соҳиблари уйларига совчилар келмай қолишидан қўрқиб, уйларини анча-мунча қийинчиликлар эвазига бўлса ҳам, қайта таъмирдан чиқаришга мажбур бўлаётганлари ачинарли ҳолдир.
Кунларнинг бирида яқинларимдан бири ўз ҳовлисининг дарвозаси олдида турган чоғида икки аёлдан иборат номаълум совчиларга кўзи тушибди. Улар қиз ахтариб юришган экан. Улар яқинимни сўроққа тутишиб: «Ҳой ука, анави уйда қиз борми? Мана бунисида-чи?» Дарҳақиқат, ушбу қиз ахтариб юрган «совчилар» мазкур саволни беришганда, маҳалламиздаги икки ҳашаматли уйга ишора қилишган эди, дейди яқиним. Уларга ҳақиқатан ҳам бўйига етган қизи бор хонадонни кўрсатиб, анави уйда қиз бор десам, уйнинг ўртаҳоллиги уларга маъқул келмагандай, гапимга эътибор бермай йўлларида давом этдилар.
Бу ҳолат кундан-кунга авж олиб бораётган воқеа-ҳодисалардан бор-йўғи бир шингил, холос. Аслида, бу каби ҳолатларни кўплаб учратишимиз мумкин. Нима, биз фарзандимизнинг бахту саодатини ҳашаматли уйдан излашиимиз керакми ёки мансабдор, лавозимдор шахсларнинг мансаб мақомиданми? Наҳотки, биз шариатимиздаги олий мақсадли никоҳ маросимини ҳам ўзимизнинг пуч мақсадларимиз, одамлар орасидаги обрў-эътиборимизни кўтаришдек арзимас нарсалар учун қурбон қилишдан ор қилмасак. Баъзи-баъзида қулоққа чалинади «Сал обрўлироқ, қуда деса, қуда дейишга арзийдиганроқ хонадондан келин қилишим керак, уйи ҳам сал меҳмон-измон олиб борганда уялмайдиганроқ бўлиши керак!»
Ҳолбуки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Анас розияллоҳу анҳудан келган ривоятда: «Кимки, бир аёлнинг иззатини кўзлаб унга уйланса, Аллоҳ уни фақатгина хорлик жиҳатдан зиёда қилгай! Кимки, бир аёлнинг молу давлатини кўзлаб унга уйланса, Аллоҳ у кишини фақатгина фақирлик жиҳатдан зиёда қилгай! Кимки, бир аёлнинг ҳасабини, яъни аслзодалигини кўзлаб уйланса, Аллоҳ уни фақатгина пасткашлик жиҳатдан зиёда қилгай! Ва кимки, бир аёлга фақатгина ўзини ва кўзини номаҳрамлардан сақлаш учун ёки силаи раҳм қилиш учун уйланса, Аллоҳ у кишига ана шу аёли борасида барака бергай ва аёлига ҳам эри борасида барака бергай», деб марҳамат қилганлар.
Нақадар ҳақ сўзлар. Дарҳақиқат, бировнинг киссасидаги молу мулкка, бойликка кўз тиккан инсон, ундан умидвор бўлган инсон, ҳатто унга эришиш учун ўз шаънидан-да воз кечган, ўз қадр-қийматидан-да воз кечган инсон нақадар фақирдир.
Аслида шариатимизда келин танлаш борасида қандай кўрсатмалар берилган?
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, динимиз жуда кенг қамровлидир. У инсонларнинг саодатига сабаб бўладиган ҳар бир нарсани баён қилди. Жумладан, келин танлаш борасида ҳам керакли ва етарлича кўрсатмалар берган.
Юқорида таъкидланганидек, аёл кишининг асосий вазифаларидан бири фарзандларни тарбиялаш бўлгани учун, бўлажак она бўлмиш келинни танлашда, биринчи навбатда, унинг дину диёнатига, илмий салоҳиятига, хулқ-атворига алоҳида аҳамият бермоқ лозим. Чунки фарзандларнинг бахту саодати, одоб-ахлоқи ана шуларга боғлиқдир. Кимлардир ўзининг ёки фарзандларининг бахту саодатини уларнинг яхши еб-ичиши, қимматбаҳо кийимлар кийиши, атрофидаги дўсту биродарларидан иқтисодий жиҳатидан устунроқ бўлишида деб ўйлайдилар.
