Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қаламни яратиб, одамзотга баён қилиш неъматини ато этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳнинг шариатини башариятга етказиш мақсадида ўзларига хос котиб тутган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га дуруду салавотлар бўлсин.
Алллоҳ таоло биринчи бўлиб қаламни яратди ва унга «ْاُكْتُب» яъни «Ёз!» дея амр қилди. Қалам Аллоҳнинг изни ила олам яратилишидан бошлаб то қиёматгача бўладиган ҳар бир ишни ёзди. Яъни Аллоҳ таоло, махлуқотларнинг тақдирларини Ер ва осмонларни яратишдан аввал ёздириб қўйди. Мана шу – Аллоҳнинг ҳузурида ёзилган ва сақланган нарса – «Лавҳул Маҳфуз»дир...
Инсоният тарихида илк бор саноқ ва ёзув тушунчасини, осмон жисмларини ўрганишни, Идрис алайҳиссалом жорий қилганлар, дейилади. Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг таъкидлашича, Идрис (алайҳиссалом) қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир. Дастлабки қалам, илк ёзув қандай бўлган ва одамлар оғзаки хабар ва маълумотларни қандай белгилар билан ифодалаганларини айтиш қийин, лекин ўша пайтдан бери ҳозиргача ёзув – инсон тилининг мавжуд бўлиши ва шаклланиши асосларидан бўлиб, дунё маданиятининг ажралмас қисмига айланди. Асрдан асрга ўтган сари ёзувнинг аҳамияти ҳам ошиб борди ва ниҳоятда қудратли ғоявий кучга айланди. Инсоният ўз тараққиёти мобайнида ҳар хил ёзув турларини кўрди.
Одамзотнинг кўзлари кўрган ва ер юзида инсон яшашини осонлаштирувчи қонуниятлар мажмуаси бўлган энг яхши ёзувлар – Аллоҳ таолонинг Китобларидир. Аллоҳ Ўзининг каломи бўлган саҳифалар ва Китобларни, Ўз Расуллари орқали инсониятга туширди. Аллоҳнинг каломи бўлган бу китоблар инсонларни ҳақ динга, яъни тавҳидга, Аллоҳни танишга, Унинг улуғлиги, гўзал исми, сифатларини билишга, шунингдек, Ер юзида Аллоҳнинг амрига мувофиқ тўғри ҳаёт кечиришга ўргатувчи манба эди. Улар одамларга икки дунё бахтига эришиш учун нима қилмоқ керак ва нималардан четланиш лозимлигини ўргатувчи китоблардир. Уларнинг энг охиргиси эса ўзидан олдин келганларининг ҳукмларини ботил қилиб, то қиёматгача инсониятни ҳидоятга бошловчи ягона китоб – Қуръони каримдир. Токи Ер юзида Қуръони карим бор экан, ҳеч қандай калом ҳам, ҳеч қандай ёзув ҳам унга тенг кела олмайди ва ҳеч ким, ҳеч қачон, Қуръонга амал қилган кишидан ортиқ бўла олмайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадисларида «Қиёмат кунининг аломатларидан бири – ёзувнинг кенг тарқалиши» деб санаб ўтилган экан. Ҳозирги кунимизда биз бу ва бошқа башоратларнинг қанчалик ҳақлигини кўриб турибмиз.
Бизнинг асримизда ахборот алмашинувининг асоси ёзувдир. Бу даврга қадар у ёғоч таёқча, қуш пати ва қамиш қаламдан то ҳозирги сенсорли клавиатурагача бўлган узоқ йўлни босиб ўтди. Яқин ўтмишда ҳам китоблар қўлёзма шаклида бўлган. Энг моҳир ва сабрли хаттотнинг бир кунда кўчириб ёзганлари 30 бетдан ошмас эди. Унинг бу машаққатли меҳнати маҳсули эса узоқ йиллар давомида дунёга келган биргина китоб бўлар эди. Бор-йўғи битта! Бугун-чи, ҳар куни беҳисоб китоб ва вақтли матбуот нашрлари чоп этилмоқда. Интернетдаги электрон маълумотларни эса ҳисобламаса ҳам бўлади.
Шахсий компьютерлар ва интернетнинг пайдо бўлиши билан оммавий ахборот воситалар (ОАВ)нинг шиддат билан ривожланиш даври бошланди. Натижада дунёнинг ҳар тарафидаги кишиларнинг турли маданий ва ижтимоий фикр алмашинуви, алоқавий тизимлари, турли тармоқлар вужудга келди. Бутунжаҳон интернет тармоғи кундан кунга кенгайиб, шиддат билан ўсиб бормоқда. Ҳар ким ўз шахсий сайтини очиш, ҳеч бўлмаганда ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини яратиш имкониятига эга.
