Фан ҳижобнинг фойдали эканлигини тасдиқлади
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муслималар ҳижобда ўзларини «ҳимояланган», «хавфсиз» ва «муҳтарама» деб ҳис қилишларини айтар эдилар (ҳижоб – Ислом динида аёлларга фарз қилинган камтарона либос бўлиб, уларнинг гўзаллигини, баданларини ва қадди-қоматларини бегона кўзлардан тўсиб туради). Энди эса бунинг илмий тарзда исботланган ҳикмати борлиги аниқланди.

Психолог Сюзан Фиске ҳамда Принстон университетининг бир гуруҳ тадқиқотчилари соғлом эркаклар бош миясини магнит-резонансли томография воситасида текшириб кўришди. Текширилаётган эркакларга ярим яланғоч ҳамда тўлиқ кийинган эркак ва аёлларнинг бир қатор фотосуратлари кўрсатиб турилди. Баданлари очиқ аёлларни кўрган эркакларда аниқ ва очиқ-ойдин қўзғалиш кузатилди. Суратдаги аёлларнинг бадани қанчалик очиқ бўлса, эркаклар бош мия пўстлоғининг олд мотор худуди ҳамда ўрта чакка қисмининг орқа томонида (премоторная кора головного мозга и задняя часть средней височной борозды) қўзғалиш шунча кучли бўлди. Маълумки, миянинг бу қисмлари асбоб-ускуналар билан ишлар, қўлларнинг ҳаракати ва умуман бирор амалга ундаш каби хатти-ҳаракатларни бошқаради (Сикара, Дель-Амор).

«Гўё эркаклар шу заҳоти ўзларида бу аёлларга нисбатан уйғонган истак-хоҳиш ҳақида ўйлай бошладилар», – деди Фиске хоним 12-16 февраль кунлари Чикагода бўлиб ўтган Америка фанни ривожлантириш уюшмасининг ҳар йили бўлиб ўтадиган учрашувида. «Улар бу фотосуратларга одамлар жонли жисмларга қарагандек қарадилар», – дейди у (Николсон).

Эркакларнинг ўзлаштириш қобилиятлари синаб кўрилганда, улар чўмилиш кийимларини кийган аёлларнинг юзлари кўрсатилмаган суратларини бошқаларга кўра яхшироқ эслаб қолганлари маълум бўлди, ваҳоланки улар бу суратларга бор-йўғи бир лаҳза кўз ташлаган эдилар, холос (Ландау).

Фиске хоним ўз гуруҳи билан эркакларнинг аёлларга нисбатан адоват кайфиятини ҳам синаб кўрди. Маълум бўлишича, тажовузкорроқ эркаклар чўмилиш кийимидаги аёлларнинг суратларини томоша қилаётганда уларнинг миясидаги ўз фикрини ва бошқаларнинг ҳиссиётларини ўйлаб кўришни (оддий қилиб айтганда, ўйлаб иш қилишни) бошқарувчи худудларда фаолият энг кам бўлган.

«Бу пайтда эркаклар аёлларнинг ақли ҳақида ўйлаб ҳам кўрмас эканлар», – дейди Фиске хоним (Сикара, Дель-Аморе, Ландау).

Хуллас, эркаклар ўзларининг жозибасини бўрттириб кўрсатувчи аёлларни инсонийликдан узоқроқ деб қабул қилар эканлар.

Фискенинг «IslamOnline»га тақдим қилган маърузасига кўра, эркакларнинг атрофдаги воқеликни фаҳмлаб олиш тизими тормозланиб қолса, улар шаҳвоний ҳисларни қўзғатувчи аёлларнинг инсонийлик даражасини паст деб қабул қилар эканлар (Сикара).

