Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Зулҳижжа ойининг фазилатлари ва унда амалга ошириш мустаҳаб бўлган амаллар
Замон ва маконлар эгаси бўлган Аллоҳ таоло «Тавба» сураси 36-оятида
نَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِندَ اللّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَات وَالأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир», деб марҳамат қилган. Ушбу ўн икки ойнинг энг сўнггиси ва тўрт уруш қилиш ҳаром бўлган ойлардан бири зулҳижжа ойидир. Аллоҳ таолонинг мўмин бандалари ҳар вақт ва маконда ўз Роббиларига ибодат қиладилар. Шу билан бирга, Аллоҳ ҳам ўз бандаларини унда адо этилажак ибодатлар учун чексиз савоблар ёзиладиган, ўз наздида даражаси улуғ бўлган ойлар ва кунлар билан сийлаган. Зулҳижжа ойи ҳам шундай ойлардан бўлиб, унинг аввалги ўн кунининг фазли ниҳоятда улуғдир. Бунга Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қатор далиллар келтирилган. «Фажр» сурасининг илк оятлари
وَالْفَجْرِ وَلَيَالٍ عَشْرٍ
«Тонгга қасам ва ўн кеча билан қасам» деб бошланиб, тафсир уламолари, хусусан, Ибн Касир, Ибн Аббос ва бошқалар бу ўн кечадан мурод зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунидир, деб айтганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибодат қилинадиган бирор кун зулҳижжанинг ўн кунидан Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада туриш қадр кечасида туришга баробардир», деганлар (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари). Шунингдек, Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда ҳам ушбу ой ва ундаги ўн куннинг фазли баён этилган. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун)ларда таҳлил ва такбирни кўпайтиринглар. Чунки у (кун)лар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолога зикр (айтиладиган) кунлардир ва у (кунлар)дан бир кунининг рўзаси бир йилги рўзага баробардир. У(кун)ларда қилинган амал етти юз баробарга тенг бўлади», деганлар. («Дурри мансур», «Хитоботул аҳком») Бу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уламолар бу кунларнинг фазли унда намоз, рўза, зикр, садақа, ҳаж каби улуғ ибодатлар жамланишидандир, зеро бундан бошқа ойларда бу ҳолат кузатилмайди, деб баҳолаганлар. Юқоридаги ҳадислардан зулҳижжанинг дастлабки кунидан тўққизинчи кунига қадар турли ибодатлар билан машғул бўлиб, кундузларини рўза билан, кечаларини эса бедор ўтказишга ҳаракат қилиш лозим эканлиги келиб чиқади. Қуйида ушбу кунларда адо этилиши мустаҳаб бўлган амаллар ҳақида маълумот бериб ўтамиз:
لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ عَلَى مَا رَزَقَهُم مِّن بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ
«Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)» (Ҳаж сураси, 28-оят). Жумҳур уламо маълум кунлардан мурод – зулҳижжанинг ўн куни эканини таъкидлаганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Маълум кунлар – ўн кунликдир», деганлар.Булардан ташқари банда ушбу ойда холис тавба қилмоғи ва ҳар қандай солиҳ амаллар - қариндошларни зиёрат қилиш, етим-есир, бечора мискинларга ёрдам бериш, садақани кўпайтириш, хуш муомала бўлиш, аҳли оиласига янада илтифот кўрсатиш кабиларга ҳам эътиборли бўлмоғи ҳар бир мусулмон учун кўрк ва зийнатдир.
Зулҳижжа ойи каби тоат мавсумларининг фойдаси шуки, улар пайтида инсон ибодатларидаги кемтикларни тўлдириб олади ва қўлдан бой берган ажру савоблари ўрнини қоплаб олади. Ушбу ойлар, кунлар ва соатлар мавсумини ғанимат билиб, уларда тоат-ибодатларни имкон қадар кўп ва гўзал адо этишга ҳаракат қилиб, ўзининг Аллоҳ ҳузуридаги даражаси юксалишига интилади.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти
ўқитувчиси Абдувалиева К.