Байрам муборак, Ватанимиз ҳимоячилари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БАЙРАМ МУБОРАК, ВАТАНИМИЗ ҲИМОЯЧИЛАРИ!

Мустақиллик йилларида юртимизда давом этаётган моддий ва маънавий тараққиёт асосида тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Шу мақсадда 1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Республикамиз Қуролли Кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда Ватан ҳимоячилари куни, деб эълон қилинди. Бундай тадбирларда иштирок этаётган ёш авлод бевосита ҳарбий ҳаёт ҳақида кўникмаларга эга бўлади. Кўрик-танловлар, давра суҳбатлари ва турли мусобақалар, шубҳасиз бўлажак Ватан ҳимоячилари маънавиятларини юқори даражага кўтариб, жисмонан бақувват, ақлан етук ва сергак бўлиб камолотга етишишларида катта аҳамиятга эга.

Мустақил юртимизда ҳукм сураётган тинчликни асраш, унинг қадрига етиш ҳар биримизнинг муҳим бурчимиз бўлиб ҳисобланади. Зеро, тинчлик, омонлик ва хотиржамлик барқарор бўлган юртда барча эртанги кунга ишонч билан қараш, хотиржамлик ила тоат-ибодат, солиҳ амалларни иймон ва ихлос билан адо этади. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимизнинг ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз, Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагидан Ватан ва халқ севгиси маҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар:

«Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ таоло йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди».

Дарҳақиқат, Ватан ҳимоячиси деган нарса энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз ҳар томонлама, жисмоний ҳам маънавий жиҳатлардан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар. Ана шу сифат ва хислатларни эгаллашга ҳаракат қиладилар, зеро улар Ватан ҳимояси ҳаёт-мамот масаласи эканини, уларнинг туриш-турмуши, эл-юрт тақдири шу нуқтада туташишини теран англаб етганлар. Улар, аввало, ўз ота-оналарини, ака-укаларини, опа-сингилларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавму қариндошлари, бир сўз билан айтганда она-Ватанни қўриқламоқдалар.

Бу нарса, айниқса, армия сафида хизматга чақирилган ёш аскарлар учун катта тайёргарлик мактаби ҳамдир. Чунки улар Ватан чегараларини сергаклик билан қўриқлашларида қалблари Ватан муҳаббати, чин имон ва ихлос билан лиммо-лим тўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, шонли Қуролли Кучларимиз сафида йигитлик бурчини адо этиш ҳозирги вақтимизда энг шарафли ва энг масъулиятли бурчга айланди. Армия қўмондонлиги муомаласи ҳам тубдан ўзгарди, энди ёш аскар билан улар ўртасидаги муносабат ўзаро тушуниш, кичикдан итоат, каттадан адолат қилиш тартиб-қоидасига ўтди.

Шавкатли Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилаётган азиз фарзандларимизнинг машқ майдонидаги ҳолатларига бир назар ташлайлик. Улар махсус ҳарбий кийим-бош кийган, қўлида жанговар қурол, олисга сергаклик билан боқади. Шу кайфиятда соатлаб, сергак ҳолда машқларни адо этмоқда.

Инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она-Ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим», – деганлари сийрати набавия китобларида баён этилган.

Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Донолар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она-Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқур билгани сари, юрагида Ватанга садоқат, муҳаббат туйғуси илдиз отиб улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб- ўсган юртга муҳаббат шу қадар юксак бўлади. Муқаддас ҳадиси шарифда «Ватанни севмоқ иймондандир» дейилган. 

Ватан! Бу – авлод-аждодларнинг киндик қони тўкилган муқаддас макон. Ватан! Бу – аждодлар маскани, авлодларнинг бугуни, эртаси! Юрт равнақ топиб, унда халқ тили, тарихи, маданияти, урф-одати, қадриятлари чинакамига шаклланиб, авлодлар ўсиб, камол топиб борадиган заминдир.

Ватан деганда ҳамиша ўзимиз туғилиб-ўсган, кўз очиб кўрган, таълим-тарбия олиб вояга етган, неча-неча авлод-аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади.

Ватан, аслида, арабча сўз бўлиб, она-юрт маъносини англатади. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, «Ўзбекистон – ўзбек халқининг Ватани, муқаддас саждагоҳи».

