Гуноҳлардан халос бўлай десак
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙ ДЕСАК

КИРИШ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, сарвари коинот Муҳаммад мустафога салавотлар бўлсин!

Албатта, Одам боласининг барчаси гуноҳкордир, фақат пайғамбар алайҳимуссаломларни Аллоҳ таоло гуноҳ қилишликдан асраган.

Гуноҳлар эса катта ва кичик (кабира ва сағира) турларга бўлинади. Уламолар бу хусусда бир неча хил фикр айтганлар. Энг кучли ва тўғри фикрга биноан, гуноҳи кабира – ҳадд жазоси(шариатда белгилаб қўйилган жазо)га лойиқ бўлган, дўзахга кириш ёки лаънат ва ғазабга учраш билан огоҳлантирилган гуноҳдир.

Уламоларнинг гуноҳи сағиранинг (кичик гуноҳнинг) таърифи ҳақидаги гаплари ҳам ҳар хил келган. Энг кучли қавлга биноан, гуноҳи сағира – бу дунёда ҳаддга лойиқ бўлмаган, у дунёда дўзах ёки лаънат ва ғазаб ила қўрқитилмаган гуноҳлардир.

Гуноҳи кабираларга ширк, зино, ўғирлик, қотиллик, ота-онага оққ бўлиш, ғийбат каби гуноҳларни мисол келтириш мумкин. Буларнинг барчасидан ҳазир бўлиш лозим. Мободо билиб-билмай гуноҳ содир этиб қўйганда дарҳол тавбага ошиқиш лозим. Катта гуноҳларни фақат тавба билан ювиш мумкин. Яна шу билан бирга эзгу амалларни ҳам кўпайтиришлик керак бўлади.

Меҳрибон Роббимиз ҳақиқий тавба туфайли барча гуноҳларни кечиради. Яна Роббимизнинг раҳмати кенглигидан баъзи амаллар сабаб тавбасиз ҳам кичик гуноҳлар ювилиб кетади. Қуйида биз улардан бир қанчасини келтириб ўтишликка ҳаракат қиламиз. Ҳатто улардан баъзилари катта гуноҳларнинг ҳам ювилишига сабаб бўлади.

ИСЛОМ 

Номусулмон кишининг мусулмон бўлиши билан мусулмон бўлмаган вақтда қилган ишлари ювилиб кетади. Бошқача қилиб айтганда балоғатга етган кишининг номаи аъмолига амаллари ёзилиб бошлангандек, номусулмон бўлган кишининг мусулмон бўлиши билан амал дафтари тоза бўлади.

Ҳудайбия сулҳидан кейинги йилда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобалари билан қазо умрасини адо этиш учун Маккага бордилар. Бу пайтда Холид ибн Валид Маккада йўқ эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг укаси Валид ибн Валиддан:

«Холид қаерда?» деб сўрадилар.

«Уни Аллоҳ олиб келади», деди у.

«Холидга ўхшашлар Исломдан жоҳил бўлмаслар. Агар у мусулмонлар билан бирга бўлиб, ўз шиддатини ва жиддиятини мушрикларга қарши қаратганида, ўзи учун яхши бўлар эди. Биз уни ўзгалардан муқаддам қилган бўлар эдик», дедилар.

Шундан сўнг Валид ибн Валид ўз акасига ушбу мактубни ёзди:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Аммо баъду, мен сенинг ақлингнинг Исломдан бошқа томонга бурилганидан кўра ажабланарлироқ ишни кўрмадим. Сенинг ақлинг ақлмисан-ақлдир. Исломга ўхшаш нарсадан бирор киши бехабар бўлиши мумкин эмас...»

Кейин Валид ўз хатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Холид ҳақида айтган гапларини келтирди ва охирида:

«Эй акажон! Ўзинг ўтказиб юборган фурсатнинг пайида бўл! Сен кўпгина яхши фурсатларни ўтказиб юбординг», деб ёзди.