Мана шу ерда ушбу мақоланинг асл мақсадига ўтиш пайти келди. Бу қалам... ва клавиатура аҳлига қаратилган мурожаат бўлиб, унда ҳар бир қалам тебратувчи киши учун насиҳат ва эслатма бор. Жуда кўп исломий китобларда, муаллифлар кириш қисмида Аллоҳга мурожаат этиб, қуйидаги мазмундаги каби сўзлар билан бошлашади: «Эй Аллоҳим, ниятимни поклагин ва бу меҳнатимни фақат Сенинг розилигинг йўлида ёзилган қилгин. Уни илм талаб қилувчилар учун насиҳат ва фақат фойда келтирувчи қилгин. Менга бу ишимда ихлос бер ва барча Сендан мени узоқлаштирадиган амаллардан Ўзинг сақла!»
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир», деганлар. Ҳар бир ёзаётган киши, қўлига қалам олишдан ёки компьютерга ўтиришдан олдин бу ҳақда ўйласин ва ўзига савол берсин: «Нима ҳақида ва қандай ниятда ёзмоқчиман?» Қуръони карим банданинг ҳар бир амали, ҳатто зарра мисқолчалик бўлса ҳам, қиёмат куни унинг фойдаси ёки зарарига ҳисоб қилинишини таъкидлайди. Демак, ёзилган ҳар бир гап, сўз, хатто ҳарф ҳам, фойдамиз ёки зараримизга ҳужжат бўларкан. Исломда бу дунёдаги ҳар бир нарсага алоҳида эҳтимом билан ёндашилади ва ҳар бир ҳаракат замирида«Аллоҳнинг розилиги учун» деган холис ният ётади.
Мусулмон киши, бирор хабарни қоғозга ёки виртуал маконга узатаётганда ҳам мана шу шиорга амал қилиши керак. Хоҳ у машҳур олим, ёзувчи ё эндигина ижодини бошлаган ҳаваскор бўлсин, ёзувчиликка умуман алоқаси йўқ бошқа касб эгаси ёки уй бекаси бўлсин – фарқи йўқ. «Аввал ўйла, кейин сўйла» деган мақол бор. Биз эса «Аввал ниятингни тўғрила, кейин яхшилаб ўйла, кейин ёзгин», деймиз. Чунки ёзиб, одамларга тақдим қилиб бўлган нарсани қайтиб тўғрилашнинг ёки ўчириб ташлашнинг имкони бўлмай қолиши мумкин. Демак, ёзиш бу масъулият экан.
Одатда, айримлар шуҳрат, обрў-эътибор учун, ўзининг шахс сифатида аҳамиятини тасдиқлаш учун, ўзидан ном қолдириш, тарихда қолиш, қалам ҳақи ва яна бошқа қандайдир мақсадлар учун ёзишади. Биз бу ерда кўпинча диний мавзулар, илмий мақолалар ва шунга ўхшаш кишиларнинг ҳаётида зарур бўлган турли ижтимоий масалалар юзасидан қалам тебратадиган (тўғрироғи, клавиатурани чиқиллатадиган) фикр соҳибларига мурожаат қилмоқчимиз. Албатта, уларнинг қалбларидан ўтаётган ҳис-туйғулар, ниятлари ёлғиз Аллоҳга аён. Балки, кўплари чиндан ҳам Аллоҳнинг розилиги учун меҳнат қилаётгандир. Лекин инсон унутувчан ва доимий эслатиб туришга муҳтож. Бу мурожаат, энг аввало, шу гапларни ёзаётган ўзимга, қолаверса, барча қалам соҳибларига бир эслатма.
Чин ихлосли мусулмон киши фақатгина, бутун борлиқнинг Яратувчиси бўлган Аллоҳ таолони рози қилиш учун ёзиши ва Аллоҳнинг динини ёйиш ва олий қилиш йўлида қилган хизматлари учун фақатгина Унинг марҳаматидан умид қилиши лозим. Амалларни риё учун, Аллоҳдан ўзгаларга ёқиш учун қилиш кичик ширк ҳисобланади. Риё учун, кимларгадир ёқиш учун, дунёда обрў ва шуҳрат қозониш учун қилинган амаллар Қиёмат куни кишига ҳеч қандай ажру савоб келтирмайди. Балки унга: «Бор, кимга ёқиш учун қилган бўлсанг, ажрни ҳам ўшандан талаб қил», дейилади.