Фиске хонимнинг айтишича, инсонда бошқа бир киши ҳақда бундай ёмон таассурот ҳосил бўлиши лаборатория тадқиқотларида кам учрайдиган ҳолдир. Бунга ўхшаш ҳолат фақат бир марта – яқинда «National Geographic»да чоп этилган мақолада қайд этилган эди. Унга кўра, тажрибада иштирок этган кишиларга дайдилар ва наркоманларнинг фотосуратлари кўрсатилганда уларда нафрат ва ижирғаниш ҳислари уйғонганлиги кузатилган (Дель-Аморе).

Эркаклар ярим яланғоч аёлларнинг суратини кўрганда уйсиз дайдиларни кўргандагидек ҳолатга тушмадилар. Аксинча, тадқиқотлар бу эркакларнинг фотосуратдаги чўмилиш кийими кийган аёлларни «итариб юборгиси», «қўлига олгиси», «тутиб олгиси» келганлигини қайд этди (Дель-Аморе, Ландау).

Ушбу тадқиқотда иштирок этган Принстон университети битирувчиси Мина Сикаранинг фикрича, эркаклар ўз аёллари ёки опа-сингилларига очиқ либос кийган аёлларга қарагандек қарамайдилар.

Бунинг устига, эркаклар тўлиқ ўранган аёлларнинг суратларини кўрганда ўз фикрларини, асосан, учинчи шахсда – «у итариб юборди», «қўлида кўтариб турибди», «тутиб олди» шаклида билдирганлар. Бу эса Фиске хонимнинг фикрича, эркаклар ўранган аёлларни мустақил, ҳур аёллар деб қабул қилишларини, уларга нисбатан бирор хатти-ҳаракат содир этиш фикридан узоқ бўлишларини кўрсатади (Эшльман, Ландау).

Аёлнинг либоси қанчалик тўлиқ бўлса, унга ҳурмат шунчалик кўп бўлади

Фиске хонимнинг айтишича, тадқиқот натижалари аёллар учун, айниқса, эркак-аёллар аралаш бўладиган шароитларда ишлайдиган ғоятда муҳим хулосаларга олиб келади. Ўз аёллик жозибасини бўрттириб кўрсатиб юрадиган аёлларга кўп назар солиш эркакларнинг ўша аёлларга бўлган муносабатига ва бунинг оқибатларига бевосита таъсир кўрсатади (Ландау, Сэмпл).

Лоуренс университети профессори Питер Глик олиб борган тадқиқотда эркакларнинг аёлларга салбий муносабатда бўлиш сабаблари ўрганилди. Маълум бўлишича, ишхонада очиқ-сочиқ кийиниб юрадиган аёлларнинг савияси ва ақл-заковати, айниқса, улар раҳбар лавозимда бўлсалар, эркакларнинг наздида пастроқ туюлар экан. «DiversityJobs» маълумотларига кўра, профессор Гликнинг тадқиқотларида «юқори мансаб, раҳбар лавозимда ишловчи аёллар қўл остидагиларнинг ҳурматига сазовор бўлишлари учун камтарона ва анъанавий кийинишлари керак»лиги қайд этилган.

Бир қатор тадқиқотлар ҳам порнографияни томоша қилиш ва аёлларга нисбатан тажовуз ҳолатлари, шу жумладан, зўрлашлар ўртасида бевосита боғлиқлик борлигини кўрсатмоқда. Босния ва Ироқда бўлиб ўтган урушларда мисли кўрилмаган ғайриинсоний жиноятларини содир қилган солдатларнинг аксарияти порнографиянинг ашаддий ишқибозлари эканлиги, ҳатто бундай суратларни қотилликлардан кейин «ўзига келиш» учун томоша қилишлари маълум бўлган (Чу, Риджали).

Фиске хоним ўз тадқиқот натижалари бошқа олимларнинг хулосалари билан солиштириб кўриб, юқоридаги мазмундаги теледастурларни томоша қилиш ҳам инсоннинг зўравонликка бўлган эмоционал сезгисини сусайтириб юборишини қайд этди.