Укасининг мактубини ўқиган Холид ибн Валид узоқ ўйлади. Унга укасининг гапларида улкан ҳақиқат ётганлиги аён бўлди.

Ўша куни кечаси Холид ибн Валид туш кўрди. У тор ва қурғоқ бир юртда юрган экан. Сўнгра ям-яшил, кенг ва латиф бир юртга бориб қолибди. Холид ибн Валид уйқусидан турганида кўнгли қандайдир оромга тўлган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, Исломга киришга қарор қилди. Холид ибн Валид ўзининг бу фикрини Сафвон ибн Умайя ва Икрима ибн Абу Жаҳлларга айтди. Улар бу фикрни мутлақо қабул қилмадилар. Аммо у умидини узмади ва ўз ходимларига уловни йўлга тайёрлашни амр қилди.

Кейин нима бўлганини Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Холид ибн Валиднинг ўзларидан ривоят қиладилар:

«Мен ўзга бир йўлдош топишга ҳаракат қилдим. Усмон ибн Толҳани учратиб қолиб, унга ўзим ирода қилган нарсани айтдим. У тезда рози бўлди. Иккимиз саҳар пайти нимқоронғида йўлга тушдик. Пасттекисликка чиққанимизда қарасак, Амр ибн Осс келмоқда.

«Марҳабо, эй қавм!» деди у.

«Сенга ҳам марҳабо», дедик.

«Қаёққа кетмоқдасизлар? Сизларни нима йўлга чорлади?» деди.

«Исломга кириш ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш», дедик.

«Мени ҳам шу нарса йўлга чорлади. Мен ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоқни истайман», деди у.

Ҳаммамиз биргалашиб, Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик. 8‑ҳижрий сананинг биринчи Сафар куни эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бизнинг хабаримиз берилди. У Зот шод бўлдилар. Мен яхши кийимларимни кийдим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига равона бўлдим. Йўлда укам кўриб қолди-да:

«Тезроқ бор! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сенинг хабаринг берилди. У Зот келганингдан шод бўлдилар. У киши сизларни кутмоқдалар», деди.

Мен тезлаб юриб кетдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўринганимда у Зот менга қараб, табассум қилдилар. Мен етиб бориб, тўхтадим ва салом бердим. У Зот очиқ юз билан алик олдилар. Мен:

«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва аннака Расулуллоҳи!» дедим.

«Сени ҳидоятга бошлаган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Мен сенинг ақлинг жойидалигини билардим ва у сени яхшиликка бошлашидан умидвор эдим», дедилар у Зот.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг Ҳақни тан олмай, сизга қарши чиққан ҳолларимни биласиз. Аллоҳга мени мағфират қилишини сўраб, дуо қилинг!» дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ислом ўзидан олдинги нарсани ўчириб юборади», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Шундай бўлса ҳам», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим, Холид ибн Валиднинг Сенинг йўлингдан тўсиш учун қилган барча нарсаларини мағфират қилгин!» дедилар.

 

Давоми бор.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Ҳазратларининг китоблари асосида

Ғиёсиддин тайёрлади.

Мавзуга оид мақолалар
39 « ». . Ўттиз тўққизинчи ҳадис Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

14:41 / 08.06.2018 4042
Меҳмонга бориш одоблари қандай Сизни меҳмонга чақирган инсон бахтиёр бўлиши, сизнинг зиёратингиз шодлик ва давоми...

19:04 / 21.06.2019 3264
      Биз шу даражада ўзимизга эрк бериб, ўзимиздан кетганмизки, Аллоҳдан сўраяпман, лекин бўлмаяпти деймиз. давоми...

11:04 / 21.04.2017 4457
gallery linkfile columns4 ids25971,25972,25973,25974,25976 Bintu Sodiq МУСОБАҚА ЯКУНЛАНДИ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Жорий йилнинг 26 давоми...

10:45 / 01.03.2017 5161