Ҳолбуки, суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисларида : «Аёл кишига (одатда) тўрт сабабдан никоҳланилади: молу давлати учун, аслзодалиги учун, чиройи учун ва дини учун. (сен) Диндорини истагин, барака топгур!!» дея марҳамат этганлар. (Бухорий ривояти)
Лекин афсуски, ҳозирги кунда келиннинг молу мулки, обрў-эътибори, ҳашаматли уйи совчиларнинг асосий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Шунинг учун бўлса керак, жамиятимиздаги каттаю кичик, эркагу аёлларнинг кўпчилик қисми молу мулкка, бойликка ҳирс қўйишга мубтало бўлишди. Агар келин излаган ҳар бир совчи ёки куёвлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мувофиқ келиннинг дину диёнатини, илму маърифатини асосий ўринга қўйиб, унга алоҳида аҳамият беришганда эди, жамиятимизда дину диёнатга, илму маърифатга қизиққанлар сони анчагина ортган бўлар эди. Бинобарин, жамиятдаги молу мулкка хирс қўйиш иллати ҳам барҳам топган бўлар эди.
Фиқҳий китобларимизда таъкидланишича, келин танлашда келин ва куёвларнинг ўзаро тенглиги ҳам алоҳида эътиборга моликдир. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом Жобир розияллоҳу анҳудан келган ривоятда қуйидагича марҳамат қиладилар: «Аёлларни фақат валийларгина никоҳлантиргай ва улар фақатгина тенгларигагина турмушга берилгай! Ва ўн дирҳамдан оз миқдорда маҳр йўқдир».
Хусусан, аёл киши эридан маълум бир жиҳатларда устун бўлмаслиги мақсадга мувофиқдир, яъни насабда, мулкда, ота-оналарнинг касб-корида ўзаро тенг ёки куёв тараф устунроқ бўлгани афзалдир. Чунки никоҳ умр савдосидир. Келин-куёвлар яхши ниятлар билан бир умр бирга яшаш учун никоҳ билан оила қурадилар. Уларнинг ўртасидаги ўзаро тенглик эса ушбу мақсаднинг давомли бўлишини таъминлайди. Агар келин томон куёвдан мазкур жиҳатларда устунроқ бўлса, бунинг оқибатида келин-куёв ўртасида ўзаро келишмовчиликлар чиқиши кўпроқ кузатилади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, кўпинча келин тараф куёв тарафдан иқтисодий жиҳатдан устун бўлган ўринларда келин ўз жуфти ҳалолини менсимаслиги, унга ота-онаси томонидан қилинган молиявий ёрдамни миннат қилиши ва ўзи ҳам келин бўлиб тушган хонадонидан кўнгли тўлмаслиги, унга кўника олмаслиги оқибатида эр-хотин ўртасидаги ҳаёт мазмуни аста-секин емирилиб боришига ва ҳатто, бир-бирларидан айро бўлишига ҳам олиб келади.
Юқоридагилардан шуни хулоса қилишимиз мумкинки, биз фарзандларимизнинг бахтли ҳаётини молу мулк, мақому мартаба ёки ҳашаматли уйлардан эмас, балки Пайғамбаримиз алайҳиссалом жонкуярлик билан таклиф этган одоб-ахлоқли, дину диёнатли, илм-маърифатли келинлардан излашимиз лозимдир. Зеро, динимиз бизларни нималарга тарғиб ёки таклиф этган бўлса, унинг ортида, албатта, ўзимизнинг саодатимиз борлиги шубҳасиздир.
Тўйдан олдин келин томонидан куёв томонига юбориладиган «зиёфат»[1] ҳақида
Зиёфат масаласи кишини бир оз ўйга чорлайдиган масаладир. У қаердан келиб чиққан? Нима учун айнан келин-куёв ва унинг навкарларига «зиёфат» бермоғи керак? Шариатда унинг асоси борми? Нима учун у айнан келин тарафнинг зиммасида? Табиийки, бу саволларга жўяли бир жавоб топиш қийин. Мисол учун, йигит киши бир қиз билан никоҳ қурганини билдириш учун меҳмонларни чақириб ош-нон тарқатиши шариатда «валима» тўйи деб номланади. Фарзанд туғилгани учун қўй сўйиб зиёфат уюштириш эса «ақиқа» дейилади. Янги уй-жой қургани учун ёзилган зиёфат дастурхонини «вакира» деб юритилади. Мусибатхонага қўни-қўшнилар томонидан берилган таомни «вазима», бесабаб уюштирилган зиёфатни «маъдуба» ва ниҳоят сафардан соғ-омон келгани учун қилинган меҳмондорчиликни «нақиъа» дейилади.