Ғурур ва ишонч

Камтарона ва анъанавий бичимдаги либосларнинг афзаллиги очиқ-ойдин бўлишига қарамай, ОАВда ҳижоб ҳақидаги фикрлар муслималарни камситилган, ҳақсизлардек тасвирлайди. Бироқ Карен Дэниэльсон хоним ҳижоб аёл кишида ўзига ишонч ва ғурур ҳиссини мустаҳкамлайди, дейди.

Дэниэльсон хоним асли америкалик бўлиб, Иорданияда яшар эканлар. Ҳижобни илк бор йигирма йил аввал, 1983 йилда муслима бўлганларидан кейин кийган эканлар. «Кўчада ҳижобда юраман. Ҳижобдалигимда менинг эркаклар учун гўзал ёки хунуклигимни ҳеч ким кўра олмайди, – дейдилар Карен «IslamOnline» мухбирига. – Мени ўзимнинг ахлоқим ва заковатимга қарабгина баҳолашлари мумкин. Бу имкониятни менга ҳижобим беради. Чунки мен кўзга ташланмайдиган, эркакларнинг эътиборини тортмайдиган либосда камтарона қиёфада бўламан».

«Мен ҳижобда ўзлигимни сақлаб қоламан, ўз фикрим, ўз қарашларимга эга бўламан, – суҳбатга қўшилади Сумайя Финнигэн. – Мен ҳамма нима деса, шуни гапирмайман, ҳамма нима кийса, шуни киймайман, мен қандай либос кийишни ўз эътиқодимдан келиб чиқиб танлайман. Бу эса мен учун мутлақо ҳурриятдир».

1979 йилда Исломни қабул қилган америкалик муслима Билқис Муҳаммаднинг фикри ҳам худди шундай. Унинг айтишича, ҳижоб «Аёлнинг ўзини ҳам, унинг атрофидагиларни ҳам камтарликка, ҳаёли бўлишга ундаб туради». Бугунги кунда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган Билқис хоним қадди-қоматини ҳам, юзини ҳам бегона кўзлардан тўсиб юради ва «Бу нарса атрофдагиларни, айниқса, бегона эркакларни кўзи ва тилини тийиб юришга мажбур қилади, менга бекорчи гап айтишга йўл бермайди» дейди.

Ҳижоб ва хавфсизлик

Иорданияда яшовчи яна бир америкалик аёл – Кари Абудейи ўн икки ёшидан буён Исломда экан. У ҳам «IslamOnline»га интервью беришга рози бўлди. «Мен ҳижобда юрсам, камтарона кийинсам, ўзимни мутлақо хавфсиз сезаман», – дейди у. «Бу мени эркаклардан тўсувчи, уларнинг назарларидан, менга ва менинг номусимга ҳурматсизлик қилишларидан ҳимоя қилувчи пардамдир. Бу парда мени тасодифан кўзи тушиб қолган бегона эркакнинг инстинктив (беихтиёр) синовчан назар ташлашидан, уларда менга нисбатан шаҳвоний майл уйғонишидан, ҳатто очиқ-сочиқ либос кийганларни кўрганда уларнинг фикридан ўтадиган хаёллардан ҳам ҳимоя қила олади».

Кари хоним сўзида давом этиб, шундай дейди: «Бу сенга шилқимлик қиладиган эркаклардан, уларнинг ёнингга келиб олишидан, гап отиб, сенга тикилиб туришидан ва ҳатто қўл теккизишидан ҳимоя қилувчи мустаҳкам зирҳли қалқондир».

