Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Исломдан ҳижрат – абадий кулфат
«Ҳижрат» тушунчаси. Ушбу сўз бир жойдан иккинчи жойга кўчиш маъносини англатади. Ансорлар Мадинага қайтгач, Ислом дини кенг қулоч отиб ёйила бошлади. Мусулмонларнинг мадиналиклар билан иттифоқ тузганидан ва бу иттифоқ ўзларига қарши қаратилган куч эканидан хабар топган мушриклар Пайғамбар алайҳиссалом билан саҳобаларга илгаригидан ёмонроқ зулм ўтказа бошлашди. Вазият ёмонлашганидан ташвишга тушган Расулуллоҳ мусулмонларга Мадинага кўчишни буюрдилар.
Мусулмонлар қурайш мушрикларининг тўсқинлик қилишлари андишасида якка-ёлғиз йўлга чиқдилар. Қалблари яратганнинг муҳаббати билан лиммо-лим тўлган мусулмонлар Аллоҳга ибодат қилиш, Ислом динини турли тажовузлардан асраш учун туғилиб ўсган масканларидан бош олиб кета бошладилар. Улар Аллоҳ таоло ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг розилиги учун киндик қони тўкилган заминдан, ота-она, бола-чақаларидан айрилишга ҳам рози бўлдилар. Мана шу Ислом динидаги илк ҳижратдир.
Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси, дин ва ҳаёт йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, бу тўғрисида жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Иккинчиси, гуноҳ-маъсиятларни тарк қилиш учун қилинган ҳижрат.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳижратнинг энг афзали Роббинг ёмон кўрган нарсани тарк қилмоғингдир», деганлар.
Бугунги кунда «ҳижрат» тушунчаси ақидапараст оқимлар томонидан уларнинг ўз мафкуравий қарашларига мос равишда талқин қилинмоқда. Шу сабабли ҳижрат масаласи ҳам ўта нозик масалалардан ҳисобланади. Турли ғаразгўйлар бу масалани ҳам ишга солиб, кишиларимизнинг бошини айлантириб, турли нохушликларга гирифтор қилишга уринишади.
Ақидада ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар «ҳижрат қилмаганлар кофирдир» деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган. Аслида, бу гап орқали «кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир» деган фикр уқтирилган, холос. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган. Бу фикрни олдинга сурганларнинг бошлиқлари қуйидаги далилларни келтирадилар.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинглар?» дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!» деган (97-оят).
Ҳаким ибн Муовиядан, у отасидан ривоят қилинади:
«Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳаромдир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар». Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Уларнинг гапларига раддия:
Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санҳоний ўзининг «Субулус Салом» номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган. «Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир», дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар. Бу такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.
Сўнгра имом Санҳоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларнинг раҳбари сифатида бошқаларга таклиф қиладиган ишлари ҳақидаги ривоятни келтирган ва қуйидаги жумлага урғу берган:
«Агар улар ҳижрат қилишдан бош тортсалар ва ўз диёрларида турмоқни ихтиёр қилсалар, уларга билдирким, алар худди мусулмон аъробийлар каби бўлурлар, уларга ҳам мўминларга жорий бўлган Аллоҳнинг ҳукмлари жорий бўлгай».
Мазкур тоифага кучли раддиялардан яна бири қуйидаги ояти каримадир.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида:
«Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жидди жаҳд қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёрдам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи Зотдир», деган (72-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда:
Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ таолонинг Ўзи «мўминлар» деб атамоқда.
Албатта, ҳижратга тегишли оят ва ҳадислар фақат юқорида зикр қилинганларидангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар бу ҳукмни батафсил баён қилганлар.
Мухтасар бўлиши учун Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган «Фиқҳ энциклопедияси»да баён қилинган сўзларни келтирамиз:
«Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади. Аллоҳнинг «Нисо» сурасидаги «Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар: «Нима қилаётган эдинглар?» дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» дерлар» (97-оят), деган оятига биноан. Бу ҳукм ожиз ва бемор бўлмаганлар ҳамда туришга мажбур қилинмаганлар учундир. Аммо фитнадан қўрқмаса ва динини изҳор қилиш имкони бўлса, унинг учун дорул Исломга ҳижрат қилиш мустаҳаб бўлади. Унинг ҳижрат қилиши вожиб эмас. Кувайт Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги нашр этган «Фиқҳ энциклопедияси»дан келтирилган мисолда гап дорул ҳарб – мусулмонларга қарши уруш эълон қилган диёрда яшаб турган мусулмонлар ҳақида эканини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.
Ҳозирги кунда деярли барча мамлакатлар ўртасида тинчлик сулҳлари тузилган. Бу ерларда яшаб турган мусулмонларни қандай қилиб кофирга чиқариш мумкин.
Ҳамаср уламоларимиз аслида номусулмон бўлган ғарбий давлатларда мусулмонларнинг яшашлари, ишлашлари ва ўша давлат фуқаролари бўлишларига фатво берганлар.
Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларга «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш қаердан чиққан?!
Иккинчидан, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, «Ҳижрат қилмаган кофир бўлади», деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилишни айтиб бера олмайдилар. Зотан, уларнинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!»
Аллоҳ таоло эса ҳар бир инсон ўз она юртига содиқ фарзанд бўлиши лозим эканини бизга уқтиради. Бу эса «ҳижратчи»ларга тўғри йўлни танлаб олишларига туртки бўлиши шубҳасиздир.
Демак, Яратганнинг энг буюк неъмати, биз яшаб турган оламнинг энг ажойиб мўъжизаси бўлмиш инсон ҳаётига тажовуз қилишга қаратилган ҳар қандай кўринишдаги таҳдидлар катта гуноҳ экан, ҳар бир киши бу неъматни асраб-авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин!
Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти
4-курс талабаси Ҳамзалиева Моҳидил