Ватан она каби муқаддасдир. Ватан инсонга бахт-иқбол берадиган заминдир. Ватан танланмайди. Инсон ҳар қандай шароитда дунёга келар экан, у кўз очиб кўрган макони, қайси масканда, майли, у вайронкор ё кошона, ғариб ё салобатлидир, одамзод учун ўша ер азиз, муқаддас Ватанидир, Абдулла Авлоний айтганидек; «Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакати шу кишининг Ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жондан ортиқ суяр. Биз, туркистонлилар ўз Ватанимизни жондан ортиқ суйганимиз каби, араблар ҳам Арабистонларини, қумлик, иссиқлик чўлларини, эскимослар шимолий тарафлар, энг совуқ қор ва музликларни бошқа ерлардан зиёт севадилар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши, турорлик осон ерларга ўз Ватанларини ташлаб ҳижрат қилур эдилар».

Юқоридаги сўзлардан Ватан инсон учун қанчалар азиз эканлигини билиш мумкин. Зеро, Ватанда инсон азиз, инсонга Ватан муқаддасдир. Ватанни асраб-авайлаш ҳар биримизнинг энг олий бурчимиздир. Ҳар қандай беватан, нобакорлар ўзларининг бузғунчи ғоялари билан, ватангадо, баднафслар танлаган эгри йўллари билан жонажон, кўркам ва улуғ Ватанимизга қадам қўйишларига йўл очиб бермаймиз. Уларга бош эгиб, Ватанимизни, ўзимизни, ўз келажагимизни хўрлатиб қўймаймиз.Чунки бизнинг келажагимиз буюк давлат, ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва кам бўлмагаймиз. Инсон учун Ватан ягонадир, Ватан биттадир. Ватаннинг катта-кичигию, бой-камбағали бўлмайди.

Ватан сотилмайди, уни сотиб олиб ҳам бўлмайди. У бизнинг молимиз эмас. Яъни иймони бут, виждони пок ҳар бир инсон Ватанни севади, уни ғанимлар кўзидан асрайди, унинг яшаши ва яшнаши учун курашади.

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти Ислом Каримов айтганларидай: «Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир». Ватан меҳрини, Ватан сеҳрини, унинг тафтини, мўътабарлигинию улуғворлигини сўз билан таърифлаш қийин. Ҳар бир баркамол инсон Ватан камолоти ва истиқболи, эл-юртнинг омадлилиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто, ширин жонини ҳам аямайди. Бу ҳақида Мавлоно Фузулийнинг: «Менинг битта ҳаётим бор, Бордию, мингта ҳаётимга эга бўлган тақдиримда ҳам, ҳаммасини Ватанимга сарфлаган бўлар эдим», деб айтган сўзлари ҳар биримиз учун бебаҳо ўгитдир. Ватанга садоқатли инсонгина буюк ишларга қодир бўлади.

Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Иймон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукр қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.

Албатта, ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, хавфсизлиги, чегара ҳудудларининг дахлсизлиги ва осойишталигини, аввало, унинг Қуролли Кучлари ҳимоя қилиши зарур.

Мухтасар қилиб айтганда, мустақиллик йилларидап Қуролли Кучларимиз салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавийлаштириш ва ислоҳ қилиш йўлида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар мустақиллигимизни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлиги, осмонимиз мусаффолиги ҳамда эл-юртимиз осойишталигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. «Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир», – деган экан мутафаккирлардан бири.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид мақолалар
1. Ният Каъба томонга юзланиб «Холис Аллоҳ учун фалон намозининг икки уч, тўрт ракаат фарзини суннатини давоми...

06:01 / 30.12.2016 22105
Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу давоми...

14:25 / 15.11.2016 6512
Ўн биринчи кун... Ассаламу алайкум Мана, рамазоннинг ўн куни ўтиб, ўн биринчи кунига ҳам етиб келдик. Иккинчи давоми...

21:53 / 06.06.2017 2798
«Агар сабзини тўғрамасдан, бутунлигича қайнатилса, саратон хасталиги олдини оладиган моддалар унинг ичида давоми...

20:45 / 13.12.2016 4538