Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ғалаба муборак, муносиб авлодлар!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Аллоҳнинг Расулига дуруду салавотлар бўлсин!
Куни кеча дунё миқёсидаги мусобақалардан бири – Олимпия ўйинларида зафар қучган юртдошларимизнинг ғалабасидан барчамизнинг қалбимиз ифтихор ва қувончга тўлган эди. Ушбу мусобақаларда Ватанимиз вакиллари эришган ғалабани кўриб, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд каби буюк аждодларимизга муносиб авлод етишиб чиқаётганидан хурсанд бўлган эдик. Энди эса бу қувончимизга яна бир хушхабар келиб қўшилди: ўзбекистонлик ўқувчилар Сингапурда бўлиб ўтган математика бўйича халқаро олимпиадада 5 олтин, 8 кумуш ва 9 бронза медаль билан қайтишибди!
Ўзбекистон жамоаси 13−14 август кунлари бўлиб ўтган Singapore International Math Olympiad Challenge беллашувларида жами 22 та медални қўлга киритиб, Истиқлолимизнинг 25 йиллик тўйига муносиб тўёна билан қайтиб келди.
Марҳамат, ғолиблар билан танишинг:
Олтин медаль соҳиблари:
- Абдураҳим Орипов
- Муҳаммад Амин Раҳмонбердиев
- Абдулла Ғайратуллаев
- Марина Тен
- Владислав Галперин
Кумуш медаль соҳиблари:
- Дониёр Монке
- Алина Ювакаева
- Роман Галперин
- Жавоҳир Рустамхонов
- Абдулазиз Норхўжаев
- Нозима Одилова
- Бунёд Каримий
- Улуғбек Тўхтасинов
Бронза медаль соҳиблари:
- Абдуқодир Абдурашидов
- Алижон Юсупов
- Жасурбек Рустамхонов
- Диана Монке
- Беҳруз Шукруллаев
- Зиёда Ҳожимуҳамедова
- Асадулла Нуруллахўжаев
- Рухсорахон Нуруллахўжаева
- Исторахон Нуруллахўжаева
Сингапур коммуникация ва ахборот вазири Чи Хонг Тат ҳамда Сингапур халқаро математика мусобақаларини ўтказиш маркази директори Генри Онг ўзбекистонлик ўқувчиларни бу улкан муваффақият билан алоҳида муборакбод этгани нафақат юртимиз вакиллари учун, балки бутун ўзбек халқи учун юксак эътироф бўлди.
Юртдошларимиз математика олимпиадаларида аввал ҳам бир неча бор ғолиб бўлишган. Жумладан, 2015 йил июль ойида Хитойнинг Чанчун шаҳрида ўтказилган математика халқаро мусобақасида Ўзбекистон жамоаси иккинчи ўринни олган эди.
Албатта, халқаро олимпия ўйинларида ғалаба қозонишнинг ўзи бўлмайди. Бу ғалабалар – юртимизда ёш авлод тарбиясига, спортга кўрсатилаётган юксак эътибор натижаси, спортчиларимизнинг кўп йиллик оғир меҳнати, тинимсиз машқлари, метин иродаси, интизоми ва бутун ўзбек халқининг дуо ва олқишлари самарасидир.
Аммо математика бўйича халқаро беллашувда қозонилган ғалабанинг аҳамияти ҳам ўзига хос бўлиб, юртимизда Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Улуғбек Мирзо, Али Қушчи каби буюк аждодларимизга ҳам муносиб авлодлар етишиб келаётганидан далолатдир.
Томчида дунё акс этганидек, ушбу муҳим ғалабаларда ҳам рамзий маъно акс этмоқда. Бу ғалабалар жаннатмакон Ватанимизда ўсиб улғаяётган баркамол авлод ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан буюк бобокалонларимиз изидан бораётганини кўрсатади, асрий анъаналаримиз, минг йиллик маънавий қадриятларимизнинг тикланаётганини намоён этади.
Шу муносабат билан Сингапурда бўлиб ўтган халқаро математик олимпиада мусобақаларида ғолиб бўлган барча йигит-қизларимизни бу улкан ғалаба билан самимий муборакбод этамиз, уларни ўқитган, мусобақага тайёрлаган барча устозлари, муаллимларига, оқ ювиб, оқ тараган, илм-фан борасида халқининг, Ватанининг шаънини ҳимоя қила оладиган муносиб фарзанд қилиб тарбиялаган ота-оналарига чуқур таъзим ила миннатдорчилик билдирамиз.
Аллоҳ таоло илм-фан борасида жиддий ютуқларга эришган бу ёшларимизнинг иймон-эътиқодини, қувваи ҳофизасини, сабр-бардошини янада мустаҳкам айласин, икки дунё саодатига эриштирсин, буюк аждодларимиз йўлидан бориб, янада каттароқ зафарлар қозонишларида Ўзи мададкор бўлсин!
Ғалаба муборак, муносиб авлодлар!!!
muslimaat.uz