Чин мўминлик аҳилликдир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Чин мўминлик аҳилликдир

«Бугун биз бошимиздан кечираётган нотинч ва таҳликали замонда турли минтақаларда, ён-атрофимизда қарама-қаршилик ва қонли тўқнашувлар тобора кучайиб бораётганини кўриб, кузатиб, беғамлик ва бепарволикка йўл қўймасдан, ҳушёрлик ва уйғоқлик билан яшашни ҳаётниyu ўзи барчамиздан талаб этмоқда», дея таъкидлаган эдилар муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримов. Азал-азалдан халқимизда «Бир болага етти маҳалла ота-она», деган мақол бор. Дарҳақиқат, бир боланиyu камол топиши, тўғри йўлни тутиши учун барча баробар жон койитиши, ҳамма бирдамликдда ҳаракат қилиши, лоқайдсизлик қилмаслиги лозим.

Халқимизнинг қон-қонига, онгу шуурига сингиб  кетган Ислом дини ҳам инсонларни ўзаро аҳил ва иноқ яшашга, бир-бирларини яхшиликка бошлаб, ёмонликдан қайтаришга ундайди. Азалдан халқимиз бир-бирлари билан иноқ, тинч-тотув ҳаёт кечиришган, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳеч қачон эътиборсиз қолмаган, уларга қўлларидан келганича ёрдам бериб, меҳр-мурувват кўрсатиб келишган. Аҳиллик, тотувлик туйғулари ўзбекларнинг қон-қонига сингиб кетган.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳим қилинсангиз. («Ҳужурот» сураси,  10-оят). Дарҳақиқат, бу биродарлик дин қардошлиги бўлиб, дунёдаги барча инсоний алоқалардан устун туради. Бу биродарлик Аллоҳ учун дину диёнат учун, Ислом-иймон учундир. Ва у ўзаро муҳаббат, тинчлик-омонлик ва ҳамкорлик асосига қурилган бўлади. Бу биродарликка футур  етса, зудлик билан ислоҳ қилишга ўтмоқ керак  Чин мўмин бошқа бировга зарра миқдорда бўлса ҳам озор бермаслиги лозим. Ўзларини «чин  мўмин» деб даъво қилаётган террорчилар ҳали ақлий камолотга етмаган ёшларни ўз Ватанига, ота-онасига қарши қурол кўтаришга ундамоқдалар. Зулм қилиш, тажаввузкорлик Ислом динига мутлақо зид тушунчалардир. Шу кунларда Миср ва Сурияда ғалаёнлар оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлаётгани, у ердаги тўс-тополонларнинг асаосий сабаби инсонларнинг ўз юртларида аҳил эмасликлари, лоқайдликлари, «Сен менга тегма – мен сенга тегмайман», қабилиди иш тутишгани, турли хил оқим ва фирқаларга қўшилиб ўзларини ўзлари ҳалок қилаётганлари сабабдир.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро тинчликка ва аҳилликка даъват этиб шундай буюради:

 وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд, ҳақ йўлни топгайсизлар деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади.

 («Оли Имрон» сураси, 103-оят.)

Ояти каримадаги «Аллоҳнинг арқони» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликларининг ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони Каримни маҳкам ушлашликдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутиш лозимдир.

   Тинчлик, аввало, ҳар бир кишининг ўзидан бошланади. Зеро, Ислом  кўрсатмаларига амал қилган инсон қалбига тинчлик-хотиржамлик ўрнашади. Сўнгра бу оилага, оиладан маҳалла ва жамиятга, сўнг давлатга ўтади. Натижада бутун дунё тинч ва фаровон бўлади. Бефарқлик ва лоқайдлик инсоннинг ҳаёт йўлида ўз йўлини топа олмай, адашиб кетиши учун асосий сабабдир. Инсон доимо огоҳ бўлиб яшаши керак. Ва ҳозирги кунда огоҳлик – бу давр талабидир. Жамият аъзолари доимо бир-бирларини тушуниб, ўзаро келишишлари ва тафриқага тушмасликлари керак. Тафриқага тушиш, яъни ажралиб қолиш ҳаромдир.  Инсонлар доимо аҳил бўлиб яшашлари, барча ишларда кенгашиб иш кўришлари уларнинг турли хил оқимларга қўшилмасликлари ва ҳақ йўлида собитқадам бўлишларига сабабчи бўлади. Замонамизнинг энг улуғ вазифаси ёшларни фикрлашга ўргатишдир. Эътиқод соғломлиги – халқ бойлиги, ақида тўғрилиги эса  халқ тинчлигидир. Ақида масалида ёшлар тафаккурини тўғри шакллантириш – ёшлар, қолаверса, бутун жамиятнинг ҳаёти ва келажагини мафкуравий таҳдид таъсиридан сақлаб қолишдир. Президентимиз Ислом Кармов таъкидлаганларидек: «Бугун замон талаб қилаётган дунёвий билимлар билан бирга, инсон ҳаётининг маъно ва мазмунини англатадиган, эзгулик, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби фазилатлатлардан сабоқ берадиган диний билимларни ҳам пухта ўзлаштирган одамгина давримизнинг кескин ва мураккаб саволларига жавоб топа олади. Ҳозирги вақтда дунёнинг узоқ ва яқин ҳудудларида, Яқин Шарқ минтақасида юз бераётган қарама-қаршилик ва қонли тўқнашувлар, низо ва зиддиятларнинг туб илдизи ҳам айнан мана шундай кенг билим ва тушунчага эга бўлмаслик, жаҳолат ботқоғига ботиб қолиш, ақидапарастлик билан бўлиқ, десак, янглишмаган бўламиз».

    Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, Аллоҳ таоло инсонларни аҳил бўлишга, турли хил фирқаларга бўлинмасликка,  яхшикка буюриб, ёмонликдан қайтаришга буюрди. Чин мўминлик аҳилликдир. Чунки инсонлар орасидаги аҳиллик жамиятдаги аҳилликдир ва жамият аҳил бўлса, демак, давлат фаровон, халқ эса тинч ва осойишта ҳаёт кечиради. Ҳозирги кунда бизнинг диёримиз дунёдаги энг тинч мамлакатлар рейтингида юқори ўринда турибди. Лекин минг афсуски, бизнинг бу тинчлигимизни кўра олмасдан юрган инсонлар қаторида ўз юртдошларимиз ҳам борлиги ачинарли ҳолатдир. Улар турли хил экстремистик оқим ва фирқаларнинг бузуқ ақидаларига учиб шу ишни қилмоқдалар. Уларнинг бу қалтис йўлга кириб қолишларига ақидани яхши билмасликлари, ҳадисларни саҳиҳи билан носаҳиҳларини ажрата олмай адашиб кетаётганлари сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таолодан ёмон ниятли инсонларга инсоф, бизларга тавфиқ ато этишини ва юртимизни ўз паноҳида асраб, бизларни эса аҳил мўминлардан қилишини сўраб қоламиз.   

Хадичаи Кубро билим юрти

3-курс талабаси Робия Маннобжонова

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло «Батаҳқиқ, Биз Луқмонга «Аллоҳга шукр қил. Ким шукр қилса, ўзи учун қиладир. Ким давоми...

18:44 / 18.11.2016 4728
Аллоҳ таоло инсон зотига буюк неъматларни ато этган. Улардан бири Ўзи билан мулоқотда бўлиш, яъни намоздир. давоми...

20:22 / 26.01.2017 7019
Аллоҳ таоло «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик», деган Қамар, 49. Муаллиф бу ояти каримани давоми...

13:58 / 08.11.2016 4966