Энди биз сўз юритаётган мазкур «зиёфат» масаласи юқорида санаб ўтилган зиёфат турларидан бирортасига ҳам тўғри келмаслиги кишини ўйлантиради. Осонгина қилиб келин-куёв унаштирилгани учун жорий бўлган урф одат-да, дейиш ҳам мумкин. Аммо бу мантиққа мутлақо зид ҳисобланади. Ахир «ўзимга жуфти ҳалол топдим» деб ўз хурсандчилигини изҳор этиш учун зиёфат беришга қиз ва йигитдан қайси бири муносиброқ? Албатта, йигит ҳақлироқ ва муносиброқ эканига шубҳа бўлмаса керак. Биз юқорида Аллоҳ таоло қиз боланинг табиатини уятчан, ҳаёли, иболи, нозик ҳис-туйғулар соҳибаси қилиб яратганини таъкидлаб ўтдик. Шундай экан, у ўз хурсандчилигини бу тарзда йигитларга «зиёфат» улашиб изҳор этмоқлиги унинг латиф табиатига мутлақо тўғри келмайди. Аксинча, эркак киши ўз хурсандчилигини изҳор этиш учун ва бўлажак умр йўлдошининг кўнглини олиш учун унга ва унинг дугоналарига оз бўлса-да, бирор нарса туҳфа этмоқлиги мақсадга мувофиқроқ ва олийжанобликка яқинроқдир.
Ушбу сўзларимизнинг далили сифатида фиқҳий китобларимизда эр-хотинларга доир масалаларни баён қилиш бобида келган бир масалага этиборингизни тортмоқчиман. Зеро, ана шу масала биз баҳс олиб бораётган «зиёфат» масаласига ойдинлик киритади.
Хусусан, юртдошимиз буюк фақиҳ, аллома Бурҳониддин Марғиноний «Ҳидоя» номли асарда маҳр масаласини баён қилиш мобайнида қуйидагиларни келтиради: «Агар бир киши хотинига бирор нарса юборган бўлса ва уни аёл: «бу ҳадя эди[2]» деса ва эр: «у маҳр эди» деса, эрнинг сўзи эътиборга олинади, чунки мулк қилиб берувчи удир. Шунинг учун қайси маънода мулк қилиб берганлигини у билувчироқдир. Қолаверса, эр (биринчи навбатда) бўйнидаги вожибни (яъни маҳрни) соқит қилишга ҳаракат қилади», деганлар. Сўнг яна сўзларида давом этиб: «Магар, ейиладиган таомлар бундан мустаснодир. Бу кабиларда аёлнинг сўзи эътиборга олинади. Чунки ейиладиган нарсаларни ҳадя сифатида юбориш урф-одатга айланган. Аммо буғдой ва арпа кабиларда эрнинг сўзи эътиборлидир», деганлар. Мазкур «Ҳидоя» китобига шарҳ битган, ҳижрий еттинчи асрларда яшаб ўтган буюк олим Камолуддин ибн ул-Ҳумом ўзларининг «Фатҳ ул-Қодир» номли шарҳларида айнан юқоридаги ибораларни шарҳлаб қуйидагиларни айтганлар: «Ейиладиган таомлар деганда, қовурилган ва қайнатилган таомлар, узоқ вақт турмайдиган мевалар, ҳолва, нон, пиширилган товуқ гўшти кабилар назарда тутилади. Аммо буғдой, арпа, асал, ёғ, ёнғоқ, бодом, шакар, ун ва тирик қўй кабиларда эрнинг гапи эътиборга моликдир»
Ибн ул-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ ўз фикрларини давом эттириб:«Бизнинг диёрларда шуни эътиборга олиш лозимки, юқорида зикр қилинганларнинг ҳаммаси – буғдой, арпа, асал, ёғ, ёнғоқ, бодом, шакар, ун ва тирик қўй кабиларда (ҳам) аёлнинг сўзи эътиборга олинади. (яъни агар у буларни ҳадя деб даъво қилса, ҳадя ҳисобланади). Чунки буларнинг ҳаммаси урф-одатда (қизга) ҳадя сифатида юборилади», деганлар.
