Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таолога бандаларнинг дуо қилишлари маҳбубдир. Дунёда қайта-қайта бир шахсдан кичик-кичик нарсалар сўралаверса, у қанча саховатли бўлмасин охир бориб, норози бўлади. Лекин Аллоҳ таолодан бандалар қанча кўп сўраса, У шунча бандасидан хурсанд бўлади.
عَن أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ لَمْ يَسْأَلْ اللَّهَ يَغْضَبْ عَلَيْهِ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У Зот унга ғазаб қилади», дедилар».Дуо мақсадни ҳосил қилиш воситасигина эмас, балки у бир мустақил ибодатдир. Дуо дунёвий мақсад учун қилинса ҳам? ибодат ҳисобланади ва унга савоб бўлади. Банда қанча кўп дуо қилса, шунча Аллоҳ таоло билан алоқаси зиёда бўлиб бораверади. Фақат машаққат ёки қийинчилик вақтда дуо қилиш зарур эмас. Балки хурсанд ва мамнун вақтларда ҳам дуо қилиш лозимдир.
عن أبي هريرة رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال : قال رسولُ اللّه صلى اللّه عليه وسلم : "مَنْ سَرَّهُ أنْ يَسْتَجِيبَ اللَّهُ تَعالى لَهُ عنْدَ الشَّدَائِدِ وَالكُرَبِ فَلْيُكْثِرِ الدُّعاءَ في الرَّخاءِ". Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин», дедилар». عَنْ النعمان بن بشير رضي الله عنهما أن رسولَ الله صلى الله عليه وسلم قال: «الدعاء هو العبادة» ثم قرأ {وقال ربُّكمُ ادْعُونِي أسْتَجِبْ لَكُمْ ، إنَّ الّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عن عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ} [غافر:الآية 60] أخرجه الترمذي. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳим васаллам: «Дуо ибодатдир», дедилар ва «Роббингиз: «Менга дуо қилинг – сизни ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимда кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар»ни қироат қилдилар». Термизий ривоят қилган.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ваъда қилади: «Менга дуо қилинг – сизни ижобат қилурман» (Ғофир 60-оят). Аллоҳ таолонинг бу ваъдасида хато бўлиши мумкин эмас. Шу боис чин дилдан дуо қилиш лозим. Ва у, албатта, мақбул бўлади. Дуоларнинг қабул бўлиш сурати турли хилдир. Баъзи вақтларда ўша сўраган нарсаси берилади. Ва баъзи вақтларда у нарса Аллоҳ таолонинг илмида банда учун муносиб ёки фойда берувчи бўлмайди. Бас, Аллоҳ таоло ундан яхши ва фойдали нарсани дунё ёки охиратда ато қилади.
Шу тарзда ҳар дуонинг уч фойдаси бор: 1. Дуо қабул бўлиши билан мурод ҳосил бўлади; 2. Ҳар дуога савоб етади; 3. Дуо қанча кўп қилинса, шунча Аллоҳ таоло билан алоқа ортиб боради.
Дуо қилувчининг одобига қиблага юзланиш, қўлни кўтариш, тил билан қилиш ва энг биринчи ҳамду сано ва дуруду шариф ўқиш кирса-да, агар унинг ўрни бўлмаса, бас, усиз ҳам дуо қилиш жоиздир. Шунинг учун Аллоҳ таоло дуони шундай осон қилдики, ҳар вақт ва ҳар жойда юриб, айланиб ва ишлаб туриб ҳам дуо қилиш мумкиндир. Агар тил билан дуо қилиш ўрни бўлмаса, масалан, ҳожатхонада ёки бошқа жойда бўлгани боис, қалбдан дуо қилиш мумкиндир.
Дуода катта-катта нарсаларни сўраш зарур эмас, балки ўзининг катта-кичик ҳожатларини Аллоҳ таолодан сўраши лозим. Бу шу даражадаки, ҳадисларда келишича, оёқ кийимнинг тасмаси узилса ҳам, бас, Аллоҳ таолодан сўранглар, дейилган. Шу боис дуо қилишни ҳар бир киши ўзи учун одатга айлантириб олиши лозим бўлади. Шунда жуда кичик ҳожатга рўбарў келса ҳам, уни Аллоҳ таолодан сўрайдиган бўлади. Арзимаган бирор машаққат бўлса, уни кетказишни ҳам Аллоҳ таолодан сўрайди. Бунинг мисоли шуки, болага қачон бир муаммо рўбарў келса ёки бирор кичик машаққат етса, у ўз онасини чақиргани каби инсонга ҳам бирор ташвиш келса, Аллоҳ таолони чақириши лозим бўлади. Айланиб юриб, туриб, ўтириб ва иш қилиб ва ҳар вақт кичикдан кичик нарсаларни Аллоҳ таолодан сўрашни одатга айлантирса, Аллоҳ хоҳласа, жуда тез муқарраб бандалардан бирига айланади.