Юртнинг истиқболига бефарқ бўлмайлик
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЮРТНИНГ ИСТИҚБОЛИГА БЕФАРҚ  БЎЛМАЙЛИК

«Сайлов – давлатнинг, халқнинг қиёфаси, сиёсий хоҳиш-иродасини намоён этадиган умуммиллий тадбир». Ислом КАРИМОВ

Аллоҳ таолонинг иродаси экан, юртимиз мустақиллигининг чорак асрлиги нишонланаётган кунларда истиқлолимиз раҳнамоси, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этдилар. Халқимиз бу оғир мусибатни чуқур қайғу билан, кўзда ёш билан, аммо чинакам мусулмонларга хос сабр-матонат билан қарши олди. Юртимиздаги барча масжидларда ғойибона жаноза намозини ўқидик, юртбошимизни юксак иззат-ҳурмат билан сўнгги йўлга кузатиб қўйдик. Бутун дунё аҳли ўзбек халқининг мўмин-мусулмон, вафодор, садоқатли халқ эканини яна бир бор эътироф этди. Бу каби мусибатларнинг бандалар учун буюк синов экани ҳақида Роббимиз шундай марҳамат қилади: «У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди» (Мулк сураси, 2-оят). Шунинг учун мўмин-мусулмон банда бошига тушган бундай мусибатдан эсанкираб қолмаслиги, аксинча, бу дунёнинг ўткинчилиги, ўлим ҳар бир банданинг бошида борлиги ҳақида хулоса чиқариб, ғанимат умрдан имкон қадар хайрли ишлар учун фойдаланиб қолишга интилиши лозим. Шунинг учун ҳам ҳукуматимиз Ўзбекистон Конституциясининг ҳамда бошқа қонуний ҳужжатларнинг тегишли моддаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. Ўзбекистон Президенти сайлови, 2016 йил 4 декабрь, якшанба куни деб белгиланди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг» деб марҳамат қилади (Нисо сураси, 59-оят). Абу Умома (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг видолашув ҳажида хутба қилиб, шундай деганлар: «Аллоҳга тақво қилинглар. Беш вақт намозингизни ўқинглар, Рамазоннинг рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва ишбошингизга итоат этинглар, Роббингизнинг жаннатига кирурсиз» (Имом Термизий ривоят қилган). Кўриб турганимиздек, динимиз мусулмонлар оммаси томонидан сайланган ишбошиларга, яъни раҳбарларга итоат қилишга буюради, бу итоатни Аллоҳ таолога итоат қилиш, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га итоат қилиш қаторида санайди. Оятдаги «ўзингиздан бўлган ишбошилар» деган жумлага эътибор қаратадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бизга ато этган истиқлол неъматининг қадри янада яққол намоён бўлади. Мустақиллик неъмати туфайли бугунги кунда ишбошиларни, яъни раҳбарларни ўз эркимиз, ўз ихтиёримиз билан танлаш, уларни раҳбар лавозимларга сайлаш ҳуқуқига эга бўлдик. Ўтмишимизнинг қора кунларидан маълумки, чор Россияси даврида имомларимиз ҳайит намозларида хутбага «оқпошшо»нинг ўзию аҳли оиласини ҳам қўшиб, уларнинг ҳаққига дуо қилишга мажбур қилинганлар. Мустабид тузум даврида намоз ўқигани, рўза тутгани уёқда турсин, ҳатто ўз ота-онасига жаноза ўқитгани учун маҳкамага тортилган кунларимиз бўлди. Бугунги ҳурриятни, эмин-эркинликни ана шу кунларни кўрганлар, бунинг оғир руҳий изтиробини, маънавий азобини тортганлар билишади. Шундай экан, ўзимиздан бўлган ишбошиларни сайлаш, уларга итоат қилиш ҳам истиқлол неъматининг, бу тинчлик-хотиржам кунларнинг, масжидларга сиғмай ўқилаётган жума, ҳайит, таровеҳ намозларининг, қурилаётган янги-янги масжидларнинг шукрини адо қилиш бўлади. Алҳамдулиллаҳ, бир пайтлар мажлислар мустамлакачиларга қуллуқ қилиш билан бошланган бўлса, бугунги кунда раҳбарларимиз расмий минбарлардаги нутқларини «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» деб бошламоқда, мажлис аҳлини «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ» деб исломий таҳийят билан қарши олмоқда. Бугунги сайлов – юртимизнинг ҳар бир фуқароси, ҳар бир юртдошимиз Ватанимизнинг келажаги, истиқболи учун муносиб номзодни танлайдиган кундир. Шунинг учун бу умумхалқ тадбирига фаол қатнашайлик, оиламиз аъзоларини, қўни-қўшниларимиз, қариндош-уруғларимизни ҳам шунга чақирайлик, лоқайдлик қилмайлик, ёш авлоднинг эртасига бефарқ бўлмайлик. Келинг, Президентлик сайлови халқимизнинг ҳамжиҳатлигини, иноқлигини, уюшқоқлигини намойиш қилсин, бутун дунё ўзбек халқининг нафақат маънавий етуклиги, балки ҳуқуқий онги, сиёсий савияси ва маданияти ҳам ҳеч кимдан кам эмаслигини ҳам кўриб қўйсин. Аллоҳ таоло жонажон Ватанимизни жаннатмакон қилсин, эртага сайланадиган раҳбарларимизга халқнинг, юртнинг равнақини, маънавий ва моддий баркамоллигини таъминлаш йўлида Ўзи мададкор бўлсин, халқимизни ҳам, раҳбарларимизни ҳам Ўзининг розилигини топишга насиб қилсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид мақолалар
     Икки амалиёт бор. Биз уларни Аллоҳнинг Китобида ўқиймиз. Уларнинг бирига Аллоҳ Ўзининг олий Зотини давоми...

11:00 / 23.02.2017 6462
Мусулмон уламолар халқаро уюшмаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жаноблари вафот этишлари муносабати давоми...

23:13 / 02.02.2017 4336
«Навоийдин чу топқайлар навое» китобининг тақдимоти

09:20 / 17.02.2015 5206
УМР ҒАНИМАТДИР, ДЎСТЛАР Эй кўнгил, ғамга ботма, ёмонлардан етган озорга. Эй дилим, ўкинмагил, солсалар алар давоми...

22:18 / 15.03.2017 4749