«Раддул-мухтор» китобининг соҳиблари ҳам ибн ул-Ҳумомнинг мазкур сўзларини нақл қилганларидан сўнг унга қўшимча қилиб қуйидагиларни ёзганлар: «Мен ҳам айтаманки, «Келин эрнинг уйига туширилмасдан бурун ҳайит ва шунга ўхшаш турли муносабатларда (келинга) юборилган кийим-кечак ва тақинчоқлар ҳам шулар жумласидандир. (яъни маҳрдан ҳисобланмаслиги лозим) шунингдек, тўй бўлган кечанинг тонг саҳарида бериладиган нарсалар ёки дирҳам динорлар ҳам. Буни урфда «субҳа» деб номланади (булар ҳам маҳрдан ҳисобланмаслиги лозим). Чунки буларнинг ҳаммасини бизнинг замонамизда ҳадя сифатида бериш урф бўлган....»
Юқорида келтирилган сўзларнинг ҳаммаси келин-куёв унаштириб қўйилган, лекин келин эрнинг уйига олиб келинишидан олдин куёв тарафдан келинга юборилган нарсаларнинг ҳукмини баён қилиш мақсадида келтирилган сўзлардир. Эътибор қилган бўлсангиз, фақатгина куёв тарафидан келин тарафига ҳадя сифатида бирор нарса юбориш ҳақида сўз кетмоқда. Баъзи ўринларда келин тараф ҳам куёвнинг юборган ҳадяси эвазига бирор нарса берганлиги ҳақида сўз борган. Лекин куёвнинг юборган нарсасига эваз сифатида бирор нарса қайтариш келин тарафнинг ихтиёридаги иш бўлиб, ҳаргиз уларнинг зиммасидаги мажбурият эмасдир. Ҳа, дарҳақиқат, биздан олдин яшаб ўтган, эр-хотинликка оид ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўзларида яхши ўзлаштирган, Яратганнинг қонун-қоидаларини бош устига қабул қилиб, амалда жорий этган аждодларимиз ўз жуфти ҳалолларини ана шундай эҳтиром этганлар. Ўзи учун бегона бўлган уйга, бегона бўлган йигитга келин бўлиб келаётган қизнинг кўнглини олиш учун, янги келин-куёв ўртасида ўзаро муҳаббат пайдо бўлиши учун келинга тўйдан олдин турли ҳадялар юборишган.
Аммо минг афсуски, бизнинг замонамизга келиб бу ишлар айнан тескари ва ачинарли тус олди. Бугунги кунга келиб, «куёвтўра»лар бир ожизадан нималарнидир умид қилмоқдалар. Ҳатто «куёвтўра» қолиб, унинг навкарлари ҳам мазкур келин томондан келадиган «зиёфат»ни катта орзу-умид билан кутиб, у кунга алоҳида «иштаҳа» сақлашмоқда. Келин томонидан келган «зиёфат» тоғораларининг сонини аёллар санагани етмай, йигитлик номига доғ тушириб, «куёвтўра»нинг навкарлари ҳам санаб кўришлари жуда ачинарли ва аянчли ҳолдир. Уйланиш ёшидаги, биз билан бирга ишлайдиган ҳамкасбимизнинг айтишича, у ҳам ўз дўстининг «зиёфат» маросимига иштирок этиш учун борган. Гарчи у ўз кўзларига ишонмаса-да, куёвнинг ошна-оғайнилари келиннинг уйидан юборилган «зиёфат» тоғораларини санай кетишган. Ҳатто улардан бири жоҳилона ғурур билан «Менинг зиёфатимда йигирма еттита тоғора келган» деган бўлса, яна бири: «Меникида эса қирқ иккита келган, ҳатто, уни тугатиш мақсадида қўни-қўшниларга ҳам тарқатганмиз», деб фахрланган. Во алҳазар! Мана сизга замонамиз «йигитлари?!»нинг ҳолати. Иш шунчалик ҳам тескари тус оладими? Ахир биз, эркаклар, йигитлик ғуруримизни сақлаб, куч-қувватимизни сарфлаб, пешона тери билан топган маблағимиздан бир қисмини биринчи навбатда келинга ҳамда унинг атрофида гирдикапалак бўлиб, унга бахт-саодат тилаб, ён-атрофига тўпланган дугоналарига ҳадялар туҳфа этмоғимиз мантиққа муносиброқ эмасми.?