Асли лондонлик Финнигэн хоним ҳижоб кийишни «Парвардигоримга итоат рамзи, аёлни жисмоний жиҳатдан ҳам, маънавий жиҳатдан ҳам ҳимоя қилиш» деб ҳисоблайди ва ҳозирги ҳолатини 1999 йилда Исломга кириб, ҳижоб кийгунгача бўлган давр билан қиёслайди. «Баъзан кимдир ортимдан эргашиб келмаяптимикан, деб ҳатто ўз уйимга етиб олгунча қўрққанимдан сал ёпиқроқ кийим кийиб олсам бўлар экан, деб афсусланган пайтларим бўларди. Ҳар куни кечқурун уйга қайтар эканман, менга кимдир ташланиб қолмасмикан, номусимга тажовуз қилиб қолмасмикан, деб ортимга қўрқа-писа қараб келардим», – деб эслайди Финнигэн хоним.

Тўғри, аёлнинг хулқи ёки кийимидан қатъи назар, унга тажовуз қиладиганлар ҳам топилади,– тан олади Билқис хоним. Бироқ унинг фикрича, муслиманинг ҳижоби «кўнгилсиз жисмоний тажовузлардан қўшимча ҳимоядир».

«Ҳижобнинг асосий мақсадларидан бири – аёлни маиший бузуқ кишиларнинг назаридан, шилқимлик қилиб, гап отадиганлардан ҳимоя қилишдир», – дейди ар-Риёддаги ал-Имом университети профессори шайх Риёд ал-Мусаймирий.

«IslamToday» нашрига кўра, баъзи ғарб шарҳловчилари аёлнинг рўмол ўраши унинг ижтимоий мавқеи пастроқлигини тан олишидир, деб ҳисоблайдилар. «Бундан ҳам қаттиқ адашиш мумкинми? Ахир Қуръони каримда бундай либосдан мақсад аёлнинг атрофдагилар томонидан ҳурмат қилинишидадир, деб очиқ-ойдин айтилган-ку! Ҳижоб аёлнинг номидан атрофдагиларга «Мени инсон сифатида ҳурмат қил, шаҳватни қондириш омили сифатида эмас» деб туради, деб ёзади «IslamToday».

Билқис хоним ҳижоб кийишда бир лаҳза ҳам иккиланмаганларини айтадилар. «Менда хавфсизлик муаммоси бўлмаган. Мен бу ҳақда ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаганман», – дейди у. «Бу Аллоҳнинг фарзларини адо қилиш масаласи эди. Мен Исломни қабул қилиб, унинг ярмигагина риоя қилиб, бахтли бўла олмас эдим, ахир. Мен ё муслима бўлиб, шариат аҳкомларига энг тўлиқ тарзда амал қилишим ёки аввалги ҳолимда қолишим керак эди».

«Менинг бу либосим менга ҳам, атрофдагиларга ҳам менинг кимлигимни, ахлоқимни, динимни эслатиб туради, – суҳбатга яна қўшилади Дэниэльсон хоним. – Бу энг олий мақом хавфсизликдир. Бу тафаккур ва соғлом қалбдир. Аллоҳ Таолога ҳамду санолар бўлсин!»

Амель С. Абдуллоҳ – адиба, публицист, таржимон. Саломатлик, фан, технологиялар, маданият, тарих, тилшунослик ва маориф мавзуларидаги 200 дан ортиқ мақола муаллифи

Манба: info.islom.uz

Мавзуга оид мақолалар
Бундан 1441 йил аввал мусулмон оламида оламшумул воқеа бўлиб ўтган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

18:00 / 31.08.2019 5253
Истамбулдаги бошқармаси директори ўринбосарининг Риа Новостига хабар беришича, давлат бу қурилишда давоми...

19:02 / 14.12.2016 2937
ОГОҲ БЎЛАЙЛИКИжтимоий тармоқларда турли номлар билан телеграм каналлари очган ҳурматли ходимлар Ижтимоий давоми...

02:01 / 16.04.2020 5010
Никоҳ ҳақида Қуръони Каримда шундай келтирилган ٣٢ Ўз ораларингиздаги тул эркак ва аёлларни давоми...

12:14 / 02.04.2018 2649