Инсоннинг шахсий «мен»и ва дунё ҳавасларига бўлган яширин хирси, униyu амалларини кўрсатиб мақтанишига, масалан, бирор мақола ёзиб ёки бирор китобча чиқариб қўйиб, кейин шу билан фахрланишига сабаб бўлиши мумкин. Инсон мана шу, нафсининг сўзига кирган чоғда, Аллоҳ таолонинг: «Улар бу дунё ҳаётидаёқ саъй-ҳаракатлари ботил бўлган, ўзлари эса гўзал иш қиляпман, деб ҳисоблайдилар»дегин» (Каҳф сураси, 104-оят) деб айтган сўзларидаги кимсаларга айланиб бўлган бўлади. Бундай ҳолатга тушишдан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.
Китобнинг, мақоланинг ёки бошқа бир амалнинг ютуғи, ниятнинг софлигига боғлиқдир. Бундай асар кишиларнинг қалбига кириб бориб, уларнинг тўғри йўлга йўналишларига, ҳидоятларига сабаб бўлиши мумкин. Қадимда диний адабиётлар чоп этиладиган босмахоналарда тартиб шу қадар қаттиқ бўлган эканки, ишчилар таҳорат олмасдан ёки ғусл қилмасдан туриб ичкарига киритилмас эканлар. Исломий адабиётларга нисбатан бундай ихлос ва муҳаббатнинг натижаси ўлароқ, ўша замонларда чоп этилган китоблар Ер юзида диний илмларнинг тарқалишига юксак ҳисса қўшган. Ҳозиргача ўша китоблардан дунёнинг барча жойларидаги Исломий ўқув юртларида фойдаланилади ва бугунги кунда ҳам қайта-қайта нашр қилинмоқда.
Ўша китобларни ёзган уламолар, нусха кўчирган ва чоп эттирган инсонлар аллақачон бу фоний дунёдан ўтиб кетишган бўлишса-да, Аллоҳ таолодан ажр-савоб олишда давом этишмоқда. Чунки уларнинг китобларини жуда кўп мусулмонлар ўқиб, фойдаланишмоқда. Улар ҳатто вафотларидан сўнг ҳам Исломни, илмни ёйишмоқда. Ҳозирги кунимизда уларнинг издошлари бўлганлар ҳам жамиятга фойдали илмларни етказиб, савоб олиш умидида эртаю кеч меҳнат қилмоқдалар. Бунинг натижаси ўлароқ, жуда кўп инсонлар тўғри ақидага эргашиб, Исломнинг асл моҳиятини тушуниб бормоқда. Одамларга ишончли хабарларни етказиб, бу дунё ҳаётида ҳам, охират дунёсида ҳам бахту саодатга эришиш йўлларини ўргатувчи илмларни, фойдали адабиётларни етказишда, умрларини фидо қилаётган бу инсонлар, агар ниятлари холис бўлса, албатта, Аллоҳнинг розилигига эришадилар.
Шунингдек, ким ўз китобларида ёки мақолаларида ёлғон хабарлар бериб, ёмонликка, фаҳш ишларни қилишга чақирса, ўлимидан сўнг, қанча инсонларни адаштириб, нотўғри йўлларга бошлагани учун, гуноҳ қилишларига ва Аллоҳнинг динидан юз ўгиришларига сабаб бўлгани учун аламли жазо олиши муқаррар. Ёзаётган кишиларни кутаётган яна бир ўта жиддий хавф ўзлари қилмайдиган нарсаларга одамларни даъват қилишларидир.
Аллоҳ таолониинг ушбу нидосига бепарво бўлмаслик лозим: «Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсангизни гапирасиз. Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг наздида қаттиқ ёмон кўрилгандир» (Саф сураси, 2-оят).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мерож кечасида лабларини оловдан бўлган қайчилар билан қайчиланаётган бир гуруҳ кишилар олдидан ўтдим. «Сизлар кимсиз?» деб сўрадим. Улар: «Биз кишиларга яхшиликни айтиб ўзимиз қилмас эдик, ёмонликдан қайтариб, ўзимиз уни қилар эдик» дейишди» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Қоғоз, қалам ва сиёҳ, бугунги кунда интернет ҳам бунёд этувчи ёки барбод қилувчи жиҳатга эга буюк кучдир. Ундан оқилона фойдаланиш эса инсонга Аллоҳнинг розилигини топишга олиб келувчи йўлдан юришга ёрдам беради ва аксинча бўлса, дўзах қаърига итариб юбориши ҳам мумкин. Аллоҳ Ўзи бизларни бундан асрасин!
Эй Аллоҳим! Бизларга Ўз розилигингни ато эт, қалбларимизни тақво ила зийнатланган иймон билан қувватлантиргин ва холис ниятлар билан сийлагин.
Малоҳат Анвар