Аслида биз уларга зиёфат бермоғимиз, уларнинг кўнглини кўтармоғимиз даркор. Аммо иш шу қадар тескари тус олдики, шахсан бугунги кунда уни инсонлар келин томоннинг зиммасидаги зарурий мажбуриятлардан бири деб билади. Зиёфатда қандай нарсалар бўлиши «рўйхати» ҳам гўёки тайин қилиб қўйилгандек. Агар келин томондан кутилган зиёфат «рўйхати»даги нарсалардан бирортаси камроқ бўлиб қолса ҳам, икки бўлажак қудалар ўртасига ўша ондан совуқчилик тушиши бошланади. Бу борадаги жаҳолат шу қадар авж олдики, ҳатто бўлажак бир оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлган қуйидаги воқеани эшитиб ҳайратдан ёқа ушлаш мумкин. Ёз кунларининг бирида одатдагидек, келин тарафидан бир қанча қийинчиликлар билан «куёвтўра»нинг навкарларига «зиёфатлар» тайёрланибди. Тайёрланган зиёфатни «куёвтўра»нинг уйига белгиланган муддатда келтиришибди. Келтирилган зиёфатларни бирма-бир очиб кўрсалар, не кўз билан кўрсинлар-ки, ушбу зиёфатлар қаторида музқаймоқ кўринмас эмиш. Бундан хабар топган куёвтўранинг «ғазаби» чиқиб, навкарларининг олдида ҳижолат тортиб, «эркаклик»ғурури бу «шармандалик»ни кўтара олмагандан сўнг жанжал кўтариб, тўйни тўхтатишга қарор қилибди.
Яна бир келин-куёвнинг ҳали оила қуришга улгурмай туриб ажралишларига ҳам айнан юқоридаги каби, балки ундан-да тубанроқ нарса сабаб бўлган. У воқеада музқаймоқнинг ўрнини тамаки, яъни сигарет эгаллаган. Яъни не-не машаққатлар билан юборилган «зиёфатлар» орасида куёвтўранинг навкарларига тамаки қўйилмагани «куёвтўра»нинг ғазабини қўзғаган ва ушбу ноўрин қўзғаган ғазаб бўлажак оиланинг бузилиши билан якун топган.
Во ажаб, бу не кўргулик. Жоҳиллик ҳам шу қадар бўладими? Кечаю кундуз эрининг хизматини қилиб, унинг овқатини тайёрлаб, кийим-кечагини ювиб-тараб, фарзандларини боқиб-тарбиялаб, уларга оқ сут бериб, қайнота-қайнонасининг дуосини олиб, ҳовлисини супуриб-сидириб тинмай хизматимизда бўлган қиз боланинг қадри шуми? Наҳотки, унинг қадри шунчалар паст бўлса.
Ҳолбуки, унинг ҳам яхши кўрган ўз ота-онаси бор, ака-укаси, опа-синглиси бор.
Аллоҳнинг қисматига рози ўлароқ, ўз жигарларини, ўз уйини тарк этиб, ўзи учун бегона бўлган уйга, ўзи учун бегона бўлган кишиларга хизмат қилиш учун келмоқда. Шундай экан, ушбу ожиза бир қизнинг кўрсатган жасоратига жавобан уни қанча ардоқласак, уни қанча кўкларга кўтарсак оз. У бир ожиза аёлдир. Ожиза бир аёлнинг устидан тоғни урса толқон қиладиган йигитлар кун кўрмоғи, ундан турли-туман зиёфатлар талаб қилмоғи нақадар мантиқсизлик, нақадар адолатсизликдир. Аллоҳ таоло барча уйланмоқчи бўлган йигитларга юқоридагилардан тўғри хулоса чиқаришларини насиб этсин. Дунёнининг арзимас матоҳлари олдида ўзлигини унутиб қўймайдиган, аксинча, йигитлик ғурурида туриб, ақл билан иш юритадиган мард йигитлардан бўлишни насиб этсин.
[1] Андижон шевасида уни «мазар еди» дейилади.
[2] Яъни тўйдан олдин куёв келиннинг уйига юборган нарсаси ҳадями ёки маҳрми экани борасида ўзаро ихтилоф қилишлари ҳақида сўз бормоқда.
Давоми бор....
Саййид Аҳмад Маҳмуд ўғли