Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
САВОЛ: Таҳорат қилиш чоғида таҳорат синиб қолса, қайтадан таҳорат қилинадими?
ЖАВОБ: Таҳоратни синдирувчилари комил таҳоратни синдирганидек, охирига етмаган таҳоратни ҳам синдиради. Шунинг учун таҳоратни янгитдан бошлаши вожиб бўлади.
سَبَبُهَا ( الْحَدَثُ ) فِي الْحُكْمِيَّةِ ، وَهُوَ وَصْفٌ شَرْعِيٌّ يَحِلُّ فِي الْأَعْضَاءِ يُزِيلُ الطَّهَارَةَ
Таҳоратни вожиб қилувчи сабаблар бетаҳоратликдир. У шаръий сифат бўлиб аъзоларга тушади ва таҳоратни кетказади(«Раддул-Муҳтор»).
САВОЛ: Тўйиб сув ичган одам шу сувнинг ўзини қайт қилса, таҳорати синадими?
ЖАВОБ: Сув бирор нарсага аралашмай соф ҳолда чиққан тақдирда ҳам, оғизни тўлдирадиган миқдорда бўлса, таҳоратни синдиради. Шунингдек, эмизикли бола онасини эмибоқ қусиб юборса, унинг миқдори оғзини тўлдирадиган даражада бўлса, сийдиги каби нажосат ғализа ҳисобланади. Оғиз тўла миқдорда бўлмаса, нажосат ҳисобланмайди ва теккан нарсасини ҳам нопок қилмайди.
(«Дуррул-Мухтор»)
САВОЛ: Бадандаги тошма, яралардан чиққан нарса сабабидан таҳорат синадими?
ЖАВОБ: Чиққан нарса оқадиган миқдорда бўлса, таҳоратни синдиради. Бу миқдорда бўлмаса, таҳоратни ҳам синдирмайди, нажосат ҳам ҳисобланмайди.
САВОЛ: Ҳуснбузарни сиқиб ташлаш билан таҳорат синадими?
ЖАВОБ: Ундан чиққан нарса қон, йиринг, ҳатто сув бўлса ҳам, таҳоратни синдиради.
САВОЛ: Зарурат юзасидан баъзи бир дори воситаларини истеъмол қилиш билан пайдо бўлган мастлик таҳоратни синдирадими?
ЖАВОБ: Мастлик беҳушлик ва мажнунлик каби таҳоратни синдиради. Мастлик хоҳ тиббий дориларни истеъмол қилиш билан бўлсин, хоҳ харом қилинган нарсаларни истеъмол қилиш билан бўлсин, барибир. Таҳоратни кетказувчи мастликнинг чегараси юришида тебранишнинг пайдо бўлишидир. Баъзилар ер билан осмонни ажрата олмай қоладиган даражада бўлса, кейин таҳорат синади деган бўлсалар ҳам, фатво берилган қавл аввалгисидир.
САВОЛ: Одам бармоғини олд ёки орқа аъзосига киргизиши билан таҳорат синадими?
ЖАВОБ: Аёл киши олд жинсий аъзосига бармоғи ёки шунга ўхшаш бирор нарсани киргизса, таҳорати синади, чунки киргизиб чиқарилган нарса намликдан ҳоли бўлмайди.
Эркагу аёл қўли ёки шунга ўхшаш нарсани орқа тарафига киргизиб чиқарса, нам, бадбўй бўлиб чиқса, таҳоратни синдиради.
Бирор нарса тўлалигича ичкарига киргизилиб, сўнг қайтиб чиқса, таҳоратни синдиради.