Қирқ кунлик меҳмон
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазратим, сиздан айрилиқ алами ҳали ҳам унутилмаган…

Ҳар кимнинг алами ҳар хил. Меники ҳам ўзгача. Сизга шогирд бўлиш учун сиздан рухсат тегди, аммо бевосита шогирд бўлиш насиб этмади. Бу алам устига алам қўшади…

Сизни севган, сизни ўзига ўрнак сифатида кўрган азизлар учун бизнинг хонадонимиз меҳмони бўлганингиз ҳақида айтиб берсам, бир кун эмас, қирқ кунлик меҳмонимиз бўлганингиз ҳақида гапириб берсам...

Ҳазратим – қирқ кунлик меҳмоним.

Ҳар йилги Рамазоннинг янада файзли ўтишида Ҳазратнинг Рамазон суҳбатлари ўз ўрнига эга эди. Ҳатто Ҳазратнинг суҳбатларини соғинганимизда, Рамазон келсин, маза қилиб маърузаларини эшитамиз, деб бу ойни интиқлик билан кутар эдик. 2015 йилнинг Рамазон ойи ҳам келди. Лекин бу Рамазон ундай бўлмади.

Ҳазратсиз биринчи Рамазон эди бу Рамазон. Ҳазратсиз илк Рамазон…

Кунларнинг бирида «Facebook»да дўстлардан бири ўз саҳифасида матн ёзишга ёрдам кераклиги ҳақида ёзиб қолди. Бу хабар беихтиёр мени ўзига жалб қилди. Ёзув эгаси билан гаплашдим, қандай ёзув экани ҳақида сўрадим. Жавоб мени жуда хурсанд қилди: Ҳазратнинг 2014 йилги Рамазон суҳбатлари – «Зикр ила қалблар ором топур» номли Рамазон суҳбатлари эди. Ушбу муборак суҳбатларни матн ҳолига келтиришга мамнуният билан рози бўлдим.

Ҳазрат уйимиз меҳмони бўлдилар.

Аёлим бу муборак хизматни бажаришда ёрдам бериши, ҳатто барчасини ўзи қилиши мумкинлигини айтди. Камина кун бўйи ишда бўлишим сабабли  аёлимнинг бу сўзи мени яна ҳам севинтирди.

Шундай қилиб оилам билан ишни бошладик. Аёлим кун бўйи матн кўчирар, мен ишдан уйга келганимда уни биргаликда қайта ўқир, имло хатоларини тузатар эдик. Оят ва ҳадисларнинг матнини топиб, қўлдан келганича тахрижини ҳам қилар эдик. Хулоса қилинадиган бўлса, кунимиз Ҳазратнинг маърузалари билан ўтар эди. Ҳатто таом устида ҳам суҳбат шу мавзуда бўлар эди.

Ҳазратнинг маърузаларидаги дуоларни ёдлаб, ҳаётимизга татбиқ қилар эдик. Айниқса, маърузаларидаги ибратли, ҳикматли сўзлар  ҳеч ҳам оғзимиздан тушмай қолган эди. Куннинг мавзуси Ҳазрат ва у кишининг маърузалари бўлиб қолган эди. Бу бизнинг кичиккина оиламизга шу даражада таъсир қилган эдики, гўё Ҳазрат биз билан яшаётгандай эдилар, гўё Ҳазрат бизнинг оиламизга меҳмонга келгандай эдилар. У кунларнинг файзи-шукуҳини ифода этишга сўз ожизлик қилади.

Қирқ кун деганда маърузаларни ёзиб, енгилгина таҳрир ва тахриж қилдик. Бизда ҳам севинч, ҳам ўкинч бор эди. Биз ожизона хизматимиз билан  Ҳазратнинг меросларига ўз ҳиссамизни қўшганимиз бизни севинтирар эди. Лекин бу муборак маърузани матнга тушириш якунига етган эди…

Ишни тугатган ҳафтамиз Ҳазратни тушда кўрибмиз.

У зотнинг эгниларида гўзал чопон бор эди.

Ҳазрат бизга қараб кулиб турар эдилар.

Ҳазрат биздан хурсанд эдилар.

Бу туш қилган камтарона хизматимиз учун энг гўзал мукофот эканини ҳис қилдик.

Ҳа, шу ўтган қирқ кун Ҳазрат уйимизнинг ҳақиқий меҳмони бўлдилар.

Аллоҳ таолодан у кишини мағфират қилишини, қолдирган меросларини бардавом бўлишини сўраб дуо қиламан.

Ҳазрат уйимизнинг яна кўп бор меҳмони бўлишларини Аллоҳ таолодан илтижо қиламан…

                                                                                                                 Қосим ОДИЛ

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсон наслини пок ва ҳалол йўл билан давом эттириш учун никоҳланишни, оила қуриб яшашни жорий давоми...

09:58 / 23.07.2019 2436
Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг азалий иродаси ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлардан ақл, давоми...

18:45 / 01.12.2016 4260
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Муҳаммад деб ким исм қўйган            Жавоб Расулуллоҳ давоми...

12:25 / 27.11.2017 2984
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Мен, Аллоҳга беҳисоб шукр, яқин йиллардан бери Мuslimаat.uzrdquo, Bintu Sodiqrdquo давоми...

22:04 / 25.11.2023 2986